Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






​​Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Президенти сифатида қасамёд қилди
6.11.2021 11:42,  
148

Президентликка сайланган Шавкат Мирзиёевнинг инаугурация маросими 6 ноябрь куни бўлиб ўтди.

Инаугурация маросими Олий Мажлис Сенатининг Ислом Каримов шоҳкўчаси, 9-уй манзилида (Ташқи ишлар вазирлигининг собиқ бош қароргоҳи ўрнида) жойлашган янги биносида бўлиб ўтди.

Мажлисни Марказий сайлов комиссияси (МСК) раиси Зайниддин Низомхўжаев очиб берди. МСК раиси Ўзбекистоннинг сайланган Президенти Шавкат Мирзиёевга Президент гувоҳномаси ва Марказий сайлов комиссиясининг шаҳодатномасини топширган.

Шундан сўнг Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Конституцияси ва Қуръони Каримга қўл қўйган ҳолда қасамёд қилди. Қасамёддан сўнг, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзламоқда.

Ўзбекистонда 24 октябрь куни президент сайлови бўлиб ўтди. Мамлакат бўйлаб очилган 10 мингдан ортиқ сайлов участкалари соат 08:00 дан 20:00 га қадар сайловчиларни қабул қилди. Марказий сайлов комиссияси маълумотига кўра, сайловда жами рўйхатга олинган сайловчиларнинг 80,8 фоизи овоз берган.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод Шавкат Мирзиёевга – 12 миллион 988 минг 964 нафар ёки овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг 80,12 фоизи овоз берган.

29 октябрь куни Марказий сайлов комиссияси Шавкат Мирзиёевни кейинги беш йилга Ўзбекистон Президенти лавозимига сайланган деб ҳисоблаш тўғрисида қарор қабул қилганди. Сайлов кодексига кўра, Ўзбекистон Президенти Марказий сайлов комиссияси томонидан Президент сайлови натижалари расмий равишда эълон қилинган кундан эътиборан кечи билан икки ой ичида Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида қасамёд қилган пайтдан эътиборан ўз лавозимига киришади.

Ўзбекистон Конституциясининг 92-моддасига кўра, Президент Олий Мажлис йиғилишида қуйидаги қасамёдни қабул қилган пайтдан бошлаб ўз лавозимига киришган ҳисобланади: «Ўзбекистон халқига садоқат билан хизмат қилишга, республиканинг Конституцияси ва қонунларига қатъий риоя этишга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига кафолат беришга, Ўзбекистон Республикаси Президенти зиммасига юклатилган вазифаларни виждонан бажаришга тантанали қасамёд қиламан».

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан