26 май куни Мисрнинг FlyEgypt авиакомпаниясига тегишли Boeing 737-86J (CU-TMG) самолёти Тошкент шаҳридан учиб кетишда қоидага хилоф равишда шаҳар узра қайрилиб олишни амалга оширди. Бу ҳақда Telegram’даги AviaSpotter каналида хабар берилди.

TashkentLand каналининг ёзишича, бу учувчининг хатоси сабаб юзага келган. Миср авиакомпанияси пойтахт маркази узра рухсат этилмаган қайрилиб олишни амалга оширган.

«Бу каби манёврлар ҳаво маконидан фойдаланишни жиддий бузиш ҳисобланади», — дейилади хабарда.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари содир бўлган ҳолат юзасидан ўз муносабатларини билдирмоқда. Айримлар Тошкент аҳолисига «ҳамдардлик» билдирган бўлса, баъзилар бунинг учун мисрликларга қандай чора кўрилиши бўйича саволни ўртага ташлаган.

«Уйимнинг устидан учиб ўтди, ғиштларим кўчиб тушай деди, қулаяпти деб ўйладим, Худо кўрсатмасин», «Ҳа, эшитилди, шаҳар марказига тушди деб ўйладим», «Уларнинг учиш ва қўниш борасидаги маълум коридорлари мавжуд, шаҳар марказида эса стратегик объектлар жойлашган, уни шунчаки уриб туширишлари мумкин» — деб ёзади ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари.