Бугун, 3 июнь куни АОКА ҳузуридаги штабда Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бош инспектори Нурмат Отабеков иштирокида брифинг ўтказилди. Унда муҳим савол ва мурожаатлар юзасидан маълумотлар тақдим этилди:
Савол: Ёз фаслида йўл четида уй шароитида тайёрланган айрон, гўжа ёки салқин ичимликлар сотиш мумкинми?
Жавоб: Йўқ, мумкин эмас. Рухсат этилмаган катта йўл ёқалари, нотурғун жойларда барча турдаги маҳсулотларни, жумладан уй шароитида тайёрланган салқин ичимликлар, бочкалардаги морслар, фрезерда қуйиб бериладиган музқаймоқлар қатъиян ман этилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 378- ва 251-сонли қарорларига мувофиқ ноқонуний кўча савдоси назорати солиқ органларига юклатилган.
Савол: Карантиндан чиққан фуқаро билан қўл бериб кўришиш мумкинми?
Жавоб: Нафақат карантин зонадан келган, балки бошқа инсонлар билан ҳам қўл бериб, қучоқлашиб, бош уриштириб ва ўпишиб кўришиш мумкин эмас!
Савол: Карантинга олинган уй зина тутқичлари ва лифт ичи ҳар неча кунда дезинфекция қилиниши керак?
Жавоб: Кўп қаватли уйларда подезд, зинапоя, тамбур, лифт, кириш жойи, чиқинди ташлаш жойларида жорий ва якуний дезинфекция ишлари амалга оширилади.
Жорий дезинфекция кўп қаватли уйда яшовчи аҳолини огоҳлантирган ҳолда кунига 2 марта: эрталаб ва кечқурун ўтказилади.