Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Туркий тил ислоҳоти ёхуд “Навоий ўзини ўзи ўлдирган”ми?!
9.02.2020 10:08,  
1511

Ҳазрат Алишер Навоий асарларини ўқиган сари мағзи чиқиб келаверади. Демоқчимизки, ҳар бир матнга янгидан ёндашилганида янгидан янги маънолари кашф бўлади. Буни кўп навоийшунослар ҳам эътироф этишган. Маълумки, Навоийга қадар адабий тилимиз тарқоқ равишда, айрим ҳудудлардагина юзага келган бўлиб (масалан: ўғуз, қипчоқ, уйғур тили сингари), улар бир-биридан анчагина фарқ қилар эди. Навоий катта ҳудуддаги мазкур тарқоқ адабий тилни услуб жиҳатидан ҳам, таркиб жиҳатидан ҳам бирлаштирган дейиш мумкин. Шунингдек, мазкур ҳудудлардаги шевалар, лаҳжалар ва айрим тиллардаги асосий хусусиятларни ўзининг бадиий-амалий фаолияти билан ягона умумий тил даражасига келтирди, адабий тилни сайқаллаштирди ва янги босқичга олиб чиқди.

Албатта аллома томонидан асосланган адабий тил узоқ йиллар давомида фақат ўзбеклар учунгина эмас, балки бошқа туркий халқлар учун ҳам адабий тил сифатида хизмат қилиб келганлигини таъкидлаш жоиз. Бу ўринда “ўзбек” атамасини шартли равишда қўлламоқдамиз, чунки у зот даврида ҳозирдаги миллатни ифода қиладиган бу сўз қўлланмаган. Айнан Навоий асарлари, хусусан, “Фарҳод ва Ширин” достонида у яратган адабий тилнинг Хитойдан Хуросонга, жумладан, Шероз ва Табризгача тарқалганлиги, Мовароуннаҳрнинг эса, шубҳасиз, шу ҳудудлар маркази бўлганини биласиз.

 Шунингдек, адабий тилнинг манбалари, хусусан, халқ шевалари ва уларда сўзлашувчи халқларниннг турли-туман этник таркиблари ҳам айтилган. Навоий асослаган адабий тил манбалари қаторига ҳозирги миллий тил учун хос бўлган учта катта лаҳжанинг, яъни қарлуқ-чигил-уйғур, қипчоқ, ўғуз лаҳжаларининг барча шевалари киради. Бу шевалар эса эски ўзбек адабий тилининг бевосита давоми бўлган ҳозирги миллий адабий тилимиз учун ҳам манба бўлиб ҳисобланади.

Дарвоқе, ҳозирга келиб Навоий асарларини чоп этишда айрим эътиборсизликлар ва хатолар учраб туриши тўғрисида гаприб ўтмасак бўлмайди. Бу борада куюнчак навоийшунос олим Ваҳоб Раҳмонов менга шу хусусда киноя оҳангида айтиб қолдилар.

 – Биласизми, иккита “янгилик” бор. Биринчиси, Алишер Навоий уйланган экан. Хотини бўлган экан. Иккинчиси, Навоий ўз жонига қасд қилган, яъни ўзини ўзи ўлдирган экан! Сабаби эса, хотинининг наслсизлиги – туғмаслиги экан.

Бу гапдан ёқа ушлаб домла сўзинизни очиқланг, у зотнинг ўлими тафсилотлари Хондамирнинг “Макорим ул-ахлоқ” асарида батафсил айтилган-ку ё бошқа биз билмайдиган манба чиқиб қолдими, деб таажжубга тушдик.

Шунда домла Навоий асарларининг тўплами чиққан китобларда шундай чалкашликни кўргандан кейин нима ҳам дердим. Ҳазратнинг “Хазойин ул-маоний” девонларининг ҳар бир байтини синчиклаб ўқишимни ўзингиз яхши биласиз. Кечагина “Наводир уш-шабоб”нинг 189-бетидаги бир байтни ўқидиму, шу “янгилик”ни топдим. Қани, Алишер Навоий “Мукаммал асарлар тўплами”нинг йигирма жилдлигидан тўртинчи томини олайлик, дедилар.

Олим 4-жилд 189-бетдан мисол келтирдилар. 259-ғазалнинг мақтаъсини бир ифодали ўқиб, мазмунини мулоҳаза қилдилар.

Гар Навоий ҳажр аро ўлтурди ўзни йўқ ажаб,
Қилди ёри наслидин новмид қолғондин бу иш...

Навоийнинг ўзлари: “Агар Навоий айрилиқда ўзини ўлдирса ажаб эмас. Чунки ёри наслсизлигидан ноумид бўлгани туфайли бу ишни қилди” дедилар киноя билан. Бироқ, матнда қандайдир бир хатолик бор эди.

Ваҳоб Раҳмонов “ана шу байтдаги “наслидин” сўзининг биринчи “н” ҳарфини ўчириб, “в”га ислоҳ қилинг. Ва нуқтаю эъробларини жой-жойига қўйиб, яна бир бор ўқинг?” – дедилар.

Гар Навоий ҳажр аро ўлтурди ўзни йўқ ажаб,
Қилди ёри васлидин новмид қолғондин бу иш...

Ҳайрият. Олим бу нуқсонни ўз китобимда тузатдим. Қолган 7499 та китобнинг хатосини ким айтади-ю, ким тузатади?! –деб куюндилар.

Ана шу тариқа Ҳазратнинг асарлари хатолар билан чиқаётгани сир эмас. Бундай хатолардан холи бўлиш учун бугунги кунда кучли навоийшунос олимлар керак. Янги талқинда навоийни ўрганаётган ёш тадқиқотчилар ҳам бор. Энг асосийси, диний талқинда ҳали Навоий ҳазратлари тўла ўрганилмади.

Алишер Навоий форс-тожик тилида қайси тур, қайси жанр ва услубда асарлар яратилган бўлса, шуларнинг барчасида ўзбек тилида ҳам асл асарлар ёзди. У зот форс-тожик сўз санъаткорлари билан ижодий мусобақалашди. Ўзбек тилининг лексик, грамматик бойликларини намойиш этди ва уларни маълум қолипга, тартибга солишга интилди.

Навоий лексик меъёрларини белгилашда ҳаётниннг турли соҳаларини тегишли бир қанча туркий сўзларни ўз асарларида истифода этди. Улар қуйидагилардан иборат:

  1. Озиқ - овқат номлари: қаймоқ, қатлама, қурут, сузма, қимиз, тутмоч, умоч, манту.
  2. Чорвачиликка оид сўзлар: арғумоқ, тайя, ғунан, дунан, тўқум чилвир, жабилдир.
  3. Кийим- кечак номлари: дастар (салла), қилмоқ, тўппи, терлик, қур.
  4. Ов ҳайвонлари номлари: кийик, тўнғуз, суйқун, буғу, қилчоқчи, марал каби.

Аллома ўзбек тилининг лексик меъёрларини белгилашда араб, форс-тожик тили сўзларидан ҳам фойдаланган. Чунки ўша давр адабий жанри ва услуби мазкур тиллар унсурларидан фойдаланишни тақозо этар эди.

Айниқса, - ий, - вар, - сар, - нак, -ваш форс-тожик, - айн, - ин, - ат сингари арабча аффикслар ҳам учрайди: зиндоний, кўҳар (тоғлик), ғамнок, париваш, луғатайн, зулфайн (икки соч ўрими), муслимин, мутаҳаййирин, ҳаракат, баракат, хаёлот каби.

Ҳазрат Навоий грамматик меъёрларни белгилашда ҳам самарали иш олиб борди. У ўз асарлари грамматик шаклларининг ихчамлигига ва сўз ясаш техникасига масъулият билан қаради. Ихчам грамматик шакллар орқали янги сўзлар ҳосил қилишга, янги маъно ифодалашга катта эътибор берди.

Навоий ўз асарларида от ясовчи -чи аффиксининг касб-ҳунар оти, лавозим номи ва овчиликка оид атамалар ясашини меъёрий ҳолат деб кўрсатади: қушчи, қўриқчи, сувчи, хазиначи, қўрчи, қучи, шиланчи, йўртчи.

Шунингдек, шоирасарларида – чи аффикси вазифасида келувчи, асосан лавозим билан боғлиқ сўзлар ясаган, ҳозирда архаиклашгин - вул ҳам ишлатилган: йакавул –“йўл бошловчи”, киптавул – “қўрғон қоровули”, қаравул, чапавул, йасавул, бакавул каби.

Навоий тилида ўша давр учун нормал ҳисобланган ҳаракат номи ясовчи қўшимчаси қўлланилган: қабал, ясал, туткал. Бу аффикс ҳозирги ўзбек адабий тилида мавжуд эмас.

Хулоса қилиб айтганда, Алишер Навоий ўзбек адабий тилининнг лексик ва грамматик хусусиятларини тартибга солар экан, унинг бадиий асарлар яратиш учун кенг имкониятларга эга эканини кўрсатиб бўлган.

Сўз аввалида айтганимиздек, у зотнинг адабий меросини бугун қанча ўргансак оз ва яна янги маънолар хазинасига дуч келаверамиз.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан