Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Йўлдаги одам: Абдул Карим Мирзаев
19.12.2020 22:32,  
2082

Истеъдод Аллоҳ фитратга ато этган ва тарбия билан юзага чиқадиган ноёб инсоний хусусиятдир. Бу хусусиятни ҳеч ким ўз ихтиёри билан қўлга кирита олмайди. Ширали овоз, нотиқлик, шеър битиш, илм билан машғул бўлиш, уни тарқатиш кабилар бунинг мисоли ҳисобланади. Агар истеъдоддан улуш олиш одамзодга берилганида ҳамма ўзи истаган қобилиятни қўлга киритарди, албатта.

Истеъдоднинг икки мураббийи бор: бири ота-она ва устоз; бири Дард. Ота-она ва устозлар ёш болада истеъдод учқунини кўрганлари замон у билан жиддий шуғуллансинларки, бу учқун сўниб қолмасин. Маблағ, эътибор, маслаҳат ва муҳаббатни дариғ тутмасинлар. Дард истеъдоднинг эгизи ҳисобланиб, у бўлмаса, истеъдод порламайди. Аввал дард аланга олади, кейин истеъдод дардни сувратларга, оҳангларга, сўзларга айлантириб намойиш қилади.

Истеъдодлиларнинг адади халқнинг салоҳиятидан далолат. Бир миллат ичида ўнта буюк истеъдод бўлса, демак, бу миллатнинг йўлларини ёритадиган, зулматини аритадиган ўнта машъаласи бор. Халқ бу машъалани ҳимоя қилмаса, асрамаса, авайламаса, ўзи зимистонда қолмоғи муқаррар.

Истеъдоднинг ҳасадгўйлари кўп. Даъвоси улкан, лекин бу даъво учун Аллоҳ қувват бермаган каслар ҳамиша истеъдодларнинг пайини қирқиш пайида бўладилар. Халқ ўз истеъдодларини бу каби итларга ем қилиб қўймасин. Акс ҳолда, келажак авлоднинг маънавий дунёси таназзулга юз тутади, миллат инқирозга учрайди.

Ўзбек халқини Аллоҳ таоло ҳамиша истеъдодлар билан сийлади. Уларни қўллаб-қувватладик, халқ манфаатланди, истеъдодларни тарбиялаб, гўзал ҳосиллар олди. Бироқ истеъдодларимизни осган, отган даврларимиз ҳам кам эмас. Умуман, гап истеъдодларни қадрламоқ хусусда бораётир.

Сухандонлик, нотиқлик, воизлик ўзаро чамбарчас боғланган нодир қобиятлардир. Оламда воизлар кўп, овози жаранглайдиганлар бисёр, дейлик, ўз ичимизда ҳам сўзларни чиннидек чертиб қўллайдиганлар анча топилади. Бироқ бу хусусиятлар ҳам халқнинг қалбига кириб бориш учун кифоя қилмас экан. Воизликнинг замирида – истеъдоднинг моҳиятида ҳақиқатни айтишга бўлган истак, саҳродаги ташналик сингари кучли хоҳиш бўлмоғи лозим. Шунингдек, воизнинг ҳар бир каломи унинг қалбини, ҳаётини ўнглаб борган сари халқнинг руҳоний оламидаги бемисл мулкка айланаверади.

Абдул Карим Мирзаев тимсолида мен ана шу ҳақиқатни кўрдим. У ўз ҳамкасблари ичидан оловдек аланга олди. Ўзининг кимлигини англади. “Йўлга чиққан, йўлдан чиқмасликка интилаётган инсон” ўлароқ ўзини билди. Бу катта мақом.

У баъзилар сингари баҳс майдонларига ўзини отмайди. Айримларга ўхшаб одамларни айбу нуқсондан иборат ҳолда кўрмайди. Ёки моддий эҳтиёжларини маънавий муҳтожликдан юқори баҳоламайди. Ҳимматини арзимаган матоҳларга айирбош қилмайди.

Абдул Карим Мирзаев илмга, олимликка даъвогар эмас, у ўзи топган маънавий хазиналарини – дурру гавҳарларни ўз халқи билан баҳам кўришни истайди, холос. Халқнинг қаршисига сўз айтгани чиқар экан, чиройли қиёфа, сеҳрли сас ила намоён бўлади, чунки у элга ваъз айтаётир, одамларнинг кўзлари қувонсин, қулоқлари ҳикматдан дур тақсин. Гўзалликни, ахлоқу адабнинг чиройини, ҳикматини ҳис этсинлар.

Қизиқки, баъзан илми дарёдек тошиб кетганлар, бойлиги уйларига сиғмаганларга Аллоҳ Ўз ҳикмати билан фатҳу файз бермайди. Уларнинг суҳбатлари зериктиради, ҳадялари дилни озорлайди. Лекин қаршингиздан камтарона жилмайиб чиққан бир хокисор зотнинг ширин сўзлари самимияти билан қалбни эритади, қўлида тутгани, ҳадя дея келтиргани бир бош пиёзни-да кўнгил гуллардан кўра қадрли қабул этажак.

Абдул Карим Мирзаевнинг хокисорлиги, ҳиммати, ўз халқига бўлган муҳаббати, ўз элининг дунёси учун қайғуриши самимий бўлгани учун ҳам унинг саси кириб бормаган хонадонни, сўзларига асир бўлмаган кўнгилни топиш бугун маҳол. Қишлоқдаги оддий меҳнаткашдан тортиб, ҳашамга кўмилган зотлар унинг нутқларидан мутаассир. Мушфиқ оналаримиз унинг ҳаққига дуода, муҳожиру мусофир ака-укаларимиз унинг суҳбатини олишга интиқ. Зотан, Аллоҳ самимиятли қалбларни бирлаштиради, чин кайғуси бўлган зотларнинг ораларида парда бўлмас.

Менинг Абдул Карим акам ҳақида айтажакларим бу. Шундоқ ҳам, халқимиз ўзининг ҳассос бу фарзандини яхши танийди. Ардоқлайди. Аллоҳим Абдул Карим Мирзаевга муваффақият ато қилсин, илму ҳилмини зиёда айласин, тўғри йўлидан адаштирмасин! Гўзал хайрларга, улкан амалларга ноил қилсин! Гўзал ишларининг ажрини кўпайтириб берсин, амийн!

Ва Абдул Карим кабилар кўпайсин, чунки бу миллат учун, бу халқ учун, унинг кўкларга қанот қоқиб юксалмоғи учун юзлаб Абдул Карим сингари фидойи ва маърифатпарварлар зарур.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан