Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Тилга ҳурмат – ҳамманинг бурчи
21.09.2020 10:17,  
274

1990 йиллар бошларида Ўзбекистонда “ўзбек тилини жаҳон тиллари даражасига кўтарамиз” деган шиор тез-тез янграб турарди. Лекин, жимжимадор сўзлар қоғозда қолиб кетгани бугунги кунда аччиқ ҳақиқат ўлароқ тан олиняпти. Бунинг акси ўлароқ, дунёга тариқдек сочилиб улгурган ўзбекистонликлар ўзбек тилини том маънода жаҳонга танитиш имконига эга бўлдилар. Албатта, "ҳамма бу имкондан тўғри фойдаланяпти" деб айтиш қийин.

Шу ўринда, аҳоли орасида ўзбекча сўзлар ўрнига ўрисчаларини айтиш тобора кенг тарқалаётгани, одамлар билиб-билмай тилимизни камбағаллаштиришга ҳисса қўшишаётганини афсус билан қайд қилиш зарур.

Мен анча йиллардан бери Америкадаги етакчи телефонда тилмочлик компаниясида ишлайман. Мулоқот пайтида фақат ўзбекча сўзларни ишлатишим зарурлиги хизмат вазифамда белгилаб қўйилган ва бунга қатъий амал қилишим зарур. Минглаб юртдошларимизнинг оғирини енгил қиляпман. Бу орада, инглиз тилига гапирувчи қизиқувчан мижозларим Ўзбекистон ва ўзбек тили ҳақида сўраган саволларга жавоб бериб, она-юртимни танитишга ҳаракат қиляпман.
 
Лекин, бир тоифадаги кишилар ўзбек бўлатуриб, ўзларининг сўз бойлиги озлиги ва кўп китоб ўқимаганлиги учун ўзбек тилини яхши англамайди. Иккинчи тоифадагилар эса ўзбекча муқобили бўлишига қарамай, ўрисча сўзларни кўп ишлатишади. Айниқса, иккиқат аёллар беременний, матка, виделение, сахар, давление каби сўзлардан кўп фойдаланишади. Мен уларга мост, поворот, посолство, почка каби сўзларнинг ҳам ўзбекчасини тушунтираман. Деярли ҳамма ўзбекча тилмоч дейиш ўрнига переводчик (ўрисча) ёки таржимон (арабча) дейишади.

Учинчи тоифадагилар эса ўзбек бўлатуриб ёки ўзбек тилини билгани ҳолда ўрис тилидан тилмоч сўрашади. Бу эса тилимизни танитиш имконини қўш-қўллаб топшириб, бошқа бир чет тилини тарғиб қилишга ҳисса қўшишга киради. Бу тоифа кишиларда миллий ғурур, тилга ҳурмат ва савия етишмайди.

Мен хизмат вазифамга амал қилиб, юқоридаги сўзларнинг ўзбекчасини айтаман. Аслида, «тилмоч» сўзи «тил» ва «оч» деган сўзлар бирикмасидан тузилган бўлиб, “тилимни оч”, яъни “нима деётганимни англа” деган маънони беради.

Тарихдан маълумки, бундан минг йил олдин турк аждодларимиз ҳозирги Сибир тарафлардан ғарбга қараб кўчишган ва жанг қилиб, Оврўпанинг қоқ ўртасигача етиб боришган. Табиийки, бошқа тилларда сўзлашувчи халқлар билан мулоқот қилиш учун тилмоч зарур бўлган.

«Тилмоч» Ўрусияда XVI асрдан XIX асргача қўлланилган. Бу сўз бошқа ғарбий славян давлатлари қатори Олмония ва Можаристон луғатларида ҳалигача бор: tolmač (словенча), ту̀ма̄ч/tùmāč (серб-хорватча),  dolmetscher (олмонча),  tolmács (можарча). Айниқса, полякча «tłumacz» ўзбекча “тилимни оч” деган сўзларга жуда яқинлиги диққатга сазовордир.

Хайратланарли томони – ўзбекча сўз ва қўшимчалар инглиз тилида ҳам учрайди. Масалан, чопмоқ феъли ўзаги чоп инглизчада ҳам худди шу маънода ишлатилади. Ўзбекча келинг, боринг сўзларидаги -инг қўшимчаси эса инглиз тилида ҳозирги замон давом феълида қўлланилади, масалан: I’m chopping the meat – мен гўшт чопяпман.

Америкаликларнинг кўпчилигида Ўзбекистон ҳақида тушунча йўқ. “Бу қандай тил? Қаерда гаплашилади? Қандай ёзилади?” деб сўрашларига кўникиб қолганман. Уларга Марказий Осиёнинг қоқ ўртасида Ўзбекистон деган гўзал ўлка борлиги, халқи ниҳоятда меҳнатсеварлиги, тил номи инглиз тилида «Uzbek» деб ёзилишини қисқагина англатиб қўяман. Аслида, тилимиз инглизчада ҳам «O‘zbek» деб ёзилишига эришиш зарур.

Ҳозирги пайтда Америка қитъасида учюз мингдан ортиқ ўзбекистонлик яшаётган бўлсада, аксарияти инглиз тилини билмайди. Америка – кўчманлар ўлкаси, тил билмаслик айб саналмайди. Қаерга ишингиз тушса дарров тилмоч топиб беришади. Бу эса, аслида, ўзбек тилини тарғиб қилиш учун юртдошларимизга ажойиб имкон беради.

Лекин, миллий ўзлигини ҳалигача танимаган айрим ватандошларимиз онгида “ўрис тилидан тилмоч сўрашим керак” деган тушунча ўрнашиб қолган. Ўзлари ўрисчани аранг гапиришса ҳам, ўзбек тилидан тилмоч сўрашмайди. Натижада, гап нима ҳақида кетаётганини яхши англамайдилар ва, оқибатда, инглиз тилида сўзлашувчи киши улардан она тили қайси тил эканлиги ёки бошқа қайси тилларни билишини сўрайди. Мен ана шундай кишиларга ҳам тилмочлик қилиб берганман.

Паспорт ва бошқа кимликни тасдиқловчи ҳужжатлар анчадан бери лотин алифбесида ёзилмоқда. Бу яхши, албатта. Собиқ шўролар даврида ана шундай ҳужжатларни берадиган идораларда асосан ўзбек тилини билмайдиган ходимлар ишлаган. Улар ўзбек от, фамилия ва ота исмларини ўзбекча эмас, балки ўрисча талаффуз ва ўрис имло қоидалари асосида ёзиб бераверишган. Бизникилар эса келажакда бу қандай аянчли ҳуқуқий оқибатлар кетириб чиқариши, энг асосийси – миллий кимлигимиз ҳақорат қилинадиган кўриниш олиши ҳақида ўйлаб ўтиришмай, “бизга теккани шу экан” деб, кетаверишган.

Америкаликлар отингиз ва фамилиянгиз қандай талаффуз қилинишини ўзингиздан сўраб олишади. Лекин, “қизимни оти Калима, ўғлимники – Кусан, фамилияси Каккаров” дейдиганлар ҳам талайгина. “Сиздан қандай талаффуз қилинишини сўраяпти” десам, “паспортида Khalima, фамилияси Kakhkharov деб ёзилганда” дейишади.

Ўзбекистон қонунларига кўра, ҳар ким ўз оти, фамилияси ва ота исмини ўзбекча миллий кўринишда ёздириш ҳуқуқига эгалиги ҳақидаги моддаларни амалга татбиқ қилиш анча қийин. Масъул ходимлар туғилганлик ҳақидаги гувоҳномада ўрисча талаффузда ёзилган вариантни асос олишгани етмагандек, паспортнинг инглиз тилидаги бетида ўзбекча бетида ёзилган шаклидан ҳам фарқли қилиб ёзиб беришаётгани чет элларда чалкашликлар келтириб чиқармоқда. Бундай шармандали ҳолатга чек қўйиш учун Ўзбекистонда от, фамилия ва ота исмларини тўғрилаб ёзиш тўғрисида алоҳида қонун қабул қилиниши зарур.

Чет элларда тилимиз ва ўзлигимизни тарғиб қилиш имконидан фойдаланиш ўзбек тили обрўсини кўтаришга хизмат қилишини унутмайлик.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан