Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Тоғли Қорабоғдаги жангларнинг иккинчи ҳафтаси. Асосий воқеалар
5.10.2020 10:49,  
1268

Тоғли Қорабоғда жанглар саккиз кундан бери давом этмоқда. Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республиканинг (ТҚР) пойтахти Хонканди (арманча номи Степанакерт) кетма-кет тўртинчи кун доимий равишда ўққа тутилмоқда. Тинч фуқаролар қурбонлари ва ҳарбий йўқотишлар тўғрисида ишончли маълумот йўқ. Кузатувчилар томонларни музокара столига келтира олмади.

4 октябрда нима бўлди

Якшанба куни эрталаб тан олинмаган Тоғли Қорабоғ пойтахти Хонкандини ўққа тутиш қайта бошланди. Ҳодиса жойида бўлган РБК мухбирининг хабар беришича, шаҳарни ҳар куни бомбардимон қилиш тўрт кундан бери давом этмоқда. Жума куни снарядлардан бири Хонкандидаги ҳарбий касалхонага тушиб, бир нечта турар-жой биноларини вайрон қилди, яна бир портлаш натижасида маҳаллий Фавқулодда вазиятлар вазирлиги биноси зарар кўрди ва бир нечта қутқарувчилар жароҳат олди.

Бунга жавобан, ТҚР кучлари якшанба куни аҳолиси сони бўйича Озарбайжоннинг иккинчи шаҳри (300 минг киши) бўлган Ганжанинг ҳарбий объектларини ўққа тутдилар ва маҳаллий ҳарбий аэропортни вайрон қилдилар, дея баёнот берди тан олинмаган ТҚР Президенти матбуот котиби Ваҳрам Погосян.

Озарбайжон Мудофаа вазирлиги ҳарбий объектларнинг ўққа тутилиши ва аэропортнинг вайрон этилиши ҳақидаги маълумотни рад этиб, "тинч аҳоли, фуқаролар инфратузилмаси ва қадимий тарихий бинолар" душманнинг ўқ отиши натижасида жабр кўрганлигини билдирди. Отишма пайтида Ганжа аэропорти биносига зарар етмаганлигини "Дождь" рус нашри мухбири тасдиқлади.

Тоғли Қорабоғ кучлари Ганжани ўққа тутиши натижасида бир фуқаро ҳалок бўлди, яна 32 киши жароҳат олди, деди Озарбайжон Бош прокурори Камран Алиев. Шу муносабат билан Озарбайжон Бош прокуратураси тан олинмаган ТҚР Президенти Арайик Арутюнянга нисбатан 15 та модда бўйича жиноий иш қўзғади.

Озарбайжон Бош прокуратураси маълумотларига кўра, 4 октабр кунининг ўрталарига келиб, 27 сентабрдан бери давом этган можаро натижасида республиканинг жами 24 нафар тинч аҳолиси вафот этди, 111 киши яраланди, деб хабар беради РИА Новости.

Ҳарбий йўқотишлар тўғрисидаги маълумотлар ҳар хил. ТҚР Президенти матбуот котиби Ваҳрам Погосян аввалроқ ҳарбий ҳаракатлар пайтида Озарбайжон армиясининг йўқотишлари 3 минг кишидан ошганини, ТҚРнинг ўз йўқотишлари - 150 кишидан ошгани ҳақида хабар берган эди. 30 сентябр куни Озарбайжон арман кучларининг 2300 ҳарбийсининг ўлдирилгани ёки жароҳатланганини, Арманистон эса 1750 озарийнинг ўлдирилгани ва яралангани ҳақида хабар берди.

Туркия ТИВ Ганжанинг ўққа тутилишини "Арманистоннинг ноқонуний позициясининг янги намойиши" ва Женева конвенцияларининг бузилиши деб атади.

Арманистон ҳукумати Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига Туркиянинг Арманистон ва Тоғли Қорабоғнинг тинч аҳолисига қарши Озарбайжоннинг жанговар ҳаракатларида иштирок этганлиги сабабли унга нисбатан вақтинчалик чоралар кўришни талаб қилиб мурожаат қилди.

Озарбайжон Президентининг ёрдамчиси Ҳикмет Ҳожиев ТАССга тан олинмаган ТҚР президенти Арайик Арутюняннинг "жиддий жароҳати" ҳақида гапирди. Аммо Тоғли Қорабоғ Республикаси раҳбарининг матбуот котиби РИА Новостига бу маълумотни рад этди.

Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Озарбайжон ҳарбийлари Жаброил (Мехакаван) шаҳри ва Тоғли Қорабоғдаги бир неча қишлоқларни ўз назорати остига олганлигини эълон қилди. Алиевнинг баёноти нотўғри маълумот ва ҳақиқатга тўғри келмайди, деди ТАССга Арманистон мудофаа вазирлигининг расмий вакили Артсрун Ованнисян.

Зиддиятлар тарихи

Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги Тоғли Қорабоғ қарама-қаршилиги 1991 йилда Қорабоғ Озарбайжондан мустақиллигини эълон қилганидан бери қарийб 30 йилдан бери давом этмоқда. 1992 йилдан 1994 йилгача Озарбайжон уни ўз назорати остига қайтаришга ҳаракат қилди, аммо якунда томонлар сулҳ тўғрисида келишиб олдилар. Тоғли Қорабоғнинг тахминан 15% Боку назорати остида қолди.

Арманистон ва Озарбайжон чегарасидаги жанглар 27 сентябр куни эрталаб бошланиб, ҳафта давомида давом этди.

Ҳарбий ҳаракатлар бошланишида томонлар бир-бирини айблашди. Озарбайжон Мудофаа вазирлигининг маълумотларига кўра, Арманистон қўшинлари чегара бўйлаб бир нечта аҳоли пунктларини ўққа тутган. Тинч аҳоли орасида ярадорлар ва ўлдирилганлар бор эди. Арманистон Мудофаа вазирлиги Озарбайжон армияси бутун чегара бўйлаб зарба берганини ва Тоғли Қорабоғ ҳудудини биринчи бўлиб ўққа тутишни бошлаганини билдирди.

Мутахассислар ҳозирги ҳарбий ҳаракатларни 90-йилларда можаро бошланганидан бери энг йирикларидан бири деб ҳисоблайдилар ва эскалация ҳар икки томоннинг етарли ресурслари етишмаслиги туфайли тўхтайди деган умидда. 

Реакция

Туркия можарода Озарбайжонни қўллаб-қувватлади. АҚШ, Европа давлатлари ва НАТО ҳамда Россия томонларни сулҳга чақирган. Арманистон, Туркия аслида можаро томонларидан бири эканлигини таъкидлаб келади.

1 октябр куни Қорабоғ можаросини тинч йўл билан ҳал қилишни назорат қилувчи ЕХҲТ Минск гуруҳининг ҳамраиси бўлган Россия, АҚШ ва Франция раҳбарлари қўшма баёнот билан томонларни зудлик билан ўт очишни тўхтатишга ва музокараларга қайтишга чақиришди. Фақатгина Арманистон бунга жавобан музокараларга тайёрлигини эълон қилди.

Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Боку томонидан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишнинг ягона шарти Арманистон ҳарбий хизматчиларининг Тоғли Қорабоғдан олиб чиқилиши бўлишини айтди. Бунгача давлат раҳбари музокаралар ўтказиш имкониятини ҳозирча кўрмаётганини айтган эди.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан