Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев парламент мажлисида Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) тинчликпарвар кучларининг Қозоғистондаги асосий миссияси якунланганини маълум қилди. Бу ҳақда Tengrinews хабар бермоқда.
«КХШТ кучларининг асосий миссияси якунланди, икки кундан кейин мамлакатдан КХШТ бирлашган тинчликпарвар контингентини босқичма-босқич олиб чиқиш бошланади», — деган Қозоғистон президенти.
У мамлакатда аксилтеррор операциясининг кескин босқичидан ўтиб бўлингани, барча ҳудудларда вазият барқарор эканини қўшимча қилди.
Тўқаевнинг сўзларига кўра, энди Қозоғистондаги хавфсизлик тизимини тубдан қайта ташкил этиш зарур. Унга кўра, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия махсус кучларининг сони кўпайтирилади.
Бундан ташқари, Қозоғистон раҳбари давлат амалдорларига қарши ҳужумлар ва уларга бўйсунмаслик учун мамлакатда жавобгарликни кучайтиришга чақирди. Тўқаев, айниқса, қамоқхоналарда жиноятчиларнинг турли мафкуралар билан бирлашишига йўл қўймаслик бўйича топшириқ берди