Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Урушда енгилган арманистон товон тўлайдими?
1.12.2020 10:52,  
819

Совет даврида Тоғли Қорабоғ мухтор вилояти Озарбайжон ССР таркибида эди. 1988 йили Озарбайжоннинг Сумгаит шаҳрида арманилар билан жанжал келиб чиқиши занжирли реакцияга олиб келди. Натижада, Арманистонда яшаётгани сабабли, ҳаёти таҳлика остида қолган озарий миллатига мансуб 300 минг киши тезлик билан ўз она-юртини ташлаб, Озарбайжонга кўчиб ўтишга мажбур қилинди.

Бундан олдинги мақолаларимда 1828 йилдаги Қажар турклари бошқарган Эрон ва Ўрусия ўртасида имзоланган Туркманчай тинчлик келишувига биноан, Тоғли Қорабоғ ва Ереван хонликлари Ўрусия бошқарувига ўтгани, ўн минглаб арманилар Эрон ва, хатто, Ҳиндистондан хонликлар ҳудудига кўчириб келингани, натижада, озарийларнинг бир қисми ҳозирги Туркия ҳудудига кўчиб кетиши оқибатида аҳоли умумий нисбатида озарийлар сони озайиб кетгани ҳақида ёзгандим.

ХIХ аср иккинчи ярмидан бери арманилар озарийларни она-ватанларидан сиқиб чиқариш сиёсатини олиб боришди. 1920-йилларда Арманистон ССР ташкил топгач, кўплаб озарийлар Озарбайжон ва Туркияга кўчиб кетди. Бундан ташқари, 1947 йили Арманистон ҳукумати 50 минг озарбайжонни мамлакатдан чиқариб юборди. Уларнинг ўрнига Яқин Шарқ ва бошқа мамлакатларда яшаётган арманилар кўчириб келтирилди.

1988 йили Тоғли Қорабоғ арманилари мухтор вилоятни Арманистонга қўшишни талаб қилиб, йирик намойишлар ўтказишди. Ўшанда, совет ҳукумати турли республикаларда кўплаб бошқа миллатларга мансуб аҳоли яшаши, агар улар ҳам бўлгинчилик-сепаратизм талаби билан чиқадиган бўлса, ҳеч қайси республика ўз ҳудудини бериб юборишга рози бўлмаслигини билдириб, арманилар талабини рад қилганди.

Шунга қарамай, арманилар "миллатларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаши" тамойили асосида Тоғли Қорабоғ бир тарафлама Озарбайжондан ажралиб чиққанини эълон қилди. Ҳолбуки, арманилар Арманистон мисолида аллақачон "ўз тақдири”ни белгилаб бўлганди. Қолаверса, "мухтор вилоят" мақоми оддий вилоятга нисбатан айрим имтиёзларга эга бўлгани сабабли, ҳуқуқий жиҳатдан ҳам ажралиб чиқиши мумкин эмас.

Аслида, мухтор вилоятни бир четга қўятуринг, сепаратизм ҳуқуқи мухтор республикаларга ҳам берилган эмас. Шунинг учун, 1991 йил сентябрда эълон қилинган уйдирма "Тоғли Қорабоғ республикаси" бир парча қоғоз бўлиб, ҳеч қандай кучга эга эмас. Ўтган салкам ўттиз йил давомида дунёдаги бирорта давлатни қўятуринг, хатто Арманистоннинг ўзи ҳам уни тан олмади.

Озарбайжон бўлгинчи ҳудудини қайтариб олиш учун ҳарбий кучларини Қорабоққа олиб киргач, Арманистон очиқдан-очиқ озарийларга қарши жангга киришди. Совет иттифоқи эндигина парчаланиб, кўп масалалар мавҳумлигидан фойдаланган арманиларга ўрис ҳарбий кучлари катта ёрдам бергани ҳозир сир эмас. Оқибатда, Тоғли Қорабоғ ва Арманистон ишғол қилган еттита туманидан айрилган Озарбайжон 1994-йили Бишкекда оташкесим шартномаси имзолашга мажбур бўлди.

БМТнинг тўртта резолюциясида Арманистон агрессор давлат эканлиги ва ишғол қилинган тупроқлардан ўз қўшинларини тезлик билан олиб чиқиб кетиши талаб қилинган. Лекин, чет эллардаги кучли армани диаспораси лоббичилик фаолиятлари ва диний яқинлик сабаб, ғарб давлатлари Арманистонга қарши санксиялар киритишининг олди олинди.

Масалани дипломатик йўлдан ҳал қилиш учун Ўрусия, Америка Бирлашган Давлатлари ва Франca ҳамраислигида Минск гуруҳи тузилди. Афсуски, ўтган давр ичида бу гуруҳ ҳеч нарсага эришолмагани етмаганидек, Франca очиқчасига, Ўрусия эса зимдан Арманистонни қўллаб келди.

Шу йил 28 сентябрда Арманистоннинг иғвогарона ҳужумидан кейин қарши ҳужумга ўтган Озарбайжон озодлик урушига киришди. Қирқ тўрт кун давом этган уруш пайтида 140 минг киши яшаган Тоғли Қорабоғ маркази Ханкенди шаҳри аҳолисининг юз мингдан ортиғи Арманистонга қочиб кетди. (Изоҳ: ўзбекчаси -- Хонкенти, арманилар "Степанакерт" деб ўзгартирган). Бомбалардан сақланиш учун ертўлаларда бир неча тинч аҳолини пана қилиб, аслида юзларча армани аскар жон сақлагани маълум бўлиб қолди.

Урушда енгилаётган арманилар аламини тинч аҳолидан олиб, фронтдан анча узоқдаги Ганжа ва бошқа шаҳарларни бомбардимон қилиши оқибатида юзга яқин озарбайжон ўлди, тўрт юздан ортиғи яраланди. Бир неча минг турар жой зарар кўриб, улардан бир қанчаси қўлланиб бўлмайдиган ҳолга тушди. Халқаро қонунчиликка кўра, тинч аҳолини ўлдириш уруш жинояти саналади.

Урушда арманилар ҳеч қандай жиддий далил кўрсатмасдан, гўёки Озарбайжон тарафида Суриядан келган бир неча минг пуллик жангари урушаётганини ғарб давлатларига "едирди". Аслида, бунинг том тескари юз берганлиги, Арманистон Озарбайжон ҳудуди ҳисобланган Тоғли Қорабоғ ва теварагидаги еттита туманга армиясидан ташқари, ўз аҳолисини сафарбар қилиб юборгани, бир қанча давлатлардан келган чет элликлар озарбайжонларга қарши урушгани ҳужжатлар билан тасдиқланди.

2020 йил 9 ноябрда президентлар Илҳом Алиев ва Владимир Путин, бош вазир Никол Пашинян тарафидан имзоланган келишув урушга нуқта қўйди. Келишувгача Арманистон шунча йиллардан бери ишғол қилинган еттита туманни қайтариб беришни рад қилаётганди. Уруш натижасида озарий қўшинлари улардан тўрттаси ва Тоғли Қорабоғнинг бир қисмини озод қилди.

Келишувга кўра, қолган ҳудудлар битта ҳам ўқ отилмасдан Озарбайжонга қадамма-қадам қайтариляпти. Бундан ташқари, озарий қўшинлари Тоғли Қорабоғнинг муҳим шаҳри Шушани қўлга киритиб, мухтор вилоятнинг катта қисмини ҳам ишғолдан озод қилди.

Ҳозирча арманилар "Артсах" деб ўзгартириб олган Тоғли Қорабоғ мақоми нима бўлиши аниқ эмас. Лекин, Озарбайжоннинг бу бўлгасини Арманистон билан улаб туриш учун эни беш километрлик Лочин йўлаги ажратиб берилди. Бу йўлак ўрусиялик тинчликни сақловчи кучлар томонидан қўриқланяпти. Ҳозиргача 20 мингга яқин қочқин армани Тоғли Қорабоққа қайтиб келган.

Энди Нахичеван Мухтор Республикасига келсак.

Орадаги Арманистонга тегишли 45 километрлик ҳудуд билан Нахичеван Озарбайжондан ажратиб қўйилганди. Бу эса нафақат Нахичеван, балки Туркия ҳамда бошқа туркий республикалар ҳам бир-биридан узилиб қолишига олиб келганди.

Келишув моддасига кўра, Арманистон ҳудудидан ўтадиган ана шу йўлак ҳам эркин ҳаракат учун очилиши жуда катта тарихий аҳамиятга эгадир. Айниқса, денгизларга тўғридан-тўғри чиқиш йўли бўлмаган Ўзбекистон ўз экспорт маҳсулларини мазкур йўлак орқали Оврўпага етказиб бериши ҳам тезлашади, ҳамда қулайлашиб, арзонлашади.

Энди, уруш қонунларига кўра, ютқазган босқинчи тараф ютган давлатга келтирилган зарарлар учун товон тўлаши кўзда тутилади. Масалан, фашист Олмонияси собиқ Советлар Бирлигига товон ўлароқ Кўнинсберг шаҳри ва вилоятини берган. Ҳозирда Ўрусияга тегишли бўлган шаҳар номи Калининград деб аталади. Яҳудийларга келтирилган зарар эса ҳалигача уларнинг авлодларига тўланяпти.

Арманистон босиб олинган тупроқларга чет элларда яшаган минглаб арманиларни кўчириб келтирди. Эгасиз қолган озарий шаҳар ва қишлоқлари таланиб, отлари арманича қилиб ўзгартирилиб, сохта арман тарихи янада бўрттирилди. Табиий бойликлар Арманистонга ташиб кетилди. Ислом маданиятига оид тарихий ёдгорлик ва бинолар йўқ қилинди.

Масалан, 300 та масжиддан фақат бир нечтасигина сақлаб қолинган, холос. Муқаддас бинолар таҳқирланиб, ичида чўчқа боқилган, молхонага айлантирилган. Урушдан олдин 40 минг киши яшаган Ағдам (Оқтом) шаҳри шунчалик вайрон бўлган-ки, чет эллик журналистлар уни "Кавказ Хиросимаси, руҳлар шаҳри" деб аташди.

Ўрусия ҳимояси остига ўтган арманилар 1830 йилгача мавжуд бўлган албан черковларини ўзлаштириб, ўзлариники деб эълон қилишдан уялишмади. Реставрация қилиш баҳонасида черковларга арманича ёзувлар ёпиштирилди, армани хочлари ўрнатилиб, тарих сохталаштирилди. Шу тариқа, арманилар бутун дунёга ўзларини "қадимий маданият эгаси" қилиб кўрсатишга уринишяпти.

Ишғол остида қолган қайнар булоқли, тоғ-у тошли, жаннатмакон ерлардаги ўрмонлар кесилди, олтин ва бошқа қимматбаҳо метал конлари қарийб ўттиз йил Арманистон бюджетига пул тушириш мақсадида фойдаланилди. Озарбайжон билан Арманистон чегарасида жойлашган олтин кони шулар жумласидан бўлиб, мазкур кон босқинчи ўлка мамлакати бюджетига энг йирик солиқ тўлайдиган тўртинчи ишхона мақомига эга эди.

Салкам ўттиз йиллик ишғол оқибати ўлароқ, Озарбайжон катта иқтисодий зарарга учради. Мамлакат ҳукумати зарарни қоплашни талаб қилиш учун тегишли халқаро судларга даъво аризаси тайёрламоқди. Ҳозирча, кўрилган зарар миқдори юз миллиард доллар деб баҳоланди.

Бундай катта миқдордаги зарарни тўлаш учун ўнлаб йиллар керак бўлиши шубҳасиздир. Чунки, агар Арманистоннинг бир йиллик ялпи ички маҳсули 12 миллиард доллар бўлса, Озарбайжонники ундан деярли тўрт баравар кўпдир.

Келажакда ишғолдан озод қилинган ерлардан фойда ололмаслик оқибатида Арманистон ЙИМси янада озаядиган бўлса, Озарбайжонники эса аксинча – қайтариб олинган ҳудудлар иқтисоди юксалиши ҳисобига анча миқдорда ортади.

Мамлакатда ҳозирдан-оқ хароб қилинган шаҳар ва қишлоқларни қайта қуриш лойиҳалари ҳозирланиб, йўл ва коммуникация қурилиши ишлари авж олдириб юборилди. Бундай улкан яратувчилик ишларини амалга ошириш учун қардош ўлка – Озарбайжон вакиллари етарли куч ва салоҳиятга эгадирлар.

 

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан