Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Тоғли қорабоғ уруши ҳақиқатлари: энди нима бўлади?
16.11.2020 02:28,  
1677

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев CНН телеканалига берган суҳбатида Ўрусияга имо қилиб, дунё бўйлаб бир талай ОАВлар арманиларга тегишли эканлигини, шу туфайли, олиб борилаётган уруш тафсилотлари арманилар фойдасига бузиб кўрсатилаётганини айтганди. Уруш тугаб, арманилар енгилиш аламига чидай олмай юрган ҳозирги пайтда ҳақиқат секин-аста юзага чиқяпти.

Ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилгач, урушнинг илк кунларидан бошлаб Арманистон бош вазири Никол Пашинян Ўрусия президенти Владимир Путиндан ёрдам сўрагани, сўровларга жавобан, ўнлаб ҳарбий-транспорт учоқлари Ереван аеропортига қўнгани ҳақидаги ҳақиқат баралла айтила бошлади. Бу эса урушда Ўрусия Арманистонни қўллаб-қувватлаганини исботлайди.

НТВ телеканалига суҳбат берган "Говорит Москава" радиоси бош муҳаррири Роман Бабаян Арманистон бош вазирига учта саволи борлиги ва уларга тўғри жавоб берилишини кутишини билдирган. Журналист қўлида президент Путин Пашинянга урушни тўхтатиш учун анча маъқул таклифлар бергани, лекин Пашинян уларнинг ҳаммасини рад қилганини тасдиқловчи етарлича далиллар борлигини айтган.

Шу муносабат билан, Бабаян Арманистон бош вазиридан урушнинг илк кунларидаёқ Ўрусиядан жуда йирик миқдорда ёрдам ола бошлаганини тасдиқлаб беришини истамоқда. Лекин, беғараз олинган ҳарбий техникалар Озарбайжон армиясининг бешинчи авлод ҳарбий қуроллари қудратига бардош беролмаган. Президент Илҳом Алиевнинг Озарбайжон ўз армиясини дунёдаги энг замонавий ҳарбий техника билан таъминлай оладиган даражада иқтисодий қудратга эга эканлиги ҳақидаги гаплари ва ҳарбий ғалабалар буни тасдиқлайди.

Кези келганда, Озарбайжоннинг аҳоли сон бошига ялпи ички маҳсулоти Ўзбекистондан уч баравар кўплигини айтиб ўтиш ўринлидир.

Журналист Бабаян ёлғончи бош вазир Пашиянга қарата "агар юқоридаги саволларимга тўғри жавоб бермасангиз, шундай савол бераман-ки, қочгани жой тополмай қоласиз" деган.

Арманистон ва уни қўлловчи бошқа давлатлар уруш ҳақида арманилар фойдасига ёлғон хабарлар тарқатаётгани ҳақида олдин ҳам ёзгандим. Энди, ана шу ёлғонларнинг чуви чиқиб, Арманистон армияси урушда парокандаликка учрагани, кўпгина аскарлар дезиртирлик қилиб, қочгани, айрим пулдор ва амалдорлар пора эвазига ўз болалари ёки қариндошларини фронтдан чақириб олишгани, расмий кишилар урушда ўлган аскарлар сонини озайтириб кўрсатишгани, Арманистон урушга кўплаб 18 ёшли ўспиринларни юборгани, ҳатто, ёш болалар жангларда қатнашгани, Озарбайжон шаҳар ва қишлоқларни озод қилгани ҳақидаги хабарларга Арманистон томонидан раддиялар берилиши ҳам фронтдаги ҳақиқий аҳволни яшириш учун қилингани – ҳамма-ҳаммаси сув юзига қалқиб чиқяпти.

Владимир Путин урушда ҳар икки тарафдан жаъми 4000 аскар ўлганини билдирди. Агар, Тоғли Қорабоғлик ўлганларнинг расмий сони 1300 дан ортиқ эканлиги, урушда Арманистондан келган ва минглаб чет эллик арманилар қатнашгани, уларнинг орасида ўлганлар сони қанча эканлиги билдирилмаганини инобатга олсак, армани тарафининг талофати жуда катта экани маълум бўлиб қолди.

Озарбайжон эса уруш пайти арманилар ташлаб, қочиб кетиши оқибатида қўлга киритилган кўплаб жанговар техникани бошкент Бакуда кўргазмага қўймоқчи. Озод қилинган тупроқларда жуда катта қурилиш ва таъмир ишлари олиб борилади. Президент Алиевга кўра, бу улкан ишларни амалга ошириш учун мамлакат етарли иқтисодий кучга эга.

Урушда озарийлар қўлга киритган яна бир ғалаба ўлканинг асосий қисмини Нахичеван Мухтор Республикаси билан боғлайдиган йўлнинг қайта очилиши бўлди. Бу йўлнинг 45 километрлик қисми Арманистоннинг жанубида, Эрон билан чегара ҳудудидаги Аракс дарёси шимолидан ўтарди. Бу йўлнинг очилиши, аслида, турк дунёси учун ҳам жуда катта аҳамиятга эгадир.

Тоғли Қорабоғ муаммосини ҳал қилиш учун 1993 йили Оврўпада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти қошида Минск гуруҳи ташкил қилиниб, АҚШ, Франция ва Ўрусия унга аъзо бўлган эди. Афсуски, бу ишчи гуруҳи ўтган 27 йил ичида Арманистонни ўз қўшинларини босиб олинган ҳудудлардан чиқиб кетишга мажбур қилолмади. Янаям тўғриси – бундай қилишни истамай, статус-кво сақланиб қолишига томошачи бўлиб тураверди. (Статус-кво – вазиятнинг ўзгармасдан туриши, дегани). 

Минск гуруҳига аъзо давлатлар бетараф бўлиши, Озарбайжон ва Арманистонга бир хил муносабатда бўлиши шарт эди. Лекин, Ўрусия урушнинг дастлабки кунларидан бошлаб Арманистонга зимдан жуда кўп қурол-яроғ етказиб берган бўлса, Франция президенти Эммануел Макрон очиқдан-очиқ "биз бу қийин кунларда Арманистоннинг ёнидамиз" деб, тенглик тамойилига ўтириб қўйди.

Арманистон Тоғли Қорабоғ ва теварагидаги еттита туманни босиб олган эди. 45 кунлик уруш натижасида, Озарбайжон улардан тўрттаси ҳамда Тоғли Қорабоғнинг бир қисмидан арманиларни қувиб чиқарди. 9 ноябрда Ўрусия, Озарбайжон президентлари ва Арманистон бош вазири имзолаган урушни тўхтатиш ҳақидаги келишувга кўра, Арманистон 15 ноябрда Келбажар туманини, 20 ноябрда Ағдам туманини, 1 декабрда Лочин туманини Озарбайжонга қайтариб беради.

Илҳом Алиев уруш ҳаракатлари давом этаётган кунларда деярли ҳар куни чет эл ОАВларига суҳбатлар бериб борди. (Бу жумлани бошқа бир ўлка президенти ўқимасин). Суҳбат чоғида президент Тоғли Қорабоғ озод қилингандан кейин, арманиларга маданий мухторият берилиши мумкинлигини айтганди. Лекин, энди аҳвол ўзгарди. Хўш, унда нима бўлади?

Аслида, Минск гуруҳи аҳволни уруш бўладиган ва минглаб инсон ўладиган даражагача олиб келмасдан, музокаралар юритиб, урушнинг олдини олиб, худди шу тўхтамга келинишини таъминлаши зарур эди. Афсуски, Франциядаги ярим миллиондан ортиқ, Ўрусиядаги уч миллион армани диаспорасининг кучи ва Путиннинг империяни тиклаш ҳақидаги ҳарбий иштаҳаси бунга йўл қўймади.

Айтганча, Америкада 2000 йили ўтказилган аҳоли рўйхатига кўра, мамлакатдаги арманилар сони 385 мингтани ташкил қилган. Лекин, рақамларни ошириб кўрсатишни ўзига касб қилиб олган арманилар бу рақам бир ярим миллионга етишини иддао қилишади. Шунинг учун, 1915-йили Усмонийлар Туркиясида бир ярим миллион армани "қатлиом" қилингани ҳақидаги иддаоларга ақли расо киши ишонмайди.

Лекин, Ўрусия барибир мақсадига етиб, Тоғли Қорабоққа ўз тинчликни сақлаш кучларини киритишга эришди. Агар Арманистонда халқ уч томонлама келишувни бекор қилишни, бош вазирнинг истеъфосини талаб қилиб, митинглар ўтказаётгани, уйдуриқ "Тоғли Қорабоғ Республикаси президенти" Араик Арутюнян чет эллардаги арманиларни қўлига қурол олиб, "ватан ҳимояси"га етиб келишга чақираётганини ҳисобга олсак, Озарбайжон ҳали жуда сергак туриши зарур.

Энди статус-кво ҳам, Тоғли Қорабоғнинг алоҳида мақоми ҳам йўқ. Арманистон Озарбайжондан тортиб олган тупроқларга йиллар давомида Яқин Шарқ ва бошқа мамлакатлардан минглаб арманиларни кўчириб келганди. Уруш сабаб, аҳолиси 140 минг кишилик Қорабоғдан юз мингдан ортиқ киши аллақачон Арманистонга қочқин бўлиб, ўтиб кетди. Уларнинг анчагинаси келажакда БМТга қочқин ўлароқ мурожаат қилиб, доимий яшаш учун ғарб давлатларига кетишга уринса асло хайрон бўлманг.

Ҳаммани даҳшатга солаётган бошқа бир факт – Озарбайжонга тегишли ҳудудлардан кўчиб кетаётган арманилар ўз турар-жойлари ва боғларига ўт қўйиб, ёндириб кетаётгани бўлди. Мақсад – Озарбайжонга иложи борича кўпроқ зарар бериб кетиш. Шу кунларда ОАВ ва ижтимоий тармоқларда 15 ноябрда Озарбайжонга топшириладиган Келбажар туманидаги арманилар тап тортмай, ўзлари яшаган уйларига ўт қўйиб, қолган кўч-кўронини машиналарга ортиб, чиқиб кетаётгани ҳақидаги видеолар тарқатиляпти.

Юқоридагилардан хулоса шу-ки, эски пайтлардагига ўхшаб, арманилар озарбайжонлар билан бир ерда яшашга умуман тайёр эмас. Шу кунларда армани мухолифчи кучлари уч давлат ҳукумат бошлиқлари қўл қўйган келишувни бекор қилиб, яна уруш бошлаш тараддудига тушиб қолишган. Зеро, "йиқилган курашга тўймабди" деб, бежиз айтилмаган. Бу эса Озарбайжон келажакда яна провокациялар бўлишига шай туриши зарурлигини тақазо қилади.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан