Чеченистон президенти Рамзан Қодиров Президент Шавкат Мирзиёевни туғилган куни билан табриклади ва ўзининг «В Контакте» ижтимоий тармоғидаги саҳифасида видеоролик эълон қилди.
«Чеченистон ва Ўзбекистон ўртасида илиқ ва дўстона муносабатлар шаклланган. Бу муносабатлар Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларининг руҳига тўла мос келади. Ўтган йилнинг кузида Ўзбекистонга ташриф буюриб, мамлакат етакчиси Шавкат Миромонович, ҳукумат раҳбарлари, Самарқанд ва Бухоро вилоятлари ҳокимлари билан учрашганман, корхоналар ва ҳар қандай мусулмон киши учун муқаддас бўлган жойларга борганман», — деб ёзган Қодиров.
Чеченистон раҳбарининг сўзларига қараганда, Мирзиёев билан мулоқот чоғида у Ўзбекистонда катта ўзгаришлар кутилаётганини ҳис қилган.
«Ўтган давр бу башоратларнинг асосли бўлганини исботлади. Мен Шавкат Миромоновични туғилган куни билан чин дилдан табриклайман, мустаҳкам соғлиқ тилайман. Шунингдек, Ўзбекистонга тинчлик, барқарорлик ва равнақ тилаб қоламан».
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг октябр ойида Рамзан Қодиров Ўзбекистонга ташриф буюрганди.