Кеча ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрининг Ғунча кўчасида ҳижобли аёллар ушланиб, автобусга олиб чиқилаётгани, уларга нисбатан рейд бўлаётгани ҳақида мурожаат-видео тарқалди. Унда Ички ишлар органлари ва Миллий гвардия ходимлари йўлда ўтаётган ҳижобли аёлларни тераётгани айтилган.
Тошкент шаҳар ИИББнинг маълум қилишича, мазкур фикрлар ҳақиқатдан йироқ. Рўмол ўраган аёлларга ҳеч қандай озор берилаётгани йўқ, бундай топшириқлар бўлмаган, бўлмайди ҳам.
Аёлларни автобусга таклиф қилишдан ягона мақсад – коронавирус инфекцияси тарқалиши муносабати билан хавфсизлик меъёрларига риоя қилиш муҳимлиги ҳақида сантария-эпидемиология назорати хизмати ва профилактика инспекторлари томонидан профилактик суҳбатлар ўтказилиши бўлган.
Жамоат жойида тиббий ниқобсиз бўлган фуқаро С.Н. ва Н.Р.лар санитария-эпидемиология хизмати вакиллари ва профилактика инспекторлари томонидан профилактик суҳбат ўтказилиши учун автобусга чиқаётган вақтлари видео муаллифи томонидан тасвирга туширилган. Видеодаги воқеа 21 сентябрь куни тахминан соат 19.25 да Шайхонтоҳур тумани Ғунча массиви ҳудудида рўй берган.