Бугун АОКА анжуманлар залида "Карантин даврида таълим тизимидаги чекловлар, қабул жараёнлари ва соҳага оид бошқа ўзгаришлар" мавзусида брифинг бўлиб ўтмоқда.
Унда Олий ва ўрта махсус таълими вазири, Халқ таълими вазири, Мактабгача таълим вазири ва Давлат тест маркази директори қатнашмоқда.
Савол: Мактабларда дарслар онлайн бўладиган бўлса, 1-синфларга таълим бериш қандай йўлга қўйилади? Саволга Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов жавоб берди:
"Аввало, дарслар онлайн бўлиши тўғрисида расман маълумот берилдими?! Яхши ният қилайлик, вирусдан қутулайлик. Бошланғич таълимда дунё миқёсида онлайн мактаб тажрибасчи ўзини оқласа, аллақачон шу тизимга ўтиларди. Онлайн тизим бўлмасин.
Ҳозирги ҳолатдан кўриниб турибдики, сентябрга келиб, вазият енгиллашса, онлайн дарслар бўлмайди.
Хавфсизлик чоралари кўрилса, эпидемиологик вазият ёмонлашмаслиги тўғрисида ҳам ёндашувлар бор. Бола мактабда бўлганда ҳам, дарслар телевидение орқали бўлади. Бу пандемия туфайли эмас. Мақсад узоқ ҳудудларга сифатли дарслар орқали қўшимча ёрдам бўлади.
Савол: Онлайн мактабни ривожлантириш учун қандай лойиҳалар амалга оширилмоқда?
"Онлайн дарсларда ота-оналарга юк кўпайиб кетди. Шундай ота-оналар борки, фарзанди қайси мактабда ўқишини билмайди.
Шундай ота-оналар борки, уйда ўзбек тилида мулоқот қилинади, лекин фарзандини мажбурлаб рус синфига қўйган. Ўз-ўзидан бу болада ҳам таълим сифати пасайиб кетади. Чунки ота-она телевидение орқали узатиладиган русча дарсларга тушунмайди" - деди вазир.