Ўтган ҳафта Тошкентда оталаринголог-шифокор клиник ўлим ҳолатидаги 2 ёшли боланинг ҳаётини сақлаб қолгани хабар қилинганди. Шундан сўнг бемор 3-сон болалар клиник шифохонасига тез ёрдам машинасида шифокор кўриги остида юборилган. Ушбу шифохонада барча даволаш муолажалари амалга оширилган.
Мазкур жараёнда қаҳрамонлик кўрсатган 41 ёшли шифокор Сергей Владимирович Тобиас “Соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди. Мукофотни Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов топширди.
– Фарзандимни қутқариб қолган шифокордан жудаям миннатдорман. Ота сифатида шифокорнинг бу фидойилигини ҳеч нарсага қиёслай олмайман. Бу ҳолат мен учун ҳақиқий қаҳрамонлик, – дейди 2 ёшли Умар Нуриллаевнинг отаси Дилшод Раззоқов. – Ушбу жараёнда битта шифокор тимсолида минглаб шифокорларимизнинг эзгуликка бой фаолиятининг масъулиятини, шарафини янада чуқурроқ ҳис этдим.