Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Тошлоқ судяси автомобилга орқа ён ойналарига парда ўрнатиш ҳақидаги ИИВ ЙҲХББ баёнотига муносабат билдирди
11.09.2019 15:18,  
968

2019 йил 6 сентябрь куни ижтимоий тармоқларида Бухоро шаҳар маъмурий суди томонидан автомобилларнинг орқа ён ойналарига пардалар ўрнатиш мумкинлиги тўғрисида қарор чиқарилганлиги ҳақида тарқатилган хабарлар тарқатилганди. Ўзбекистон Республикаси ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси бу хабар ҳақида баёнот билан чиққанди.

Ички ишлар вазирлигининг транспорт воситаларини бошқаришда автомашиналарнинг орқа ва ён ойналарига парда тақиб ҳаракатланишни тақиқланиши ҳақидаги чиқишлари эса фуқаролар томонидан баъзи эътирозларга сабаб бўлди. Фарғона вилояти Тошлоқ туман маъмурий судининг раиси Аброржон Акрамов Тошлоқ туманида кўрилган иш мисолида ИИВ ЙҲХББ баёнотига муносабат билдириб, таҳлилларини баён этди. Унинг хулосалари ЎзА сайтида эълон қилинди:

"Яқинда Тошлоқ туман маъмурий суди томонидан ҳам автомашинага парда тақиш билан боғлиқ иш кўриб чиқилди.

Фуқаро Х.Абдураҳимов 2019 йил 9 июнь куни соат 1200ларда бошқарувидаги “Ласетти” русумли автомашинани Тошлоқ тумани марказида автомашинанинг орқа ва орқа ён ойналарига қора рангли парда тақиб олиб бошқариб кетаётганида Фарғона вилоят ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан тўхтатилади.

ЙҲХБ ходимлари йўл ҳаракати қоидаларининг 3-илова 7.3-банди талабларига зид равишда парда тақиб олинган, деган важ билан ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштиришган.

Ҳайдовчи қонунда пардага тақиқ йўқлигини, тақиқ фақат “тонировка” учун борлигини, ушбу ҳолат бўйича туман ИИБ ЙҲХБ Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 126-моддаси билан асоссиз қарор қабул қилган деб ҳисоблашини билдириб, маъмурий суддан қарорни бекор қилишни сўрайди.

Суднинг жорий йил 6 августдаги қарорига кўра, Тошлоқ туман ИИБ ЙҲХБнинг 2019 йил 10 июлдаги баённома бўйича Ўзбекистон Республикаси МЖтК 126-моддасининг 1-қисми билан Х.Абдураҳимовга нисбатан энг кам иш ҳақининг 25 баравари миқдорида (5 068 250 сўм) жарима жазоси тайинлаш ҳақидаги қарори бекор қилиниб, иш юритиш тўхтатилган.

Суд туман ИИБ ЙҲХБнинг қарорини бекор қилиш ҳақидаги қарорни қабул қилишда қуйидаги ҳолатларга эътибор қаратган.

Тошлоқ туман ИИБ ЙҲХБнинг 10 июлдаги маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарорида Х.Абдураҳимов 9 июнь куни бошқарувидаги “Ласетти” русумли транспорт воситасини йўл ҳаракати қоидаларининг 3-илова 7.3-банди талабларини бузиб, кўзгусимон ёки туси ўзгартирилган (қорайтирилган) транспорт воситасидан фойдаланиб келиб, бу билан Ўзбекистон Республикаси МЖтК 126-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб кўрсатилиб, Х.Абдураҳимовга нисбатан энг кам иш ҳақининг 25 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланган.

Ўзбекистон Республикаси МЖтК 126-моддасининг 1-қисмида техник регламентга мувофиқ бўлмаган кўзгусимон ва (ёки) туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали транспорт воситаларидан, худди шунингдек, ҳайдовчининг ўрнидан теварак-атрофни кўришни чеклайдиган қўшимча нарсалар ўрнатилган ёки қопламалар суртилган транспорт воситаларидан фойдаланганлик учун жавобгарлик белгиланган бўлиб, ушбу ҳуқуқбузарлик учун энг кам иш ҳақининг йигирма беш баравари миқдорида жарима жазоси тайинланиши назарда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 24 декабрдаги “Йўл ҳаракати қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорининг (2019 йил 3 августга қадар кучда бўлган) 3-иловаси 7.3-бандида ҳайдовчининг жойидан (!) теварак-атроф кўринишини чеклайдиган қўшимча нарсалар ўрнатилган ва қопламалар туширилиши тақиқланиши белгиланган.

7.4-бандида эса, III класс М3 тоифадаги автотранспорт воситаларининг икки ёнига орқа томон кўринишини таъминлайдиган ташқи кўзгу ўрнатилган бўлса, орқа ва ён ойналарига парда, шунингдек, М1 тоифадаги (М1 тоифаси-йўловчиларни ташиш учун фойдаланиладиган ва ҳайдовчининг ўриндиғидан ташқари ўриндиқлар сони 8 тадан ошмайдиган автотранспорт воситалари) автотранспорт воситаларининг орқа ойналарига чий парда ва дарпарда ўрнатишга рухсат этилади, деб кўрсатилган.

Ушбу норманинг ўзига хос тарафи шундаки, иш бўйича аризачи бошқарувида бўлган “Ласетти” русумли автомашина М1 тоифадаги автомашиналар тоифасига киради. Мазкур бандда автомашинанинг олд, орқа ва ён ойналари жумласи ишлатилган бўлиб, орқа ойна деганда автомашинанинг айнан қайси қисми эканлиги аниқ кўрсатиб берилмаган. Чунки автомашинани олд ва орқа ён ойналари мавжуд бўлиб, уларни фарқлаш зарур. Ушбу бандда айнан орқа ён ойнага парда ўрнатишга тақиқ мавжуд эмас, яъни бундай ҳаракат тақиқланмаган. Мазкур ишда аризачи автомашинасининг орқа ён эшикларига парда ўрнатиб олган бўлиб, қонунда орқа ён ойналари аниқ кўрсатилмагани, орқа ойналарга чий парда ва дарпарда ўрнатишга рухсат этилгани инобатга олиниб, қарор қабул қилинган.

Шунингдек, иш ҳужжатларида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғи Х. Сайдалиев томонидан имзоланган 2019 йил 15 июндаги алоқа хати мавжуд бўлиб, унда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 24 декабрдаги “Йўл ҳаракати қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори 3-иловасининг 7.4-банди талаблари бўйича барча транспорт воситалари олд ойнасининг тепа қисми тусини эни 14 см. дан кўп бўлмаган ва ёруғлик ўтказувчанлиги 30 фоиздан кам бўлмаган полоса шаклда ўзгартирилган (қорайтирилган) бўлса, шунингдек, транспорт воситалари ён ойналарини сочиқ ёки қуёшни тўсувчи бошқа материаллар билан вақтинча ёпиб қўйилган ҳолатлар юзасидан маъмурий баённома расмийлаштирилмаслиги бўйича кўрсатма берилган. Муҳокама қилинаётган ҳуқуқбузарликни аниқлашга масъул бўлган органни бўйсунувидаги бўлимларга расмий равишда бу каби кўрсатмани беришини ўзи қонундаги ноаниқликни тан олгандек гўё.

Шунингдек, ҳуқуқ доирасидаги қонунчиликка кўра тартибга солинмаган муносабатлар ва ноаниқликлар ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахснинг фойдасига ҳал қилиниши белгилаб берилган. Суд, ушбу нормаларга асосланиб, юқоридаги банддаги ноаниқликларни ҳуқуқбузар фойдасига ҳал қилишни лозим, деб топган.

Тошлоқ туман ИИБ ЙҲХБ қарор қабул қилишда айнан Йўл ҳаракати қоидалари 3-иловасининг 7.3-банди талаблари бузилганини эътироф этиб, орқа ва орқа ён ойналарига қора рангли парда тақиб олгани сабабли маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган, деб топган.

Судда ва иш ҳужжатларидан аниқланган ҳолатларга кўра, Х.Абдураҳимов бошқарувидаги транпсорт воситасини орқа ойналарига парда тақиб олиб, юқоридаги қоидаларда рухсат этилган ҳуқуқидан фойдаланган.

Ўзбекистон Республикаси МЖтК 126-моддасининг 1-қисми диспозицияси мазмунига эътибор берилса, техник регламентга мувофиқ бўлмаган кўзгусимон ва (ёки) туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали транспорт воситаларидан, худди шунингдек ҳайдовчининг ўрнидан (!) теварак-атрофни кўришни чеклайдиган қўшимча нарсалар ўрнатилган ёки қопламалар суртилган транспорт воситаларидан фойдаланиш учун жавобгарлик белгиланган. Х.Абдураҳимов кўзгусимон ёки туси ўзгартирилган ойнали транспорт воситасидан фойдаланмаган. У автомашинанинг орқа ва орқа ён ойналарига вақтинча қора рангдаги пардаларни тақиб олиб транспорт воситасидан фойдаланган.

Иш ҳужжатларида “Ўзстандарт” агентлиги Ўзбекистон стандартлаштириш метрология ва сертификатлаштириш агентлигининг 2019 йил 15 майдаги алоқа хати мавжуд бўлиб, унда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалда бўлган давлатлараро стандарт ГОСТ 33988-2016 “Автомобильные транспортные средства. Обзорность с места водителя. Технические требования и методы испытаний”нинг 2.12-бандига мувофиқ ҳайдовчининг жойидан теварак-атроф кўриниши майдоннинг устки чегараси деб, ҳайдовчи кўзлари ва жами майдоннинг остки чегарасини ташкил қиладиган, учта бошқа текисликлар даражасида ўтадиган, горизонтал текислик орасида жойлашган, 1800 секторда олд кўринишнинг шартли майдони ҳисобланиши кўрсатилган.

Қонунга эътибор берилса, ҳайдовчининг ўрнидан (!) теварак-атрофни кўришни чеклайдиган қўшимча нарсалар ўрнатилган ёки қопламалар суртилган транспорт воситаларидан фойдаланиш учун жавобгарлик мавжуд. Стандарт талабларида ҳам айнан ҳайдовчининг ўрнидан теварак-атроф кўриниши майдоннинг устки чегараси сифатида ҳайдовчи кўзлари ва жами майдоннинг остки чегарасини ташкил қиладиган, учта бошқа текисликлар даражасида ўтадиган, горизонтал текислик орасида жойлашган, 1800 секторда олд кўринишнинг шартли майдони ҳисобланиши кўрсатилган.

Демак, юқоридаги қоидадан ҳайдовчи бошқарув рулида ўтирган жойдан ўзига нисбатан олдиндаги 1800 секторда олд майдон теварак-атроф кўриниши ҳисобланади ва бу ҳолатда орқа ён эшикларда пардаларни бўлиши теварак-атрофни кўришни чекламайди. Айни ҳолатда енгил автомашинанинг орқани кўрсатувчи икки ён кўзгулари мавжудлиги орқани бемалол кўринишини таъминлаб бериши ҳам мумкин.

9 июнь кунги воқеада қонунда транспорт воситасини орқа ён ойналарига парда тақиб олинишига оид расмий чеклов мавжуд бўлмаган. МЖтК моддасига кўра, тақиқ фақатгина ҳайдовчининг ўрнидан теварак-атрофни кўришни чеклайдиган қўшимча ўрнатилган нарсалар ёки суртилган қопламаларга таълуқли бўлган. Суд Х.Абдураҳимовни транспорт воситасининг орқа, ён ойналарига парда тақиб олиши уни автомашинани бошқаришида теварак-атрофни кўришини чекламайди, деган асосли хулосага келган.

Албатта, суд қарор қабул қилишда давлат органлари ёки бошқа муассасаларнинг расмий муносабатлари ёхуд қонунни қўллаш бўйича тушунтиришларига эмас, балки қонун талабига асосланиб қарор қабул қилади. Зеро, суднинг вазифаси энг аввало қонун устиворлигини таъминлаш.

Юқоридагиларни асосланиб, суд аризачи Х.Абдураҳимовнинг шикоят аризасини қаноатлантириб, Тошлоқ туман ИИБ ЙҲХБнинг қарорини бекор қилиб, ишни юритишни тўхтатишни белгилашни лозим топган.

2019 йил 2 август куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали автотранспорт воситаларидан фойдаланишни тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарор билан Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 24 декабрдаги “Йўл ҳаракати қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорининг 3-иловаси 7.4-бандига ўзгартириш киритилиб, муқаддам М1 тоифадаги автомашиналарга берилган ҳуқуқ чиқариб юборилди. Яъни, М1 тоифадаги автотранспорт воситаларининг орқа ойналарига чий парда ва дарпарда ўрнатишга рухсат этилади, деган жумла олиб ташланди. Лекин, мазкур банд билан барча тоифадаги автомашиналарнинг орқа ойналарига парда (чий парда, дарпарда) ўрнатишга рухсат берилди. Демак, муқаддам М1 тоифадаги автомашиналарнинг орқа ён ойналарига парда ўрнатишга тақиқ бўлмагани сабабли М1 тоифадаги автомашиналар янги қарорда чиқариб ташланганини тушуниш мумкин.

Қарорда III класс М3 тоифадаги (М3 тоифаси - йўловчиларни ташиш учун фойдаланиладиган, ҳайдовчининг ўриндиғидан ташқари ўриндиқлар сони 8 тадан ортиқ ва энг катта вазни 5 т дан кўп бўлган автотранспорт воситалари, Класс III- конструкцияси фақат ўтириб кетадиган йўловчилар учун мўлжалланган автотранспорт воситалари) автотранспорт воситалари ён ойналарига парда ўрнатиш мумкинлиги аниқ кўрсатиб берилган ва ноаниқликлар бартараф этилган.

Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 9-моддасида “Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахс бу ҳуқуқбузарлик содир этилган вақт ва жойда амал қилиб турувчи қонун ҳужжатлари асосида жавобгарликка тортилади” деб белгиланган.

Шунга эътибор қаратиш лозимки, Тошлоқ туман маъмурий суди юқоридаги қарорни жорий йил 6 август куни қабул қилган бўлса-да, 9 июнь куни содир этилган гўёки ҳуқуқбузарлик бўйича маъмурий ишни кўриб чиққан. Бу ҳолатда суд МЖтКнинг 9-моддаси талабидан келиб чиқиб, 9 июнь куни амалда бўлган қонун нормаларига асосланиб иш кўрган. Яъни, ўша пайтда қонуний кучда бўлган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 24 декабрдаги “Йўл ҳаракати қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорининг 7.3 ва 7.4 бандларини муҳокама қилган. 2019 йил 2 август куни эса айнан мазкур нормалар ҳукуматнинг тегишли қарори билан ўзгартирилган.

Юқоридагиларни инобатга олиб, 2019 йил 3 августдан бошлаб бу борадаги муносабатларга аниқлик киритилганини назарда тутиб, қонунчиликни қўллаш лозим бўлади".

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан