Хитойнинг расмий нашрларида Марказий Осиёдаги Помир минтақаси тўлиғича Хитойга тегишли; ХИХ асрда Англия ва Россия босими остида Хитой бу ерларни бой берган, деган мақола қайта чоп этилди. Мақолада тилга олинган ҳудуднинг аксарият қисми Тожикистонга қарашли.
2010 йил Тожикистон бу ҳудуднинг 1158 кв. км.ини аллақачон Хитойга тортиқ қилган эди. Шу билан Хитой ва Тожикистон ўртасидаги ҳудудий келишмовчилик барҳам топиши умид қилинган. Шунингдек, ер эвазига Хитой минтақада экстремизмга қарши курашда Тожикистонга ёрдам бериши келишилган.
Шундан бери Хитой бу ҳудудда ҳарбий постлари сонини оширди. Помирнинг Шинжон автоном вилоятига қарашли қисмида шу йил янги аэропорт ишга тушди.
Экспертларнинг хавотирига кўра, Помир ҳудудини эгаллаб олиш Марказий Осиё сари ташланган биринчи қадам бўлади. Хитойнинг тарихий даъволарига ишонилса, нафақат Помир минтақаси, балки бутун Марказий Осиё Хитойнинг бир қисми.
Шунингдек, Помирни эгаллаш билан Хитойнинг иштаҳаси қонмаслиги ва расмий нашрларда ҳукумат розилигисиз ва ташаббусисиз бундай мақолалар чиқмаслиги айтилмоқда.