Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






“Яшил” ҳудудлар ўртасида ички туризмга рухсат берилади
27.05.2020 23:13,  
465

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 27 май куни туризм ва давлат активларини хусусийлаштириш соҳаларидаги лойиҳалар тақдимоти билан танишди.

Коронавирус пандемияси туризм соҳасига салбий таъсир кўрсатди. Жаҳон туризм ташкилоти маълумотларига кўра, 2020 йил якунлари бўйича халқаро саёҳатлар 89 фоизга, иш ўринлари 74 миллионтага қисқариши, соҳадаги жами йўқотишлар 800 миллиард долларни ташкил этиши кутилмоқда.

Маълумки, жорий йил 16 мартдан мамлакатимиз ташқи ва ички туристлар учун ёпилган эди. Оқибатда 1,5 мингдан ортиқ туроператор, 1,2 мингта меҳмонхона ўз фаолиятини тўхтатди.

Бу гидлар, миллий ҳунармандчилик, зиёратгоҳ ва сиҳатгоҳлар, умумий овқатланиш, транспорт ва бошқалар билан қўшиб ҳисоблаганда 250 мингдан ортиқ аҳоли даромадига жиддий таъсир қилди.

Пандемиянинг оқибатларини юмшатиш мақсадида бу соҳага ҳам  қатор енгилликлар берилди. Жумладан, 1 минг 750 та субъектга мол-мулк, ер ва ижтимоий солиқлардан 60 миллиард сўмга яқин имтиёз тақдим этилди. Лекин бу имтиёз ва преференциялар вақтинчалик. Доимий барқарор ривожланиш учун эса пандемия шароитида ишлашга ўрганиш зарур.

Шу боис бу борадаги хорижий тажриба ўрганилди. Хусусан, “Uzbekistan. Safe travel guaranteed” (“Ўзбекистон. Хавфсиз саёҳат кафолатланган”) бренди остида туристлар учун санитария-эпидемиологик хавфсизлик тизими ишлаб чиқилди.

Президентга ушбу лойиҳа тақдимот қилинди. Шунингдек, мамлакатимизда ички туризмни тиклаш ва ривожлантириш борасидаги режалар билан танишилди. 

Президентимиз биринчи босқичда “яшил” ҳудудлар ўртасида ички туризмга рухсат бериш зарурлигини таъкидлади. Тоғли жойлар ва кўл бўйларида енгил конструкцияли дам олиш масканларини ташкил этиш бўйича кўрсатма берилди. Ҳокимлар билан биргаликда кўчма дам олиш масканлари дислокацияси тасдиқланиб, электрон порталга жойлаштирилади.

Иккинчи босқичда коронавирус касаллиги жиловланган давлатлар рўйхатини шакллантириб, улар билан туризм алоқаларини босқичма-босқич тиклаш кераклиги таъкидланди.

– Туризм фаолиятини қайта тиклаш учун, энг аввало, меҳмонхоналар қандай ишлайди, туристлар аэропортда қандай қабул қилинади, уларнинг мамлакат ичида ҳаракатланиши қандай ташкил этилади, деган саволларга аниқ жавоб бўлиши керак. Белгиланадиган меъёрлар содда, лекин касалликнинг олдини олиш учун етарли бўлиши лозим. Мисол учун, битта ҳолат аниқланса, бутун меҳмонхонани карантинга олишга зарурат бўлмайдиган тизим ишлаб чиқиш зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан