Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






"Тожикистонга ташриф..." Бу ҳафта Президентнинг иш графиги қандай бўлиши маълум қилинди
7.06.2021 13:05,  
214

Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот котиби Шерзод Асадов журналистлар учун брифинг ўтказди.

Тадбир аввалида давлатимиз раҳбарининг ўтган ҳафтадаги фаолияти ҳақида қисқача ахборот берилди. Жумладан, ҳафта бошида Президентимиз ҳузурида қурилиш, туризм ва саноат соҳаларидаги лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. Улар – Чирчиқ дарёси ўзанини қисқартириб, атрофини ободонлаштириш, Тошкент аэропорти кўпригини кенгайтириш, Технопарк ва Magic Cityдаги лойиҳалардир.  

–Тақдимотда кўрсатилган лойиҳалардан бирига алоҳида тўхталмоқчиман, – деди Шерзод Асадов. – У ҳам бўлса, Алишер Навоий қабрини обод қилиш ишларидир.

 

Маълумки, Навоий бобомизнинг қабри Афғонистон Ислом Республикасининг Ҳирот шаҳрида. Бугунги кунгача бу жойга умуман эътибор берилмаган эди. Шу боис давлатимиз раҳбари Алишер Навоий мақбарасини ободонлаштириш вазифасини қўйган эдилар. Афғонистонда охирги йиллардаги ижобий ўзгаришлар, Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан икки мамлакат ўртасида уйғонган илиқлик ва ҳамкорлик туфайли бу хайрли иш амалга ошадиган бўлиб турибди.

 

Лойиҳага кўра, у ерда фақат таъмирлаш ё тиклаш ишлари эмас, катта мажмуа қуриш мақсад қилинган. Унда мақбарадан ташқари масжид, музей, айвонлар, автотураргоҳ ва боғлар бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти 1-2 июнь кунлари Сурхондарё вилоятида бўлиб, жойлардаги ҳолат билан танишди, ижтимоий-иқтисодий вазифаларни белгилаб берди.  

 

2 июнь куни Президентимиз Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида 24-31 май кунлари бўлиб ўтган бокс бўйича Осиё чемпионатида биринчи ўринни эгаллаган Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларига табрик йўллади. Ишонамизки, давлатимиз раҳбарининг меҳрли сўзлари, берган далдалари бу йил Японияда бўладиган Олимпия ўйинларида уларга катта руҳий мадад бўлади.

 

3 июнь куни ер муносабатларини такомиллаштириш масалалари юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди. Мазкур соҳада тартиб-интизомни мустаҳкамлаш, очиқликни таъминлаш бўйича қўшимча чоралар белгиланмоқда.  

 

Янги тизим яратилиши натижасида ерга бўлган мулк ёки ижара ҳуқуқи аукцион орқали сотилади. Қишлоқ хўжалиги ерини ижарага бериш бўйича очиқ танлов якуни вилоят ҳокими қарори билан тасдиқланади, туман ҳокимлиги ва ғолиб ўртасида ижара шартномаси электрон шаклда тузилади.  

 

Ҳафта давомида минтақавий аҳамиятга молик воқеалар ҳам бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 3 июнь куни Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали суҳбатлашди.  

4 июнь куни давлатимиз раҳбари ушбу мамлакат Сенати раиси Маулен Ашимбаевни қабул қилди. Бу мулоқотларда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларига эътибор қаратилди.

Ўтган ҳафтада Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан бир нечта ҳужжатлар ҳам имзоланди.

Жумладан, 31 май куни “Ijro.gov.uz” ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими самарали фаолият кўрсатишини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Президент қарори қабул қилинди.  

2 июнь куни давлатимиз раҳбари “Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида давлат бошқарувини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги фармон ҳамда унинг ижросини таъминлашга қаратилган қарорни имзолади. Уларга мувофиқ, аввалги “Ўзстандарт” агентлиги негизида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ташкил этилди ҳамда янги агентликка қўшимча ваколатлар берилди.

4 июнь куни Президентимиз аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришга оид фармон қабул қилди.  

Шерзод Асадов бу ҳафтада кутилаётган тадбирлар  ҳақида ҳам маълумот берди.  

Жумладан, бугун барқарор ривожланиш мақсадларини молиялаштириш дастури юзасидан тақдимот, эртага чорвачиликни ривожлантириш ҳамда озуқа базасини кўпайтириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилиши белгиланган.  

Ўзбекистон Республикаси Президенти 10-11 июнь кунлари Тожикистонга расмий ташриф билан боради. Асосий музокаралар ташрифнинг биринчи куни Душанбе шаҳрида бўлиб ўтади. Ташрифнинг иккинчи кунида Хўжанд шаҳрида қатор тадбирлар режалаштирилган.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан