Россия допинг тестлари билан юзага келган вазият туфайли 2020 ва 2022 йиллардаги олимпиадаларни ўтказиб юбориши мумкин. Бу ҳақда Россия антидопинг агентлиги (РУСАДА) раҳбари Юрий Ганус «Известия» нашрига берган интервьюсида маълум қилди.
Гануснинг сўзларига кўра, Бутунжаҳон антидопинг агентлиги (WADA) Москва антидопинг лабораторияси маълумотларига ишонмаяпти.
Ушбу манипулациялар туфайли россиялик спортчиларни яхши истиқбол кутмаяпти - улар 2020 ва 2022 йиллардаги олимпиадалардан қуруқ қолишлари мумкин.
Шу билан бирга жаноб Ганус айбловларнинг РУСАДАга алоқаси йўқлигини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, сентябрь ойида WADA халқаро ташкилоти қўмитаси раиси Жонатан Тейлор лабораториядан олинган маълумотларни сохталаштиришда гумон қилинганлиги ҳақида гапирди. У Россия расмийларига рўй берган воқеаларни мустақил равишда тергов қилишга рухсат берди.
Шу билан бирга, британиялик журналистларнинг сўзларига кўра, ушбу ҳодиса туфайли Россия ўйинларда иштирок этадиган давлатлар рўйхатидан чиқиб кетиш хавфи остида.