Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Янги таҳрирдаги Солиқ кодексига қандай ўзгартишлар киритилмоқда?
2.09.2019 12:53,  
93

Молия вазирлиги Давлат солиқ қўмитаси Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, халқаро ва миллий экспертлар билан биргаликда янги таҳрирдаги Солиқ кодексини ишлаб чиқди.

Молия вазирлигининг хабар қилишича, Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси лойиҳаси тўғридан-тўғри амал қилувчи ҳужжат бўлади. Бу мақсадни кўзлаган ҳолда, унга солиқ солиш масалаларини тартибга солувчи қонуности ҳужжатлар қоидалари, шу жумладан солиқ ставкалари киритилди. Лойиҳа солиқларни ундириш принциплари, ёндашувлари бўйича бошқа мамлакатларнинг амалиётда синалган тажрибасини қўлланилишига асосланган.

Солиқ кодексининг амалдаги тузилиши сақланиб қолган, у умумий қисм (солиқ маъмурчилиги масалалари) ва махсус қисмга (солиқларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг асосий қоидалари) бўлиниши назарда тутилган.

Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси лойиҳасида таклиф этилаётган асосий концептуал ўзгартиришлар:

I. Махсус солиқ режимларининг бекор қилиниши:

  • бозорлар учун, уларни умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтказган ҳолда;
  • концерт-томоша фаолиятини амалга оширувчи шахслар учун, уларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини жорий этган ҳолда. Бунда мазкур фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи учун ундириладиган давлат божи миқдорини пасайтириш назарда тутилмоқда;
  • факат адвокатлик ҳайъатлари учун нотижорат ташкилоти мақомини сақлаб қолган ҳолда, адвокатлик бюро ва фирмалари умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтказилади;
  • қишлоқ хўжалиги товарларини ишлаб чиқарувчиларни умумбелгиланган солиқларни ёки айланмадан солиқ тўлашга ўтказган ҳолда. Бунда солиқ тўловчиларнинг мазкур тоифаси учун фойда солиғи бўйича «ноль» ставкада ва мол-мулк солиғидан озод этиш белгиланмоқда;
  • якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган суммада жисмоний шахслар даромадидан солиқ тўлаш тартиби сақланиб қолади. Бунда уларга декларация асосида солиқ тўлашни танлаш ҳуқуқи берилади, бу солиқ юкини янада адолатли тақсимлаш ва мазкур солиқ тури бўйича берилган имтиёзларни қўллаш имконини беради.

Солиқ кодексидан давлат божи, айрим турдаги товарларни (алкоголли маҳсулотлар) сотиш ҳуқуқи учун йиғими сингари бўлимлар чиқариб ташланмоқда. Уларни алоҳида «Давлат божи тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида (янги таҳрирдаги) назарда тутиш таклиф этилмоқда.

II. Умумий қисмга киритилаётган қўшимчаларда қуйидагилар назарда тутилган:

солиқ тўловчилар ва солиқ органларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқлаштириш;

солиқ органларига таҳлика-таҳлил натижаларига кўра (инспектор аралашувисиз) ваколатли орган билан келишмаган ҳолда, камерал, сайёр текширувлар ва солиқ аудитини тайинлаш ҳуқуқини берадиган солиқ назоратини ўтказишнинг янги тартибини жорий этиш;

солиқ аудитини ўтказиш, солиқ низоларини судгача тартибда ҳал этиш, шунингдек солиққа оид ҳуқуқбузарликнинг турига қараб жавобгарлик чораларини белгилаш тартибини деталлаштириш;

ортиқча тўланган солиқ ўз вақтида қайтарилмаганлиги учун пеня тўлаган ҳолда, солиқ суммасини ўз вақтида қайтариш бўйича солиқ органларининг жавобгарлигини кучайтириш;

солиқлар тўланишини таъминлаш бўйича янги дастакларни, шунингдек коллегиал органлар (комиссиялар) иштирокисиз пуллик асосда солиқлар тўланишини кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконини бериш тартибини жорий этиш;

солиқ солишдан бўйин товлашга қарши тадбирлар белгилаш бўйича нормаларни, шу жумладан «битимларни қайта малакалаш» қоидаларини, «сохта битимлар» бекор қилинишини, фирибгарликдан иборат битимлар бўйича чегирмалар тақдим этилмаслигини белгилаш.

III. Махсус қисмга киритилаётган қўшимчаларда солиқларни ҳисоблаб чиқариш механизмини ва тўлаш тартибини такомиллаштириш, шунингдек барча солиқ солиш элементларини аниқлаштириш ва тартибга солиш назарда тутилган.

Янги таҳрирдаги Солиқ кодексида солиқларнинг 9 та тури назарда тутилган, катта бўлмаган компаниялар (1 млрд сўмгача айланмага эга бўлган) учун айланмадан солиқ кўринишидаги махсус солиқ режими сақланиб қолади.

Солиқларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш бўйича асосий ўзгартиришлар:

Қўшилган қиймат солиғи бўйича:

  • батафсил камерал текширув ўтказилганидан кейин солиқ тўловчиларга ҚҚС бўйича «салбий» сальдони қайтариш ҳуқуқи тақдим этилади. Йирик солиқ тўловчилар учун уни соддалаштирилган тартибда қайтариш ҳам назарда тутилмоқда. Айни пайтда ҚҚС бўйича «салбий» сальдо фақат экспортёрларга қайтарилмоқда;
  • асосий восита объектлари, шу жумладан кўчмас мулк объектлари харид қилинганда (барпо этилганда) ҚҚСни бир йўла ҳисобга олиниши жорий этилади. Айни пайтда ҳисобга олиш тенг улушларда кетма-кет келувчи 12 ой давомида, кўчмас мулк объектлари бўйича эса 36 ой давомида амалга оширилмоқда;
  • ҚҚСдан озод бўлиш ҳуқуқига эга элчихоналар ва халқаро ташкилотларга хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ҚҚСсиз реализация қилишнинг амалдаги тартиби ўрнига ҚҚСни соддалаштирилган схема бўйича қайтариш таклиф этилмоқда;
  • норезидентлар томонидан кўрсатиладиган электрон хизматларга солиқ солиш жорий этилмоқда;
  • давлат мулкини ижарага бериш бўйича хизматлар учун ҚҚС жорий этилмоқда, бу хусусий сектор билан рақобатлашиш имконини беради;
  • солиқ тўловчилар томонидан содир этиладиган фирибгарлик ҳаракатларини, шу жумладан раҳбарлар (муассислар) ёки уларнинг оила аъзолари эҳтиёжлари учун товар-моддий бойликларни текинга бериш, сотиб олиш ва бошқа ҳолатларда, бартараф этишга йўналтирилган чора-тадбирлар назарда тутилган;
  • ҳисоб-китобларни тақдим этиш ва тўлаш муддатлари қайта кўриб чиқилмоқда. Чунончи, катта бўлмаган хўжалик юритувчи субъектлар (чораклик айланмаси 1 млрд сўмдан кам бўлган) ҳисоб-китобни ҳар ойда тақдим этишлари ўрнига ҳар чоракда тақдим этиши белгиланди;

Фойда солиғи бўйича:

  • илгари солиқ солинган шундай даромад суммалари бўйича ҳисобга олиш механизмини жорий этиш орқали дивидендларга поғонали солиқ солишдан воз кечиш таклиф этилмоқда;
  • фоизларга тўлов манбаида эмас, балки уларни олувчиларни солиққа тортиш тартиби жорий этилмоқда;
  • якка тартибдаги тадбиркорларга солиқ солинадиган базани соддалаштирилган тартибда тушумнинг 25 фоизи миқдорида белгилаш ҳуқуқи берилмоқда;
  • солиқ солинадиган фойдани технологик асбоб-ускуналар ёки кўчмас мулк объектларини харид қилишга йўналтириладиган маблағлар суммасига камайтириш қисмида имтиёзни бекор қилган ҳолда уларни харид қилишда бир йўла амортизация чегирмалари тартиби жорий этилмоқда;
  • аванс тўловлари бўйича маълумотномалар бекор қилинади. Улар ўтган чорак якунларига кўра фақат йирик солиқ тўловчилар учун ҳисобланади;

Мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича:

  • объектларни ҳисобга олиш сифатини ошириш мақсадида тақдим этилган имтиёзларни бекор қилган ҳолда, алоҳида объектлар (ер участкалари) бўйича пасайтирилган солиқ ставкаларини жорий этиш таклиф этилмоқда;
  • белгиланган муддатда фойдаланишга жорий этилмаган асбоб-ускуналарга мол-мулк солиғининг солиқ солиш объектидан чиқариб ташланмоқда;
  • ягона ер солиғи тўловчиси бўлмаган, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларига эга бўлган юридик шахслар ер солиғини қишлоқ хўжалиги ерларининг норматив қийматидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқариш тартиби жорий этилмоқда;

Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича:

сувдан қуйидаги мақсадларда фойдаланганда оширилган (беш баравар миқдорда) солиқ ставкалари қўлланилади:

  • а) сувдан фойдаланишнинг белгиланган лимитларидан ортиқ ҳажмда фойдаланилганда — ошган қисмига;
  • б) рухсат берувчи ҳужжатларсиз;
  • в) автотранспорт воситаларини ювувчи корхоналар томонидан ер усти манбаларидан фойдаланганда.

Бошқа турдаги солиқлар бўйича тўловчилар тоифасига, солиқ солиш объектига ва солиқ солинадиган базани белгилаш тартибига аниқлаштиришлар киритилди.

Янги Солиқ кодекси тўғрисидаги қонун лойиҳаси муҳокамалари 17 сентябрга қадар давом этади.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан