Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори Баҳодир Юсупалиевнинг «Коммерсантъ» нашрига маълум қилишича, жорий йилнинг сентябрь ойидан Россия билан авиапарвозлар тикланиши мумкин.
«Россияга авиапарвозлар сентябрь ойида тикланиши ҳам мумкин. Бироқ тушуниш керакки, биз икки ой давомида карантин жорий этдик. Кейин чоралар юмшатилди. Натижада касалликни юқтириш ҳолатлари ошиб кетди ва биз 15 августга қадар навбатдаги карантинни жорий этишга мажбур бўлдик. 15 августдан сўнг карантин чекловлари бир мунча юмшатилди ва 5 сентябрдан яна бир қанча фаолият турлари тикланди.
Бошқа давлатлар каби биз ҳам мактаблар, мактабгача таълим ташкилотларини очяпмиз. Республикадаги кейинги вазиятни баҳолаш учун бироз вақт керак. Касалланиш ҳолатлари камайиб борса, бу авиапарвозларни тиклаш учун имкон беради» – деди Баҳодир Юсупалиев.
Унинг қўшимча қилишича, ҳозирда Ўзбекистонда касалликнинг иккинчи тўлқинига тайёргарлик кўрилмоқда.
«Биз иккинчи тўлқинни кутяпмиз ва унга тайёрланяпмиз. Куз-қиш мавсуми бу грипп, ЎРВИ каби инфекцион касалликларнинг кўпайиш вақти. Карантин чекловларининг деярли барчаси юмшатилди. Одамлар орасида мулоқот кўпайяпти, мактаблар, ОТМ ва боғчалар очиляпти»,- деди у.