Санкт-Петербургда полиция ходимини дўппослаган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирига нисбатан жиноят иши қўзғатилди ва у қўлга олинди. Бу ҳақда Тергов қўмитаси маълум қилди.
Хабарда айтилишича, 9 сентябрь куни йўл-патруль хизмати ҳужжатларни текшириш учун бир автомашинани тўхтатган. Унда икки нафар ўзбекистонлик бўлган. Полициячилар ҳужжатлари йўқлигини айтган муҳожирларни полиция бўлимига олиб кетмоқчи бўлганларида, ўзбекистонликлардан бири полициячини дўппослаган.
Айни пайтда полиция ходими касалхонада экани билдирилди. Муҳожир ҳокимият вакилига нисбатан зўравонлик қилганликда айбланмоқда. Бу айблов асосида Ўзбекистон фуқароси 10 йилгача қамалиши мумкин.