Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Светлана Ортиқова: 2020 йилда 31 нафар шахс маданий мерос объектлари муҳофазасига дахл қилгани учун жавобгарликка тортилган
21.11.2020 13:56,  
48

2020 йилда 31 нафар шахс маданий мерос объектларининг муҳофазасига дахл қилгани учун интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилган. Бу ҳақда бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова Сенатнинг тўққизинчи ялпи мажлисида айтиб ўтган. Жумладан, Ортиқова сенатор Абдураҳим Иркаевнинг маданий, айниқса, археологик объектлар муҳофазасини кучайтириш узоқ йиллардан буён мутлақо қониқарсиз аҳволда эканлиги юзасидан билдирган эътирозларига жавоб берган.

Иркаев Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз, Яккабоғ ва Чироқчи туманидаги ёдгорликларда тупроқ ишлари натижасида тахминан 22 миллиард зарар кўрилгани, Шаҳрисабздаги моддий-маданий мерос объектларда жами 77 та, Яккабоғда 17 та ноқонуний уй-жой қурилганини қайд этган. Маданий объектларнинг ҳимояси ўз ҳолига ташлаб қўйилганини айтиб, «Прокуратура органларининг хаёлига бу масала келадими ёки тепалик-да, деб қўядими? Биз энди ҳар бир тепалик ёнига бориб, қоровулхона қуриб ололмаймиз»,— дея савол йўллаган.

«Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида»ги қонуннинг ижроси устидан прокурорлик назорати ўрнатилган. Режавий дастурларга асосан тадбирлар ўтказиляпти, натижада аниқланган қонун бузилиши ва ҳуқуқбузарликларни бартараф этишга қаратилган прокурорлик таъсир чоралари кўриляпти. Масалан, бу йилнинг ўзида 45 та ноқонуний ҳуқуқий-норматив ҳужжатларга протестлар келтирилган. Қонун бузилиши ҳолатларига олиб келган сабаб ва шароитларни йўқотишга қаратилган 106 та тақдимнома киритилган, 31 нафар шахс интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилган.

Светлана Ортиқова, бош прокурор ўринбосари

Шунингдек, бош прокурор ўринбосари жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг оқибати билан эмас, балки олдини олиш билан кўпроқ шуғулланиш кераклиги, республикада 8 мингга яқин маданий мерос объектлари бўлса, Маданият вазирлиги ҳузуридаги департамент уларни назорати қилиши ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга ҳужжатлар тақдим этиши лозимлигини таъкидлаган.

«У ерда республика бўйича 60 нафар ходим ишлаётган бўлса, ҳар бирига 133 та объект юкламаси тўғри келади. Бизнинг ҳам юрагимиз қон бўлади, ўша моддий-маданий мерос объектлари йўқ бўлиб қоляпти, кимдир уларга ер ажратяпти, бу ҳолатлар 20-30 йил аввал бўлган, жиноят иши қўзғатишнинг ҳар қандай муддати ўтиб кетган. Миллий қонунчиликка ҳам эътибор беришимиз керак», — дейди Ортиқова.

Қашқадарё ва Бухоро вилоятларида олиб борилган ўрганишлар натижасида Бош прокуратурага тегишли қарор келган, унинг ижроси бўйича органга битта банд белгилангани, тегишли ҳудудий прокурорларга қатъий топшириқлар берилганини қайд этилган.

Танзила Норбоева прокуратура ҳам ҳамма жойга бориб назорат қилишининг имкони йўқлиги, бунда жамоатчилик назорати ҳамда Маданият вазирлиги ҳузуридаги мутассадди идораларнинг ходимлари кўпроқ масъул эканлигини билдирган.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан