Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Юртимизда ноябрда қандай об-ҳаво кузатилади?
2.11.2020 15:43,  
954

Деярли бутун ўтган октябрь давомида Ўзбекистон ҳудудида об-ҳаво асосан қуруқ ва шамолсиз бўлди. Фақат айрим кунлардагина Фарғона водийси вилоятларида ва тоғли туманларда ёмғир ёғди. Баланд тоғли ҳудудларда қор ҳам ёғиб, бу йилги биринчи қор қоплами ҳосил бўлди, лекин у беқарор бўлиб, икки-уч кунда эриб кетди.

Қуруқ октябрлар бизда тез-тез кузатилади, бироқ бу йилги октябрь экстремал қуруқ бўлди, мамлакатимизда бутун метеорологик кузатувлар даврида энг ёғингарчиликсиз октябрлардан бири бўлгани қайд этилди, дея хабар беради Ўзгидромет.

Ҳарорат режими бўйича эса октябрь нисбатан салқин келди. Энг совуқ кунларда кундузги ҳарорат 12-15 даражагача пасайди, охирги беш кунликда эса 10-13 даража илиқ бўлди, энг иссиқ кунларда кундузи 24-26 даражадан ошмади. Ойнинг охирида биринчи кузги аёз кузатилди.

Ноябрь — кузнинг охирги ойи, ва у одатда, ҳароратнинг кескин ўзгаришлари билан ажралиб туради. Ноябрь ойининг ўртача ҳарорати октябрга нисбатан 5-7 даража пастдир. Бу ойда ёғингарчилик ҳам кўпроқ кузатилади, кўпроқ давом этиб, кучлироқ бўлади. Ноябрда ёмғирнинг қорга айланиш ҳолатлари такрорланиб туради. Тоғли туманларда айрим жойларда қор қоплами ҳосил бўлсада, кўпинча у беқарор бўлади.

Бутун кузатувлар тарихидаги энг иссиқ йилларда ноябрь ойида ҳарорат, одатда, ойнинг биринчи ярмида 27-32 даражагача, жанубда 34 даражагача кўтарилган.

Ўтган асрнинг ўртасигача энг совуқ ноябрларда ҳарорат 13-18 даража совуққача, ҳатто ундан ҳам паст, шимолда 22-27 даража совуққача пасайган.

Лекин сўнгги 50 йил ичида республика ҳудудида ноябрда бундай совуқлар кузатилмаяпти. Камдан-кам ҳолатларда тунда ҳарорат 4-6 даража совуққа, шимолда 13-16 даража совуққача тушади. Фақат 2016 йил ноябрининг охирги ўн кунлигида ҳарорат 8-13 даража совуқ, шимолда 20-22 даража совуқ бўлган.

Ўзгидрометнинг жаҳон об-ҳаво марказлари маълумотларидан фойдаланиб тайёрланган дастлабки баҳоларига кўра бу йилги ноябрь ҳам ҳарорат режими, ҳам ёғингарчилик режими бўйича меъёрларга яқин бўлиши кутилмоқда.

Ноябрнинг деярли бутун биринчи ҳафтаси давомида Ўзбекистонда об-ҳаво кам булутли бўлади. Дам олиш кунларида булутлилик ортади, бироқ қуруқ ҳаво кейинги ҳафтанинг бошигача сақланиб туради. Ҳарорат кечаси 2-7 даража, кундузи 18-23 даража бўлади.

Кейинчалик иссиқ тўлқинлар совуқ тўлқинлар билан алмашиб туради, ҳарорат кечаси 5-8 даража илиқдан 0-3 даража совуққача, кундузи 17-20 даража иссиқдан 3-6 даража илиққача ўзгариб туради. Ёғингарчилик асосан ёмғир кўринишида бўлади.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан