Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Шавкат Мирзиёев Тошкентда илк очилган Президент мактабига ташриф буюрди (фото)
10.09.2019 17:14,  
108

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 10 сентябрь куни Тошкент шаҳридаги Президент мактабига ташриф буюрди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Президент мактабларнинг биринчиси пойтахтимизда фойдаланишга топширилди. 168 ўринга мўлжалланган мактаб биноси ва ётоқхона, 15 ўринли ўқитувчилар меҳмонхонаси юксак даражада бунёд этилди.

Жорий йилда мактабнинг 5-10-синфлари учун ҳужжат топширган 7 мингга яқин ўқувчидан 144 нафари ўқишга қабул қилинди. Канаданинг “Teachaway” ва Буюк Британиянинг “TIC Recruitment” рекрутинг компаниялари билан ҳамкорликда мактабга 30 нафар чет эллик мутахассис танлаб олинди. Шунингдек, 72 нафар тажрибали ва малакали маҳаллий ўқитувчи ҳам жалб қилинди. Таълимда STEAM ёндашувига оид дарслик ва ўқув қўлланмалари олиб келинди.

Президент Шавкат Мирзиёев мактабда яратилган шароитлар билан танишди, ўқувчилар билан суҳбатлашди.

- Бу ҳаётингиздаги биринчи синов бўлди. Меҳнат, билим, адолат нима эканини кўрдингиз. Сизларни шундай нуфузли мактабга муносиб бўлганингиз билан чин юрагимдан табриклайман. Сиз энди Ўзбекистоннинг “олтин фонди”сизлар, - деди Президент. - Халқнинг, мамлакатнинг буюклигини тараннум этадиган нарсалар кўп. Лекин энг афзали билим билан намоён этиш. Ёшларимиз орасидан Хоразмийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар чиқишига барча асосларимиз бор. Бугун тарихий кун. Илгари юртимизда бундай шароит бўлмаган. Энди чет элдан нуфузли меҳмонлар келса, катта-катта заводларни эмас, Президент мактабларини кўрсатамиз. Сизлар билимингиз, юриш-туришингиз, ватанпарварлигингиз билан ҳамма ёшларга намуна бўлишингиз керак. Келгусида Ўзбекистон тараққиётига таъсир кўрсатадиган куч бўласизлар.

Ўқувчиларнинг ота-оналари ва илм-фан намояндалари билан учрашувда Ўзбекистонда учинчи ренессанс даври бошланаётгани таъкидланди.

Шавкат Мирзиёев Президент мактабининг фахрий меҳмонлар китобига дастхат ёзиб қолдирди, мактабнинг илк ўқувчи ва ўқитувчилари билан суратга тушди.

Президент мактаблари жорий йилда Нукус, Хива ва Наманган шаҳарларида ҳам очилади. 2020 йилда Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида, 2021 йилда Андижон, Навоий, Сурхондарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида қурилиши режалаштирилган.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан