Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Риштон-Сўх йўлагининг сўхликлар учун ёпилишига ЕОИИни рўкач қилиши қай даражада тўғри?
15.06.2020 19:56,  
1473

Ўзбекистон қўшнилари билан ‘zero-problem’га асосланган яхши қўшничилик сиёсатини фаол юритишга ҳаракат қилмоқда. Шундай бўлсада, бир неча муаммолар қаторида Қирғизистон Республикаси ҳудудида жойлашган Ўзбекистонга тегишли Шоҳимардон ва Сўх ҳудудлари бўйича икки томоннинг асабларини ўйнайдиган муаммолар тўхтаганича йўқ.

Соҳа мутаҳассисларининг фикрича, масаланинг ечими ўта мураккаб бўлиб, уни ечишга оид Ўзбекистон ҳукумати таклиф қилмаган ечим қолмаган, аммо, ҳали ҳамон масала тўлиқ ҳал бўлмаган. Шу сабабли ҳам, айтиш мумкинки, бизнинг энг  бош оғриқ чегара чизиқларимиз бу - қирғиз-ўзбек чегарасидан ўтади.

Сўх ва Шоҳимардонга бориб-келишнинг қийинлиги туфайли ушбу эксклав районларимиз маълум даражада иқтисидой қамални бошидан кечирмоқда. Чунки, нафақат товар ва хизматлар, балки, инсонларнинг ҳам бориб-келишлари қийинлашган бундай шароитда катта туризм ва қишлоқ хўжалиги салоҳиятига эга бўлган бу икки ҳудуд қашшоқлигича қолмоқда.

Kun.uz‘нинг 2018 даги текшируви ҳам муаммони аниқ кўрсатган.  

Бироқ, 80 минг аҳолимизни қийнаб келаётган катта муаммо бор. Бу ҳам бўлса Ўзбекистонга, вилоятимиз марказига ўтиб-келиш муаммоси. Фарғонага бориш учун Сўхдан иккита йўл бор. Бири Риштон, иккинчиси Водил орқали. Бири яқин, бири йироқ йўл. Хабарингиз бўлса, беш-тўрт йилдан бери фақат бир томондан қатнаб келяпмиз.  Бошланишида яхши эди. Кейин ўзгарди. Қўшни давлатнинг чегарасига гапимиз ўтмайди. Чегарадан ўтувчилар сарсон бўлиб узоқ вақт туради. У ердагилар на ёшни ёш, қарини қари дейишади. 50-60 километр турли қийинчилик ва муаммолар билан Қирғизистон ҳудудидан ўтамиз.

Бизга йўлдош бўлган сўхлик йигит қўшни давлат чегарачиларининг ўтиш чоғида ҳар бир кишидан 5 минг сўм, автомашина эгаларидан 200 минг сўм, юки билан ўтадиган юк машиналаридан 2 миллион сўмгача пул олишларини айтиб келди. “Илтимос, чегарадан ўтиш азоби, соатлаб навбат туриш ҳақида албатта ёзинглар. Ака, мақолангиз чиқса Сўх муаммолари ҳал бўлармикан?”, дейди йигит.

Қадамжой туманидан Сўхгача бўлган 70 километр йўл транзит. Йўловчи зарурият бўлса ҳам тўхтамай ҳаракатланишга мажбур. Мутасаддилар икки вилоят халқи ўртасида маданий-маърифий тадбирларни кўпайтиришса мақсадга мувофиқ бўларди. Риштон томонидан ўтиш учун бошқа йўл бор. У йўлда қўшни давлат аҳоли пункти кам. Жуда яқин йўл. Нари борса 6-7 километр Қирғизистон еридан ўтилади холос. Негадир икки ҳукумат ўртасида мазкур масала ижобий ҳал бўлмаяпти. Раҳбарларимиздан шу муаммони тезроқ ҳал қилиб беришларини кутяпмиз.

Йўлнинг очилиши Сўхнинг ривожланишига жуда катта таъсир қилади. Инвестиция киради. Етиштирилган мева, сабзавотларни экспортига катта имконият туғилади. Халқимиз жуда меҳнаткаш. Бизга Риштон тарафдаги йўлнинг ишга тушиши жуда-жуда зарур”,

«Тўрт чегара постидан ўтиб...». Сўх анклавининг иккита катта муаммоси (2-қисм)

2020 йил 31 май куни Чашма булоқ суви юзасидан вужудга келган муаммо ҳам шунинг бир кўриниши.

Анклавларимиздаги муаммонинг негизи – сув, ўтлоқ ва транзит ўтишга оид ҳуқуқ масалаларидир. Чегара масаласида делимитация ва демаркация ишлари тўлиқ ҳал этилмагунига қадар икки давлатнинг шу ҳудудда яшовчи фуқаролари ўз ҳудудларидаги мавжуд табиий бойликларни ҳимоя қилишлари жуда ҳам табиий бир ҳолатдир. Шундай экан, шу пайтгача чегараларнинг белгиланиши ва чегара тортиш ишларига қўшимча равишда ҳали ҳам белгиланмаган 5% лик ўзбек-қирғиз чегара масаласини ҳал этиш менимча Ташқи Ишлар Вазирлигимиз (ТИВ) олдидаги энг катта масалалардан бири.

Ўрта Осиёдаги анклав ҳудудлар

Анклав

Давлат

Жойлашган давлат

майдони

Барак

Қирғизистон

Ўзбекистон

2.07 км2

Чўнғара

Ўзбекистон

Қирғизистон

3 км2

Жангил

Ўзбекистон

Қирғизистон

0.8 км2

Сарвак

Тожикистон

Ўзбекистон

8.4 км2

Шоҳимардон

Ўзбекистон

Қирғизистон

38.2 км2

Сўх

Ўзбекистон

Қирғизистон

234 км2

Ворух

Тожикистон

Қирғизистон

96.7 км2

Қайрағоч

Тожикистон

Қирғизистон

0.88 км2

Бу мақолада мавжуд муаммолар орасидаги транзит ҳуқуқи масаласига тўхталаман. Бизни Қирғизистон ҳудудида Сўх, Шоҳимардон, Чўнғара ва Жангил номли 4 та анклав ҳудудларимиз бор. Ушбу ҳудудлар Қиргизистон томонидан тўлиқ ўралгани учун уларга бизни ҳудудларимиз анклав ҳисобланса, ўзга давлат ҳудуди томонидан ўралиб, юртимизнинг асосий қисмидан ажралиб тургани учун бизга бу ҳудудларимиз эксклав ҳисобланади. Бу масаланинг географик томони.

Кичик бир мулоҳаза: анклав сўзи 2008 йилда нашр қилинган Ўзбек тилининг изоҳли луғатида ва 2007 йилда чоп этиган Ўзбекистон миллий энциклопедиясида ҳам учрамади, унда биз Сўх ва Шоҳимардонни қандай ҳудуд деб атаймиз?

Муаммога қайтсак: Сўх ва Шоҳимардон анклав ҳудудларидаги фуқароларимизни қийнаётган энг катта бош оғриқларидан бири шубҳасиз – ўша ҳудудларимизга қирғизлар яшайдиган жойлардан кириб-чиқишдир.

- Гўзалликда бетакрор ушбу районларимизга кириб чиқилишида фуқароларимизга Қирғизистон ҳарбийлари томонидан ўта қўпол муносабат қилиниши,

- Очиқдан очиқ пора сўралиши – ўтишнинг норасмий бўлсада пуллик эканлиги,

- Транзит ҳудудида кетаётган пайтда фуқароларимизга нисбатан куч ишлатиш,

- Зарур эҳтиёжлар учун тўхташга рухсат бермаслик,

- Боткен вилояти ичида ҳаракатланаётган фуқароларимизга қароқчилик-рэкет усули билан ʼўлпонʼ солиниши,

- Аҳолига олдиндан огоҳлантириш бермасдан йўлларни ёпиб қўйиш,

- Ўзбекистондан Сўхга олиб борадиган йўлнинг энг қийинидан фойдалантириш,

- Транзит ўтиши пайтида чегара ҳудудларида узоқ муддат куттириш,

- Ва буларнинг ҳаммасини била туриб, марказий Қирғиз ҳукуматининг узоқ муддат буни кўрмаганликка олиб келиши – буларнинг ҳаммаси ҳам маҳаллий аҳолимиз томонидан, ҳам расмийларимиз томонидан жуда яхши ҳужжатлаштирилган. Бундай муаммоларнинг борлигини юртимизда хизмат кўрсатган журналист ва ҳозирда Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати спикери Муҳаммаджон Обидовнинг куни кеча Озодлик радиосига берган интервьюси ва айнан шу журналистимизнинг 2017 йил июль ойида Шоҳимардонга қилган машаққатли сафари ҳақидаги мақоласи ҳам буни яққол исботлайди.

Аслида, 2019 йил август ойи охирида Фарғона вилоятининг қўшни Қирғизистон Республикаси билан чегарадош барча назорат-текширув постлари очилганди. Жумладан, 30 август куни узоқ кутилган Риштон-Сўх пости ҳам шу куни очилганди. Аммо бир кун ўтиб йўл яна ёпилганди. Ҳозирда аҳоли Фарғона вилояти Фарғона тумани Водил қишлоғидан Қирғизистоннинг Боткент вилояти Қадамжой тумани орқали Сўхга бориб келишади. Ва бу йўл Риштон-Сўх йўлидан камида 5 баробар узоқ ва ноқулай ҳисобланади.

2020 йилнинг февралида Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов Риштон-Сўх йўли ёпиқлигини Қирғизистон ЕОИИ аъзоси бўлгани учун уларда савдо режими бошқачароқлиги билан изоҳлаганди. Бош вазир билан тарихий учрашувда сўхлик фуқаролар чегарадаги муаммолардан шикоят қилиб, Сўх ва Фарғона водийсини боғловчи йўлак (Яйпанга) қилиб беришни сўраган. Бош вазир бунга жавобан биринчи навбатда Риштон-Сўх йўлини очиш масаласи кўриб чиқилиши, ундан кейин Яйпанга йўлак очиш масаласи ўйлаб кўрилишини айтган.

Хўш, шундай экан, қирғиз қўшниларимизнинг Риштон-Сўх йўлини ёпиб қўйганлиги ва аҳолимизга зарар келтирувчи хатти-ҳаракатлари халқаро ҳуқуқий нормалар томонидан қандай изоҳланади? Авваламбор, Қирғизистонни биз суверен мустақил давлат дея тан олганмиз. 1996 йил 24 декабрда Абадий дўстлик тўғрисида шартнома ҳам имзоланган. Бундан ташқари, 2017 йил 5 сентябрда Чегара вакиллари фаолияти тўғрисида, 2018 йил 6 февралда эса чегара ҳудудида ишонч чоралари бўйича Битим кучга кирган (Кичик мулоҳаза: Аммо, бу битим ҳеч қаерда очилмаган ва уни топиб ўқиш оддий инсонлар учун ҳозирча имконсиз. Энг камида интернет нашрларида уни чоп этмаганмиз.). Шунга қарамай, Сўх ва Шоҳимардондаги фуқароларимизнинг қирғиз қўшниларимиздан чеккан жафолари тугамаяпти.

Лекин, камина тўхталмоқчи бўлган муаммо - бош вазир Абдулла Орипов Сўхга борганида айтганидек, Евросиё Иқтисодий Иттифоқи (ЕОИИ) талаблари туфайли қирғизлар томондан Сўх-Риштон йўлининг очилганидан 2 кун ўтмасданоқ беркитилишини халқаро ҳуқуқий нормалар оқлайдими? Қирғизистон томонининг ЕОИИ сабабидан бизнинг эксклавларимиз орасидаги йўлни вақтинчалик ёпиб қўйишга ҳақи борми?

Юқорида айтганимдек, суверен давлат сифатида Қирғиз эли ўз ҳудуди ичида ўзлари қарор қабул қила оладилар ва бошқа давлатларнинг уларнинг ички ишларига аралашишига имкон берилмайди. Буни давлатларнинг суверенитетини ҳурмат қилиш ва ички ишларига аралашмасликка оид халқаро ҳуқуқий мезонлар ҳам алоҳида таъкидлайди.

Бироқ, анклав масалалари ҳам борлигини инобатга олиб, Англо-саксон, Контитентал ва Рим ҳуқуқи каби дунёнинг тарихий ва ҳозирдаги ҳуқуқ тизимлари тан олган сервитуд тизими анклавларга ҳам тадбиқ этилади. Яъни, умумий маънода анклав ҳолатига тушиб қолган ҳудудлар ўзлари тегишли бўлган давлатнинг асосий ҳудуди билан боғланиш ва алоқа қила олиш ҳуқуқларига эгадирлар. Буни халқаро ҳуқуқда халқаро сервитуд ҳуқуқи дейилади. Бироқ бу ерда тортишув ҳам йўқ эмас. Шуниси аниқки, анклавлар масаласи ўша икки давлат ўртасида шаклланиб келган регионал одат ва икки томонлама шартномага кўра амалга оширилади (Linda Pike, ‘Enclaves,’ pp 143-145, Encyclopedia of Disputes Installment 10,  Publisher Elsevier, 1988).

Қирғизистон ичида жойлашган эксклав ҳудудларимиз бўйича алоҳида регионал одат шаклланган деб бемалол айтиш мумкин, аммо, айнан  анклавлар масаласини тўғридан тўғри тартибга солувчи Битим ҳозирча мавжуд эмас.

Демак, Сўх ва Шохимардон каби бизнинг эксклав ҳудудларимиз аҳолиси респибликамизнинг асосий ҳудудига бемалол кириб келиш ва қайтиш ҳуқуқларига эга бўлиб, Қирғизистон давлати бундай фаолиятни тўсиши, қийинлаштириши ёки тўсиқлар қўйиши мумкин эмас (Farran, C. (1955). International Enclaves and the Question of State Servitudes. International and Comparative Law Quarterly, 4(2), 294-307, 304-305).

Албатта, корона вируси каби Қирғизистондаги соғлиқни сақлаш ёки террорчиларга қарши курашиш каби осойишталикни қўриқлашга оид масалаларда Қирғизистон бир томонлама ҳаракатларни чекловчи тақиқлар қўйиши мумкин бўлсада, бундай чора-тадбирлар Ўзбекистон билан келишилиши, мумкин қадар олдиндан огоҳлантиришга асосланиши ва албатта объектив сабабларга асослантирилган чоралар бўлиши талаб этилади. Анклавларга кириш ва чиқиш эркинлиги масаласи деярли барча номдор халқаро ҳуқуқ китобларида ҳам қайд этилган (Robert, Jennings, and Watts Arthur. "Oppenheim’s International law." Parts 2-4, pp.673-674, (1992); Clapham, Andrew. Brierly's Law of Nations: An Introduction to the Role of International Law in International Relations. OUP Oxford, pp.184-188, 2012; Crawford, James. Brownlie's principles of public international law. Oxford University Press, USA, pp.328, 2019).

Ва ҳатто Ҳиндистон ва Португалия ўртасида юз берган 1956 йилдаги БМТ Халқаро Судидаги низода ҳам Португалиянинг Ҳинд ярим ороли ҳудудларидаги анклав оролларига кириб-чиқишга рухсат берилган (Right of Passage over Indian Territory, Portugal v India, Merits, Judgment, [1960] ICJ Rep 6, ICGJ 174 (ICJ 1960), 12th April 1960, International Court of Justice [ICJ]. Date: 12 April 1960).

Бошқа томондан эса, маҳсулот ва хизматларни олиб кириш ва олиб чиқиш бўйича, шунингдек, қуролли кучларни жойлаштириш бўйича халқаро ҳуқуқда ноаниқ жойлар ҳам мавжуд бўлиб, буни икки давлат ўзаро келишиб ҳал этишлари лозим. Қирғизистон давлатининг шу пайтгача товар ва хизматлар кирди-чиқдисига қаршилик қилмаганини инобатга олган ҳолда, бу соҳаларда ҳам регионал одат ҳуқуқи шаклланган дея оламиз.   

Бироқ, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ўринбосарининг 2020 йил февраль ойидаги ва Бош Вазир сўзларига кўра, ЕОИИга аъзолиги туфайли Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги турлича савдо ва божхона режими туфайли Сўх-Риштон йўлаги Сўхдаги фуқароларимиз учун очилмаяпти. Фақат бундай иддао бир неча саволларни келтириб чиқаради:

1) Қизиғи шундаки, Ўзбекистон ЕОИИ га аъзо эмас ва ЕОИИ ҳужжатлари юртимиз учун ҳеч қандай мажбуриятларни бир томонлама  юклай олмайди. Шундай экан, қандай қилиб Қиргизистон ўзи аъзо бўлган ташкилот талабларини рўкач қилиб, Сўх анклавидаги фуқароларимизнинг асосий ҳудудимиз билан боғланишларига тўсқинлик қилишлари мумкин? 

2) Агар энг яқин йўл бўлган Сўх-Яйпан коридорини очишга қўшниларимиз рози бўлишмаса, Сўх-Риштон йўли ҳам ЕОИИ сабабидан беркитилган бўлса, унда бизни сўхлик фуқароларимиз иқтисодий ва сиёсий қамалда яшашаётган эканда?

Биринчи саволга жавоб ўлароқ, айтиш мумкинки, ЕОИИ давлатимиз розилигисиз бизга ҳеч қандай мажбуриятларни юклай олмайди. 1969 йилда қабул қилинган Халқаро шартномалар ҳуқуқи тўғрисидаги Вена конвенцияси кўра, икки ёки кўптомонлама тузилган халқаро битимлар фақат битимга қўшилган тарафларнигина қамраб олади ва учинчи давлатларга уларни розилигисиз мажбурият юклай олмайди. Бундай ҳуқуқий норма 1996 йилдаги Абадий дўстликка оид Битимнинг 19-моддасида ҳам мустаҳкамлаб қўйилган. Шундай бўлсада, қирғизлар ЕОИИнинг мавжуд талабларини бажаришга мажбурдирлар, аммо уларни бажаришда Ўзбекистон фуқароларининг манфаатларини бузмаслик шарт қилинади. Қирғизистон расмийларига кўра, ЕОИИнинг ветеринария ва фитосанитария хавфсизлиги чораларига риоя этиш муаммолари ҳал этилмас экан, Сўх-Риштон йўли очилмайди.

Бунда албатта, Ўзбекистон томони ҳам қўшниларимизнинг халқаро ҳуқуқий мажбуриятларини инобатга олиши лозим. Аммо, қиргизларнинг Бош вазир ўринбосари хато равишда даъво қилганидек, бу масала ЕОИИ регламенти доирасида ҳал этилмайди. Чунки, юртимиз унга аъзо ҳам эмас ва бошқа жойларда ҳам янграганидек, Сўх-Риштон йўли очилиши шарти сифатида Ўзбекистоннинг ЕОИИга кириш шарти қўйилиши ҳам умуман мумкин эмас. Буни қирғиз қўшниларимиз яхшилаб тушуниб олишлари даркор.

1-саволга жавобни якунлайдиган бўлсам, гарчи Қирғизистон ЕОИИ шартларини бажариши керак бўлсада, уларни бажариш сўхлик фуқароларимиз ҳуқуқларини бузадиган тарзда бўлмаслиги лозим. Яъни, ЕОИИ шартларининг қирғизлар томонидан бажарилиши Сўх-Риштон йўлагининг очилишини кечиктирмаслиги керак.

Бошқа томондан эса, агар сўхликларнинг кирб-чиқишини ЕОИИ савдо режимига мослаштириш лозим бўлса ва Сўх-Риштон йўлагини очиш катта муаммолар туғдирса, унда қирғиз томони бизга савдо режимини мослаштириш бўйича аниқ талаб ва таклифларни айтиши керак. Аммо, шахсан мен бундай аниқ талаб қўйилганлигига оид хабарни эшитмадим.  

2-саволга жавобдан ҳам кўра саволлар кўпроқ. Агар Риштон-Сўх йўлаги ЕОИИ шартларини бажариш учун ёпилган бўлса, унда сўхлик ватандошларимиз қандай қилиб асосий ҳудудимиз билан алоқа қилишяпти? Қайси йўлдан қатнашяпти? Ва бунда ЕОИИ масаласи муаммо бўлгани йўқми?  Агар Сўх-Риштон йўлаги очилишига ЕОИИ шартлари қаршилик қилаётган бўлса, унда нега Водил-Сўх йўлаги ҳамон ишламоқда? Демак, Водил-Сўх йўналишида ЕОИИ талаблари бажарилиб, Сўх-Риштон йўлагида бажарилмаган эканда? Буни менимча, ТИВ халқимизга тўлиқ ва тушуниш осон шаклда тушунтириб бериши керак.

Таҳлил

Энг кўп зарар кўрувчи — Ўзбекистон фуқаролари

Фарғона водийсидаги анклавлар юзасидан Ўзбекистон – Қирғизистон ўртасида тез-тез муаммолар чиқиб туради. Эътиборимни тортган нарса шу бўлдики, ушбу низоларнинг аксарият қисмида асосий жабрланивчилар бу – анклав ҳудудида яшовчи Ўзбекистон фуқароларидир. Хатто, 2020 йил 31 май кунги Чашма масаласида Сўхдаги чегарамизда юз берган ҳолат бўйича ҳам Ўзбекистон томонидан 187 нафар инсон яраланган бўлса, қирғизлардан эса атига 25 нафар инсон яраланган. Ҳатто, бизнинг фуқароларга нисбатан қурол ишлатилганлигига оид хабарлар ҳам мавжуд. Ёниб кетган учта уй ҳам Ўзбекистон фуқаролариники. Шундай экан, асосий зарарни Ўзбекистон фуқаролари кўрган. Уларнинг кўрган зарарларини эса бизнинг ҳукумат қопламоқда.

Қизиқ савол тугилади, нега?? Нега қирғзлар компенсация тўламаяпти? Демак, куч ишлатишнинг асосий объекти Ўзбекистон томони бўлган: нега қирғизлар бу зарарни тўлаб бермаяпти? Ахир биз олдин келиб чиққан шунга ўхшаш низоларда уларнинг зарарларини қоплаб бергандикку? (T.Jack Rowe, Problematic Puzzle Pieces: Enclaves and Conflict in the. Ferghana Valley. 341-365, in Adams, Laura, et al. Central Asia in the Era of Sovereignty: The Return of Tamerlane?. Lexington Books, 2018).

Қирғизистоннинг марказий ва маҳаллий бошқарувини тўғри тушуниш

Агар Қирғизистон билан бир қанча икки томонлама битимларимиз бор экан, унда нега ҳали-ҳамон муаммо ечилганича йўқ? Бунинг турлича изоҳи бўлиши мумкин, аммо, усбу муаммони ўрганиш жараёнида қуйидагича хулосага келишга мажбур бўлдим: Қирғиз давлатчилигининг заифлиги. Чунки, ҳукумат заиф бўлса, унинг ишларини маҳаллий халқ бажаришга ўтади. Қирғизларда эса ўз ҳудудимни ҳимоя қилишим керак деган фикр маҳаллий фуқароларда қўшни Тожикистон ва Ўзбекистонга қараганда жуда ҳам кучли кўринади. Шу билан бирга, қирғиз қўшниларимиз ўз давлатлари тузган халқаро битимга бошида ҳурмат билан қараса ҳам у кўпга чўзилмайди ва амалда қўлланмайди. Яъни, маҳаллий ҳалқ марказий ҳукумат буйруқларини очиқдан очиқ ёки энг камида амалиётда инкор қилаверади. Бу эса ўз навбатида юртимиз юритаётган яхши қўшничилик дипломатиясининг қўшни қирғиз миллати билан биз кутган натижаларни тўлиқ бермаслигини кўрсатади. Афсус билан қайд этиш керакки, шу пайтгача амалга оширилган сиёсий-дипломатик йўллар орқали ечим беришнинг қирғизлар борасида баъзи етишмовчилиги яққол кўринмоқда. Бу борада ҳамюртимиз, таниқли сиёсатшунос олим Камолиддин Раббимовнинг изоҳлари жуда ҳам ўринли:

Қирғизистон - бошқа давлат. Биз улар билан дипломатия қилаяпмиз, Мирзиёев келиши билан улар билан кучли муроса сиёсатини бошлади. Лекин, бу ҳам доим ишламаслиги мумкин… Қирғизистонга нисбатан дипломатия ишлаши қийин. Чунки бу давлат - заиф давлат, уни марказий ҳукумати минтақаларни, жамиятдаги аҳолини назорат қила олмайди. Улар ўзларини демократия дейишади, лекин, аслида анархияга яқинроқ - заиф давлат. Шунинг учун, ҳукумат билан келишаверишади, жойларда эса одамлар ҳамма ёқни бузиб ташлайверишади...

Эътибордан четда қолган Сўхликлар

Бошқа томондан, Сўх ва Шоҳимардон туманларимизнинг ўта узоқ муддат давомида кўздан қочирилиши ва марказий ҳукумат томонидан етарли эътибор берилмаганлиги ҳам – "патинкасини ялайман" феноменини келтириб чиқармоқда. 2017 йилда бошланган ҳалқ билан мулоқот доимо давом этиши керак эди. Биз ҳалқимиз муаммоларини бу даражада кўздан қочирмаслигимиз лозим экан. Энди эса ундан ҳулосалар чиқарган ҳолда, миллатимиз қаерда бўлса ҳам унга соҳиб чиқишни ўрганишимиз лозим. Президент айтганидек, "муаммо қайта чиқмайдиган тарзда" масаланинг ечими – ҳозирда жуда ҳам долзарб. Шу манода, давлат раҳбарларининг Ҳукуматлараро қўшма комиссияси ҳамда чегарадош вилоятлар маъмуриятлари раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисларини ўтказиш таклифи қўллаб-қувватлаши ижобий бир қадам. Фақат ҳаммаси қўлга киритиладиган натижага қаралади.

Натижа ўлароқ Қирғизистон томонидан халқаро ҳуқуқнинг қўпол бузилиши

Кўриниб турибдики, қирғизлар Ўзбекистон билан тузилган битимларга амал қилишгани йўқ. Айниқса, Абадий дўстликка оид 1996 йил Битимининг 1-моддасида такидланган, "ўзаро фойда принципларини ҳурмат қилиш асосида муносабатларни фаол ривожлантириш" ва  9-моддасида такидланган "товарлар ва хизматлар транзити соҳасидаги ҳамкорликни қулай ва ўзаро фойдали шартларда амалга ошириш"га оид халқаро мажбуриятлар қўшниларимиз томонидан қўпол шаклда бузилаётганлигига гувоҳ бўляпмиз.  Муаммо шундаки, гарчи марказий қирғиз ҳукумати яхши ваъдаларни берса ҳам, қўшнимизда маҳаллий аҳоли томонидан марказий ҳукуматни менсимаслик ва қоидаларни ўз кучлари билан жорий этиш каби маданий давлатга ярашмайдиган ҳолат тез-тез учраб туради. Қирғиз томонининг махсус хизматларининг аҳолимизга норасмий "ўлпон" солиши,  қирғиз махсус хизматларида ишлайдиган масъулларда юксак маданият ва юксак онгнинг етишмаслиги,  йўлларда асоссиз тўхтатишлар, маҳаллий аҳолига Ўзбекистон фуқароларини тошбўрон қилдириш натижасида Сўх аҳолимизни зада қилишлари шунинг бир мисоли, холос.

Ечимлар борми?  

Анклав ҳудудларимизни Қирғизистон билан алмаштириш

Шубҳа йўқки, Ўрта Осиё ҳали-ҳамон Совет даврида қолдириб кетилган муаммолар азобини чекмоқда ва бундан қутулиш осон эмасга ўхшамоқда. Аслида масаланинг энг қулай ечими, худди Ҳиндистон ва Бангладеш ҳукуматлари 2015 йилда келишганларидек, оз ҳудудларидаги анклавларни бир-бирлари алмаштириш ёки бир қисм ерларидан воз кечиш (land swap) ҳисобига чегараларни оптималлаштириш ҳисобланади. Бироқ, мавжуд 4 та анклав ҳудудларидан айниқса иккитаси,  Шоҳимардон ва Сўхни айирбошлаш мумкин эмас. Бу ҳудудлар ҳам аҳоли жиҳатидан, ҳам маданий мерос жиҳатидан айирбошлаш учун жуда катталик қилади.

Сўх-Яйпан йўлагидан жой олиш

Бош вазир борган пайтида ажойиб таклиф бўлди: Сўх туманини Яйпан (Ўзбекистон) тумани билан туташтириш масаласи. Чунки, у жой Сўх учун энг яқин ҳисобланади. Лекин, бу борада 2001 йилгача икки томон ўртасида бўлган музокаралар самарали натижа бермаган, қирғиз қўшиниларимиз биз томонидан берилган узунлиги 17 километр, энига эса 1 километрлик йўлни беришни рад этишган ва ундан кейин бу таклифга бошқа қайтилмаган.

Сабаби оддий: агар бундай йўл Ўзбекистон томонига тақдим этилса, Боткен вилояти Боткен ва Лайлак туманлари аҳолиси Қирғизистон учун ҳам қисман эксклав ҳудудига айланиб қолади. Шу сабабли, қирғиз қўшниларимизнинг бу ечимга қатъий қаршилик кўрсатишларини тушуниш мумкин. Нима бўлганда ҳам, Сўхдан Яйпангача бир транзит йўлагини алмашишга оид масалада қирғиз раҳбар ва сиёсатчилар аллақачон бир қарорга келган кўринади. Биз бошқа йўлларни излаб кўришимиз керакка ўхшайди.

Риштон-Сўх коридорини яна қайта тиклаш

2019 сайловолди кампанияси пайтида кўтарилган битим масаласи: гарчи ТИВ вакилимиз жуда яхши фикрни айтган бўлсада, аммо, ундан кейин Қирғизистон томони бундай масала – ЕОИИ шартларига амал қилиш масаласи Ўзбекистон томонидан келмаганлигини айтди. Нега раҳбарларимиз ҳали ҳам ушбу битимни қирғизлар билан ечмаяпти? Уларни бундан нима тўсяпти? Ёки бунга Қирғизлар кўнмаяптими? Ўзбекистон фуқароларини 40-50 километр сарсон қилишдан қиргизларга нима наф? Барибир Водил-Сўх йўли ишлаяптику, унда Риштон-Сўх йўли ҳам очилсин? 80 мингдан зиёд сўхлик аҳолимиз нега бундай кечиктириш азобини чекиши ва иқтисодий қамалда қолиши лозим? 

Хўш, унда қирғизларнинг ЕОИИга мослаштириш учун Ўзбекистон ушбу анклав ҳудудлар учун қандай савдо режимини жорий этиши керак? Гап шунда! Бунда Ўзбекистон томони нима таклиф билан чиққану, қирғизлар бунга нима дейишган? Мана шу масала ҳали ҳамон ёпиқлигича қолмоқда. Гарчи, баъзилар томонидан Фарғона вилояти марказига бориш учун Риштон-Сўх йўли ва Водил-Сўх йўлининг масофаси деярли тенг дейилса ҳам, Риштон-Сўх йўлида сўхликлар тезда юртимиз ҳудудига кириб олишади ва яхши таъмирланган йўлларда эмин-эркин ҳаракат қилишлари мумкин. Водил-Сўх йўлида эса жуда ҳам ноқулай вазиятларда осон бўлмаган йўлдан узоқ муддат юриш талаб этилади. Қайсиниси осонлиги ҳаммага бирдек аён.

Қирғизистон томонидан халқаро мажбуриятларга тўлиқ амал қилинишини таминлайдиган тизим ўрнатиш: анклав ҳудудларимизга оид кенг қамровли Битим тузиш

Қирғизистоннинг ичидаги ўзига ҳос бошқарув ҳолатини инобатга олган ҳолда параллель ёндашув талаб этилади. Ҳам марказий ҳукумат билан ишлаш билан бир қаторда, маҳаллий қирғиз ҳалқи ва масъул шахслари томонидан эксклав ҳудудимиздаги аҳолимиз ҳақ-ҳуқуқлари поймол этилмайдиган ҳимоя тизимини шакллантириш керак. Гап бу ерда процедуралари аниқ шакллантириладиган ва шаффоф бўлган чегарадан отиш тизими ҳақида кетяпти. Шундай тизим ишлаб чиқиш лозимки, токи қирғиз масъуллар ўз ҳизмат ваколатларини суиистеъмол қила олишмасин, маҳаллий қирғиз аҳолиси эса ҳаддидан ошиб, сўхлик ватандошларимизга нисбатан қароқчилик ҳам қила олишмасин.

(1) Чегарадаги текширишни оптималлаштириш: ‘best practice’ бўлган дунёдги энг яхши чегара амалиётини қўллаш

Чегарада ҳозир фуқароларимиз соатлаб кутишади, қирғиз божхоначилар эса машинадан юкларни туширтириб текширув ўтказгач, сўнг яна қайта юклатишади. Ахир ҳозир технологиялар ривожланган, уни техник асбоблар ёрдамида текширса бўлмайдими? Шу сабабли ҳам яхши техникалардан фойдаланиш ва ҳар бир чегара постида текшириш ишлари учун аниқ вақт ва тартиб-тамойилни белгилаш талаб этилади. Шунингдек, Риштон-Сўх йўли 8 километр атрофидаги йўл бўлиб, бу ерда маҳаллий безорилик ва рэкет юз бермаслиги учун 8 километрнинг барчасига Ўзбекистон ҳисобидан видео-камералар ўрнатиш ва ўртада сўхлик аҳоли тўхтаб дам оладиган ёки машинасини таъмирлата оладиган жойларни келишиб олиш лозим. Технология асри бўлган бугунги кунимизда бундай ишларни бажариш давлатимизга катта юк бўлмаслигига ишончим комил.

Ушбу яхши амалиётни қўллаш пайтида маҳаллий шароит ва шу пайтгтача тўпланган тажрибаларга асосланиш билан бирга, муҳим бир ҳамкорни унутмаслик керак: Европа Иттифоқи. Қирғизлар Европа Иттифоқидан анча ёрдам олганликлари учун уларни гапини яхшигина эшитишади ва босимини ҳис қилишади. Шундай экан, яқин катта қўшниларимизни ўртага суққандан кўра, узоқ, аммо ишончли ҳамкор бўлган Европа Иттифоқи институтларини учинчи шахс сифатида ушбу музокараларда қатнаштириб, ишонарли тизимни бунёд этишга чорлаш самарали бўлиши мумкин.

Тарихий анклавларга бой Европа Иттифоқи давлатларининг бу муаммони қандай ечганлигини ўрганиб кўриш ҳам янгича ёндашувларни ижод қилишда қўл келади. Мисол учун, Сўх мисолига ўхшаш сув, трансит йўли ва чегара ҳарбийлари томонидан ўтувчиларни тунаш Испаниянинг Франция ичидаги Лливиа анклав қишлоқчасида 20-асрда кўп маратоба юз берган. Шунга қарамай, ҳам сув масаласида, ҳам йўл масаласида икки томон келиша олган. Ҳатто, очилган нейтрал йўлни ҳозирда икки давлат ҳарбийлари 6 ойдан алмашиб бошқаришади. Бизга тескари равишда, Ғарбий Европадаги деярли барча анклав ҳудудлар сайёҳлик манзиллари сифатида шуҳрат топган.

Юртдошимиз Хуршид Зафарининг бу борада яхши тавсиялари бор.

(1) Сўх чегараларини имкон қадар тезроқ белгилаш

Маълумотларга кўра, Шоҳимардон чегаралари ҳал бўлган, аммо Сўхда ҳали ҳам расмийлаштирилмаган чегаралар бор. Сўхнинг яна бундай муаммолар гирдобида қолмаслиги учун ҳам чегара чизиқлари тортилиши тезроқ ҳал этиш лозим. Аммо, шу пайтгача аҳоли фойдаланиб келган ўтлоқлар ҳам борлигини инобатга олсак, масала жуда ҳам осон эмаслиги аниқ. Шундай бўлсада, тўхтовсиз сони ўсиб бораётган Сўх аҳолисини иш билан таминлаш ва ҳудудни ривожлантириш учун ушбу ҳудудга аввала ҳудудий барқарорликни тақдим этиш лозим.

(2) Ҳарбийлардан фуқаровий хизматчиларга ваколатни олиб бериш

Шу пайтгача чегара постларидан ўтишни икки давлат чегарачилари назорат қилган ва амалга ошириб келишган. Олдин ҳам айтиб ўтганимдек, қирғиз қўшниларимиз зотан ўзларининг табиатан қўполликлари билан танилишган. Уларнинг орасида ҳам ҳарбийларининг қандай ҳулқдалигини эса тасаввур қилиш қийин эмас. Шундай экан, мумкин бўлса, постлар сонини камайтириб, норасмий "ўлпон" солишни олдини олиш учун чегара пунктларини биргаликда назорат қиладиган қўшма постларни ташкил этиш зарур. Қолган постларни эса бекор қилиш керак. Шундагина биз қирғиз томонининг халқаро шартномаларга зид ҳатти-ҳаракатини тия олишимиз мумкин. Уни янада кучайтириш учун эса чиққан низолар туфайли ҳокимлар ёки чегара ҳудуди ҳарбийлари эмас, ўша заҳотиёқ масалани ҳал этадиган доимий ишлайдиган комиссия тайинлаши зарур.

Албатта, ушбу таклифлар юқори мулоҳазага асосланган ва дунё давлатларининг юксак тажрибаларидан келиб чиқиб берилган таклифлар. Аммо, бундай механизм сўхликлар учун тақдим этилмас экан, уларни ҳақ-ҳуқуқлари поймоли тугамайди, катта имкониятларга эга Сўх тумани эса ўзига инвестиция ҳам жалб эта олмай диёримизнинг энг қолоқ ҳудудларидан бирига айланиб қолаверади.

Хулоса ўрнида

Янги Ўзбекистон даврида мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси ўзини орқасида давлати ва миллати турганлигини чуқур ҳис қилган ҳолда яшаши учун уларга толиқ зарурий ҳуқуқий ҳимояни етказиш даркор. Ана ўшандагина фуқароларимиз давлатига содиқ болади. "Патинкасини ялатиш" ҳолатига фуқароларимизни олиб тушибмизми, демак, уларни хайф қилибмиз, қўшни давлатнинг гап тингламас, зўравон инсонларига азиз халқимизни талатиб қўйибмиз.

Афсусланарлиси шундаки, қўшни Қирғзистон аҳолисининг ва маълум даражада давлат масъулларининг бундай муносабати 1996 йилдаги Абадий дўстлик Битими руҳига мутлақо мос бўлмай, халқаро ҳуқуқнинг умумий қоидаларини ҳам бузиш ҳисобланади. Бу ҳолат бошқа такрорланмаслиги учун барча чоралар тезлик билан кўрилиши ва маҳаллий аҳолининг фикрларини инобатга олган ҳолда, қирғиз расмийлари билан очиқ мулоқотга киришиш зарур.

Албатта дипломатияда турли масалалар инобатга олинади, вазминлик ва совуққонлик албатта талаб этилади - ҳақиқатан ҳам фақат биттагина муаммони ўйлаш қийин. Қирғизлар билан бизни бошқа чегараларимиз, шунингдек, Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли каби тарихий лойиҳалар ҳам бор. Шу боис масалаларга комплекс ёндашув талаб этилишини тушунсам ҳам, қийналиб кетган аҳолимизни яна куттирмаслик, бундан бошқа бир қатра ҳам қон оқизмалик, халқимиз ва қўшниларимиз аҳолисининг ҳам турли келишмовчиликлар туфайли бурни ҳам қонамаслиги учун энг долзарб масалаларга йўналиш жуда ҳам мувофиқ бўларди. Умидим шуки, 2020 йил 4 июнь кунги селекторда айтилган давлат раҳбарининг буйруғи фақат ва фақат сўхлик фуқароларимиз манфаатини кўзлаган ҳолда бажарилади ва биз бу муаммога бошқа қайтмаймиз.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан