Норматив ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкент шаҳрида “Санкт-Петербург давлат университети” филиалини ташкил этиш тўғрисидаги қарори лойиҳаси муҳокама учун қўйилди, деб хабар беради пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати.
Ҳужжатга мувофиқ, мазкур филиал Тошкент давлат шарқшунослик университетининг Тошкент шаҳри, Миробод тумани, М.Ойбек кўчаси, 16А-уй манзилида жойлашади.
Филиалда таълимнинг асосий йўналишлари бўйича барча даражадаги мутахассисларни тайёрлаш, малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш, шу жумладан, илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш амалга оширилади. Таълим Россия университети тасдиқланган ўқув режа асосида рус тилида амалга оширилади.
Умумий талабалар сонининг 30 %идан кўп бўлмаган миқдорда давлат бюджетидан талабалар ўқиши учун гранд маблағлари ажратилади.
Қарор лойиҳаси 20 июнга қадар муҳокамада бўлади.