Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Уйига Президент ташриф буюрган йигитни соғлиқни сақлаш вазири, Тошкент вилояти ҳокими ва шифокорлар кўргани келишди
21.03.2021 08:37,  
2881

Куни кеча 18 март куни Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятига ташрифи чоғида Чирчиқ шаҳридаги хонадонлардан бирида бўлган эди. Январь ойида турмуш ўртоғи вафот этган Анифиянинг катта ўғли Владислав бундан уч йил олдин бассейнга ноқулай сакраб умуртқаси ва оёғидан, 2-ўғли ҳам хоккей билан шуғулланиш давомида оёғидан қаттиқ лат еган. 

Давлат раҳбари Владислав билан суҳбатда биздан, тиббиётимиздан бирор ёрдам керакми,сенга нима ёрдам бера оламиз, дея сўраган эди. Бунга жавобан Владислав аввалига ҳижолат тортиб, кейин реабилитация учун ёрдам кераклигини, даволанишда асосан ўзи ҳаракат қилиши, соғайиши организмига боғлиқлигини, даволанишига ёрдам беришга қодир мураббий топганини, бироқ унинг Тошкентдан келиб, 12 соат шуғулланиши 100 доллар эканини Президентга маълум қилди.

Шундан сўнг давлат раҳбари: “Мураббий келсин, кейин Соғлиқни сақлаш вазирлигидан ҳам бирортаси келсин. У билан гаплашсин, доктор сифатида нима керак бўлса, ёрдам берсин", — дея масъулларга топшириқ берган эди.

20 март куни Тошкент вилояти ҳокими Даврон Ҳидоятов, соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Ҳожибоев ҳамда травматология ва неврохирургия бўйича мутахассис шифокорлар Владиславнинг соғлигини текшириш учун унинг уйига ташриф буюришди.

Мутахассислар томонидан юқоридагиларни ҳисобга олган ҳолда ва беморни тўлиқ реабилитация қилиш учун қуйидагилар тавсия этилди:

  • уй шароитида реабилитация машғулотларини давом эттириш;
  • уйнинг кириш қисмида пандус қуришни ташкил этиш.

Шунингдек, беморга шифокорлар томонидан реабилитация чоралари, машқлар терапияси, жисмоний муолажалар, яшаш жойидаги травматологнинг доимий кузатувида бўлиш тавсия қилинган.

Владислав аҳволидан хабар олингач, “Дарё” мухбири шифокорлардан бири – Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий амалий тиббиёт маркази директори Мурод Ирисметов билан суҳбатлашди.

– Мана, Владислав аҳволи билан танишиб олдингиз, айтингчи, унинг тузалиб кетишига умид борми?

– Авваламбор шуни айтиш керакки, бу йигитимизнинг ўзи — спортчи. Биз текшириб кўрганимиздан кейин мускулларининг сезувчанлиги бел қисмигача тушгани аниқланди. Йигит ўзини ташлаб қўймаган. Бу бола билан гаплашганда билдимки, бу боланинг иродаси кучли, унда жудаям кучли ишонч бор.

Жароҳат тўғрисида гапирадиган бўлсак, бу жуда оғир жароҳат. Ёшларимиз сув ҳавзаларида чўмилаётганда жудаям эҳтиёт бўлиши керак. Ўзига жуда қаттиқ ишониб юбориш керакмас. Ана шу бош билан шўнғиган вақтда жароҳат олган.

Шу кунгача қилинган муолажалар яхши ёрдам берган. Мен ўйлайманки, жароҳат оғирлигини ҳисобга оладиган бўлсак, бу болага фақат вақт керак бўлади. Лекин бу бола орқа миянинг зарарланиши ва умуртқа синиши билан боғлиқ жароҳатдан сўнг ўзини ташлаб қўймаган.

Бугун бизнинг, мана кеча давлатимиз раҳбарининг ташрифларидан сўнг йигитнинг ишончи ва иродаси кучайди. Биз Владиславни ташлаб қўймаймиз. Ҳар доим хабардор бўлиб турамиз.

Боя ўзига ҳам тушунтирдим, агар биз соғлом одамни 1 ҳафта қимирлатмасдан ётқизиб қўйсак, унинг 85 фоиз мушакларининг тонуси кетиб қолади. Агар бу жараён йиллар давомида давом этса,бу мускуллар латтага айланиб қолади. Лекин бу йигитимизда бу нарса йўқ. Қўл мускулларининг тонуси яхши сақланган.

Мен ўйлайманки, бизнинг кўригимиз ва тавсияларимиз Владиславга куч бағишлайди.

– Даволаш бўйича қандай режалар қилинган?

– Владиславда амалиётлар бажарилган, мана бизнинг Неврохирургия марказимиз томонидан кўп ишлар қилинган. Яъни, келган вақтда тўғри муолажалар ўтказилиб, беморни тўғри йўналишда даволашган. Мен ўйлайманки, шуларнинг натижасида йигит ҳозирги ҳолатга келди. Бундан кейин, мана биз ҳозир консилиум қилдик. Беморга ҳозирча оператив даво муолажаларига кўрсатма йўқ. Ҳозир фақат вақт керак ва шу вақт давомида бизлар реабилитация ўтишимиз керак. Реабилитация — бу беморнинг руҳий ва жисмоний ҳолатини ҳаётга қайтариш, — дейди Мурод Ирисметов.

Шунингдек, бемор ҳақида Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий амалий тиббиёт маркази шифокори Ғайрат Кариев ҳам ўз фикрини билдириб ўтди.

– Беморнинг жароҳат олганига уч йил бўлган. Бизнинг марказга олиб келинганида жуда оғир аҳволда эди. Орқа мияси ва умуртқаси жиддий жароҳат олганди. Унинг боши ва бўйнидан бошқа ери ҳаракатланмасди.

Даволанишнинг 5-куни елка соҳаси ва қўллари ҳаракатлана бошлаган. Шундан уч йил ўтди. Бу вақт давомида боланинг отаси уни мамлакатимизда ва Россияда даволатган. Шунингдек, боланинг отаси унинг уйида спортзал ташкил қилиб берган. Унда йигит доим шуғулланган.

Даво топишга умид бор, йигит машғулотларни тўхтатмаслиги керак. Унинг кўзларида ишонч бор, унда оптимизм бор. Лекин нимадир дейишга барибир эрта. Вақт керак, муолажа керак.

 

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан