Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Шавкат Мирзиёев Туркия Республикаси Президенти ҳузуридаги Халқ кутубхонасининг очилиш маросимида иштирок этди
20.02.2020 21:49,  
104

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 20 февраль куни Анқара шаҳрида Туркия Республикаси Президенти ҳузуридаги Халқ кутубхонасининг очилиш маросимида иштирок этди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Ушбу мажмуа Туркия раҳбари Режеп Таййип Эрдоған ташаббуси билан бунёд этилган. Маҳобатли кутубхона китоб фонди (4 миллион босма нашр ва 120 миллиондан зиёд электрон файл) ҳамда хизмат даражаси бўйича дунёдаги энг улканларидан биридир. Ушбу маънавий бойлик маскани Президент қароргоҳи – Жумҳурбашканлиги саройи ёнида қурилгани ҳам унинг аҳамиятини кўрсатади.

Очилиш маросимида бутун дунёдан икки мингга яқин меҳмон - олимлар, ёзувчилар, таълим ва маданият намояндалари, давлат ва жамоат арбоблари қатнашди. Шавкат Мирзиёев Туркия Президенти томонидан таклиф этилган олий даражадаги ягона меҳмон бўлди.

Маросимда Президент Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади. 

– Дунёдаги ҳар қайси давлат, ҳар қайси халқ биринчи навбатда ўзининг интеллектуал салоҳияти, юксак маънавияти билан қудратлидир. Бундай енгилмас куч манбаи эса аввало инсоният тафаккурининг буюк кашфиёти – китоб ва кутубхоналарда, – деди Президент.

Ўзбек ва турк халқларининг илдизи бир, маънавияти муштарак. Имом Бухорий, Беруний, Хоразмий, Ибн Сино, Жалолиддин Румий, Юнус Эмро, Алишер Навоий мероси халқларимизнинг миллий юксалишига катта ҳисса қўшган. Қозизода Румий Самарқандда мударрислик қилган. Али Қушчи ҳаётининг сўнгги йилларини Истанбулда ўтказган. Абдурауф Фитрат, Муҳаммадшариф Сўфизода, Саид Аҳрорий каби кўплаб жадид боболаримиз Туркияда таҳсил олган.

Бугунги кунда Истанбулда Абу Райҳон Беруний номидаги университет бор. Туркия китоб фондларида Алишер Навоий асарларининг 100 дан ортиқ қўлёзмалари сақланиб келмоқда.

Бу йил улуғ алломалар Абдухолиқ Ғиждувоний ва Баҳоуддин Нақшбанд таваллудларига бағишланган тадбирлар ўтказилади. Маҳмудхўжа Беҳбудий туғилганининг 145 йиллик санаси нишонланади. Шунингдек, жорий йилда Бухоро шаҳри Ислом маданияти пойтахти, Хива шаҳри Туркий дунё маданияти пойтахти деб эълон қилингани муносабати билан бир қатор халқаро анжуманлар ташкил этилиши режалаштирилган. 

Президент туркиялик олимлар, адабиётшунос ва диншуносларни ушбу маданий-маърифий тадбирларга таклиф этди. Ўзбекистоннинг китоб фондларида 100 мингдан зиёд ноёб қўлёзма асарлар сақланаётгани, уларнинг аксарияти ўз тадқиқотчиларини кутаётганини таъкидлади.

Туркия Президенти ушбу қувончли айёмда Ўзбекистон Президенти рафиқаси билан бирга иштирок этаётгани учун ташаккур изҳор этди. 

- Ўзбекистон биз учун маданий тасаввуримизни шакллантирган, олимларни етиштирган, илм, ирфон ва маънавий дунёмизни таъминлаган ҳаётий манбаларимиздан энг муҳимидир, - деди Режеп Таййип Эрдоған. - Илм муҳити асрлар давомида Тошкент билан Анқара, Самарқанд билан Конё, Бухоро билан Бурса, Хива билан Эдирнени боғлаб, ўзаро бойитгандир. Бу кун Халқ кутубхонасини Жаноби олийлари билан биргаликда очиб, муштарак маданиятимиз ҳақида бутун дунёга муҳим бир ишора бермоқдамиз.

Шавкат Мирзиёев дунёда ўта ноёб бўлган “Усмон Мусҳафи”нинг хаттотларимиз томонидан кўчирилган нусхаси, Жалолиддин Румийнинг машҳур “Маснавий” асари ҳамда Абу Бакр ар-Розийнинг “Касалликлар тарихи” асари қўлёзмаларининг факсимиле нусхалари, “Алишер Навоий асарларининг Истанбул кутубхоналаридаги тасвирий нусхалари” номли китоб-альбом, Юнус Эмро шеърларининг ўзбек тилига таржимаси жамланган “Ўлмас кўнгул” деб номланган китобларни кутубхонага туҳфа қилди.

Шунингдек, Туркия Президенти ҳузуридаги Халқ кутубхонасига 350 дан зиёд турли мавзудаги китоблар тақдим этилди.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан