Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида 21 ёшли қиз ўзини автомобиль йўли устидаги кўприкдан ташламоқчи бўлди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, 2021 йил 11 мартдан 12 мартга ўтар тунда тахминан соат 03:35 да Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ходимларига Шайхонтоҳур тумани Чақар маҳалласи транспорт туннели устидаги кўприк устунида номаълум аёл ҳаётини хавф остига қўймоқчилиги ҳақида хабар келиб тушган.
Маълум қилишича, воқеа жойига туман Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими профилактика инспектори ва Тошкент шаҳар ИИББ патруль-пост хизмати ходимлари зудлик билан етиб борган ва улар томонидан кўрилган чоралар натижасида мудҳиш ҳодисанинг олдини олишга эришилган.
Қайд этилишича, 21 ёшли С.Х. хавфли жойдан туман ИИО ФМБ 3-сон ички ишлар бўлимига ёрдам кўрсатиш учун етказилди ва шифокор томонидан кўрикдан ўтказилиб, унга психологик ёрдам кўрсатилди. Ходимлар қизнинг онаси билан боғланиб, уни ҳодиса ҳақида хабардор қилган. Ҳозирда қизнинг онаси у билан бирга.