Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Хитой. Катта Қизил Аждар 70 ёшда
21.09.2019 19:14,  
2943

1 октябр куни Хитой Халқ Республикаси ташкил топганининг 70 йиллиги нишонланади. Хозирги Хитойнинг пайдо бўлиши, унинг икки буюк дунё кучларидан бирига айланиши бизнинг давримизнинг энг муҳим воқеаларидан биридир. Ушбу таҳлилда 1949 йилда Мао Цзэдун раҳбарлиги остида туғилган Халқ Республикасини яхшироқ тушунишга имкон берадиган баъзи муҳим хусусиятларни кўриб чиқмоқчимиз.

Хитой классик коммунистик мамлакатми?

Хитой одатда "коммунистик" мамлакат деб ҳисобланади. Бошқарув Хитой Коммунистик партияси (ХКП) томонидан самарали назорат қилинади. Аммо Хитой қай даражада коммунистик мамлакат? Масалан, дунёдаги энг катта тенгсизликка эга бўлган давлатлардан бирига айланган давлатни коммунистик мамлакат деб ҳисоблаш, шубҳасиз, тўғри эмас.

1949 йилда Мао ўзининг ажойиб иборасини айтди: "Хитой халқи тиз чўккан еридан қаддини ростлаб турди". У капитализм устидан коммунистик инқилобнинг ғалабаси, пролетариат ва деҳқонларнинг ғалабаси ҳақида гапирмади... "Хитой турди" иборасининг асосий маъноси милий ўзликни англаб етишда эди: ўнлаб йиллар давомида ташқаридан босқинчиликка учраган хитой миллати кўплаб жароҳатларга дучор бўлганида, у ўзининг суверенитетини тиклаш учун янги босқични бошлади ва аста-секин ўзининг заиф томонларини енгиб чиқишга, шунингдек, ўз аҳолиси ва тарихига мос келадиган буюк куч ролини тиклашга киришди.

Бошқа томондан, "янги" коммунистик Хитой анъанавий Хитой билан яқин алоқада бўлди. Чунки Хитойнинг асрлар давомида шаклланган тарихи, маданий ва ижтимоий анъаналарисиз “Халқ Республикаси”ни яхши тушуниб бўлмас эди.

Хитой Коммунистик партияси – Замонавий топ менеджерлар бошқаруви

Хитой Коммунистик партияси "махсус" партия. Бу дунёнинг бошқа қисмларида мавжуд бўлган партиялар сингари классик сиёсий партия эмас. Партия мамлакатни бошқариш учун жавобгар бўлган одамларни бирлаштирадиган уюшма.

Шу маънода, императорлик давридаги мандаринларнинг империя бюрократияси тизими билан бир қатор ўхшашликлар мавжуд. Бир томондан, иккала тизимда ҳам ҳукумат вазифалари "профессионаллар"га, яъни маъмуриятда масъулиятли лавозимларни эгаллашга махсус тайёрланган мандаринларга ёки партия кадрларига топширилади.

Булар меритократик тизимлар бўлиб, бунда сиёсий позициялар ўзларининг имкониятлари ва партияга содиқлигини намойиш этган холда, ҳокимият иерархиясига кўтариладилар. Шундай қилиб, тизим жуда яхши тайёрланган расмий синфни яратади, улар ўз функцияларини юқори даражадаги самарадорлик билан бажарадилар.

Партиянинг “хақи бор”

Хитой Халқ Республикаси бошидан кечирган барча парвозлар ва қулашларга қарамай (Катта сакраш, маданий инқилоб ва бошқалар) Коммунистик партия, хитой халқи олдида легитимликнинг муҳим асосини сақлаб қолди. Ушбу қонунийлик асосан иккита омилга асосланади. Биринчиси, партия Хитойга бирдамлик ва миллий суверенитетни қайтариб берди, унга ХIХ аср ўрталаридан бери давом этган инқирозни енгиб ўтишга имкон берди, Хитойни халқаро ҳамжамиятдаги қўрқинчли ва ҳурматли кучга айлантирди.

Бир неча асрлар давомида Хитойнинг сиёсий фалсафаси, бирликни ҳукмдорлар фаолиятининг муҳим мақсади деб ҳисоблаган. Бирлик ва миллий суверенитетни тиклаш Коммунистик партияни қонунийлаштиришнинг биринчи манбаи бўлди. Узоқ тарихда ҳам Хитой ўзининг "бир империя, бир бюрократия, бир мафкура” шиори остида яшаган эди. (“Бир макон, бир йўл” лойиҳасини эсланг) Агар бу “бирлик" сиёсати сулолаларнинг анъанавий бошқарувини берган бўлса, Хитой Коммунистик партиясининг Чан Кай Шининг (ХКП билан ҳокимият учун курашган Гоминдан партиясининг лидери) қўлидан келмаган - материк Хитойни бирлаштиришдаги катта муваффақияти, партияга анъанавий "осмон мандати" ни берди.

Дунё иқтисодиётидаги “Танос”

ХПКнинг иккинчи қонунийлик омили сўнгги қирқ йилдаги ислоҳотлар босқичи билан боғлиқ. Партия Хитойни дунёдаги иккинчи энг катта иқтисодиётга айлантирган, аҳолининг турмуш шароитини сезиларли даражада яхшилаган, катта иқтисодий ўзгаришларни амалга оширган. Шахсий эркинликлар ва фуқаролар учун очиқ бўлган имкониятларни кўпайтирди.

Хитойда олиб борилган ислоҳотлар, тарихда энг катта иқтисодий инқилобни келтириб чиқарди. Дунё тарихида Хитойгача бундай катта аҳоли гуруҳи, бунчалик қисқа вақт ичида иқтисодий ва моддий турмуш шароитларининг бундай кескин кўтарилишини бошдан кечирмаган. Шунингдек, Хитой бир неча йиллар давомида технологияда глобал кучга айланиш қобилиятини намойиш қилди. Бу ультралиберал таҳлилчиларнинг “Авторитар сиёсий режимларга эга давлатлар, инновациялар учун жиддий чекланган” деган назариясига зиддир. Хитой аллақачон янги технологияларнинг айрим соҳаларида, электрон тижорат ва уяли телефонлар соҳасида дунёда етакчидир.

Хитой Халқ Республикаси эволюциясининг тўрт босқичи

Си Цзинпиннинг ҳокимият тепасига келиши билан Хитой Халқ Республикаси ўз тараққиётида тўртинчи бўлган янги босқичга қадам қўйди дейиш мумкин. Олдинги учта босқич қуйидагилар:

- Хитой Халқ республикаси ташкил этилган 1949 йилдан Маданий инқилоб бошланган 1966 йилгача даврлар. Бу мамлакатнинг янги сиёсий ва иқтисодий тизимининг пойдевори қўйилган босқичдир.

- 1966 йилдан 1976 йилгача: катта ички бурилиш ва ташқи изоляция билан ажралиб турадиган маданий инқилоб босқичи.

- Мао вафотидан кейин қисқа ўтган давр (1976 йилда) Дэн Сяопин ўз кучини мустаҳкамлашга хизмат қилган бўлса, 1978 йилдан учинчи босқич бошланади, бу ислоҳотлар ва ташқи дунёга очилиш давридир.

- Тўртинчи босқич 2012 йилда Си Цзинпиннинг ҳокимиятга келиши билан бошланди. Ушбу босқич янада қатъий ташқи сиёсат, ички сиёсатдаги интенсивлик, авторитаризмни мустаҳкамлаш ва ислоҳотларнинг биринчи ўн йилликларидан (инвестициялар, экспорт, тежаш ва капитал жамлаш) иқтисодий моделнинг ўзгариши - истеъмол, хизматлар ва технологияларга аниқ туртки берадиган омиллар билан фарқланади

Демократия ва Хитой

Ўнлаб йиллар давомида Хитой сиёсий тизимини, иқтисодий ривожланиш ва демократлаштириш ўртасидаги боғлиқлик назариясига асосланган ҳолда таҳлил қилиш устувор тенденция бўлиб келди. Бу ўз навбатида, иқтисодий ўсиш Хитой сиёсий тизимининг илғор мамлакатларнинг сиёсий тизими билан "яқинлашиши" га олиб келишини таҳмин қилишга асос бўлган эди. Ғарб, Хитой кўп партияли, эркин сайловлар орқали ҳокимият алмашадиган демократияга айланади деб ўйлаган эди.

Ушбу назария бўйича модернизация ва иқтисодий ўсиш, жамият ишларини бошқаришда иштирок этишни талаб қиладиган ўрта ва бой синфларнинг кўпайишига олиб келади деб тушунилади. 1989 йилдаги “Тянанмэн инқирози”, ушбу ёндашувга кўра, иқтисодиётнинг ривожланиши ва сиёсий тизимнинг ҳаракатсизлиги ўртасидаги қарама-қаршилик натижасида юзага келган деб ҳисобланар эди.

Бошқа томондан, ривожланган иқтисодиётнинг мураккаблиги, унинг самарадорлигини таъминлаш учун демократик механизмлар иштирокини талаб қилади.

Бундай яқинлашув Хитойда юз бермади. Аксинча, сўнгги йилларда кўпроқ эркинлаштириш тенденциясида инқироз кузатилмоқда. Си Цзинпин даврида режимнинг авторитар хусусияти кучайтирилди, диссидентларга қарши қатағонлар кучайган ва албатта энг муҳим холатлардан бири - Уйғурлар муаммоси яна катта саҳнага чиқмоқда.

Хитойда демократия ёки демократик ислоҳотлар ҳақида гап кетганда, одатда кўп партиявийлик, эркин сайловлар ёки ҳокимият алмашинуви ҳақида гап кетмайди. Аксинча, қонунларнинг кенгайиши ва ҳурмат қилиниши, ҳокимларнинг фуқаролар олдида жавобгарлиги, суистеъмолликлар, ўзбошимчалик ва коррупцияни тўхтатиш учун чоралар кўриш ҳақида гап боради. Яъни, кўплаб хитойликлар демократия ва демократик ислоҳотларни ўтказиш зарурати ҳақида гаплашганда, улар ХКПнинг асосий роли йўқ бўлиб кетиши ва кўп партияли режим ўрнатилиши кераклигини назарда тутмайдилар.

Хитой жамиятининг маданий ва ижтимоий ўзига хос хусусиятларига қарамай, Тайван либерал демократия уларга мос келишини намойиш этмоқда. Истиқболда келажак ҳамиша ўзгаришга тайёр.

Ва ниҳоят, шуни айтиш мумкинки, Хитойда нима содир бўлса, Хитой нимани қарор қилса, буни деярли барча мамлакатларга алоқаси бор. Хитойнинг юксалиши, унинг дунёда бирлашишни осонлаштиришга уриниши, унинг барқарорлиги учун зарурдир. Бу эса халқаро ҳамжамиятнинг энг катта муаммоларидан биридир.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан