Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Юртини сотган жосус ва қотил милиционeрлар
2.01.2021 23:24,  
4642

1980 йили Давлат хавфсизлиги қўмитаси – КГБ майори Виктор Шеймов қизи ва хотини билан Америкага қочиб кетади. Майор қочишдан олдин Марказий разведка бошқармаси билан ўзига Америкада бир миллион доллар берилишини ҳам келишиб олган. Юртини сотган Шеймов совет ҳукумати ва чет эллардаги агентура ҳақида билган ҳамма билгиларни МРБга берган.

Қизиғи шундаки, Шеймов оиласи билан қочиб кетганини Москвадагилар билишмаган. Ўша даврларда КГБ бошлиғи Юрий Андропов ва Ички ишлар вазири Николай Шёлоков ўртасида шахсий адоват бўлган. Милиция ходимлари босқинчилик ва товламачилик йўли билан жиноят содир қилиши кундалик ҳолатга айланган. Шунинг учун, уларни қидирган изқуварлар КГБ майори Шеймов ва оиласи шундай жиноят қурбони бўлиб, жасадлари йўқ қилинган деган тахмин билан юришаверган.

1980 йил сўнггида бошқа бир КГБ ходими – Вячеслав Афанасьев янги йил олдидан иш ерида тарқатилган камёб озиқ-овқат ва ичимлик билан маст ҳолда метро вагонида ухлаб қолади. Уни таъмагир ва юлғич метро бекати милиция ходимлари кўриб қолиб, вагондан тушириб, хонасига олиб кетишади. Афанасьевни оддий халқ вакиллари каби уриб, роса дўппослашади. Лекин КГБ ходими бўш келмайди ва уларга хизмат гувоҳномасини кўрсатади.

Шундан сўнг, милиция ходимлари ўз бошлиғи билан гаплашиб, аввалига жосусни қўйиб юборишади. Лекин сир фош бўлишидан қўрқиб, уни яна мажбурлаб машинага миндириб, шаҳар четига олиб бориб, темир билан ўласи қилиб уриб, ташлаб кетишади. Эртаси кун жони чиқмаган махсус хизмат ходимини одамлар кўриб қолиб, тез ёрдам чақиришади. Реанимация бўлимида беш кун ётган ходим ўзига келмай, ҳамма сирни нариги дунёга олиб кетади.

Шундан кейин, КГБ ва ИИБ орасида жанг бошланади: биринчи тараф жиноятни очишга уринса, иккинчиси яшириш учун ҳамма воситани ишга солади. Оқибатда, КГБнинг қўли баланд келиб, айбдорлар қўлга олинади. Уларни сўроқ қилиш пайти қандай воситалар ишга солинганини фақат тасаввур қилишимиз мумкин. Лекин натижада қотиллар қилмишига иқрор бўлибгина қолмай, КГБ ходими Шеймов ва оиласини ҳам ўлдиришганини бўйнига олишади. Ўликларни ўрмонга кўмишганини билдиришади. Аммо улар айтган ердан кийик суяклари топилади, холос.

Юрий Андропов тергов ва суд материалларини газеталарда ёритишга рухсат беради. Бу эса халқнинг милицияга ишончи анча йўқолишига олиб келади. КГБ милиция тизимидаги кирдикорларни очиб ташлаши жуда кўп ички ишлар ходимлари ишдан ҳайдалиши ёки уларга нисбатан жиноий ишлар қўзғатилишига олиб келади.

Ички ишлар вазири Шёлоков хизмат вазифасини суиистеъмол қилиб, давлат пулини қариндош-уруғларига сарфлягани маълум бўлади. Унинг уйидан 500 минг сўмлик моддий бойлик, жумладан 250 минг сўмлик жавоҳирлар топилади. (Солиштириш учун: ўша пайтлар энг қиммат совет автомобили Волга ГАЗ-24нинг нархи ўн минг сўм эди).

Ўз мансаби, барча унвонларидан ажралиб, ёлғиз қолган собиқ ички ишлар вазири 1983 йил декабр ойида ўзини-ўзи ўлдиради. Унгача иснодга чидай олмаган хотини ўн ой олдин ўз жонига қасд қилиб бўлганди. Албатта, қаттиқ цензура остида ишлайдиган совет ОАВлари буни эълон қилмаган, янгилик халқ орасида оғиздан-оғизга ўтиб тарқалганди. Афанасьев иши бўйича судланувчилардан учтаси отиб ўлдиришга ҳукм қилинади.

Қилинмаган жиноят милиция ходимлари бўйнига қўйилиши оқибатида Шеймов ватанини сотиб, Америкада ялло қилиб юрганини КГБ 1985 йилга келгандагина билади. У пайтгача майор Шеймов Америка разведкасига катта наф келтириб, мукофотлар олишга эришиб бўлганди. Лекин ваъда қилинган бир миллион ўрнига иккиюз минг доллар беришган, холос. Хафа бўлган Шеймов ишдан кетиб, ўзига хусусий фирма очган. Кейинчалик, МРБни судга берган жосус судгача келишувга эришди. У 2019 йили Виржиния штатидаги Вена шаҳрида 73 ёшида вафот этди.

Собиқ КГБ жосуси ўз юртини нега сотганини шундай изоҳлайди: "Болалигимдан бошлаб, совет жамиятининг маҳсули бўлган менинг миямни ҳам юва бошлашган. Мен жуда содиқ коммунист ва ватанпарвар эдим. Лекин КГБда ишлаш жараёнида, сиз фақатгина тор доирадаги кишиларгина ўқиши мумкин бўлган ҳаққоний билгиларни ола бошлайсиз. Бу билгилар эса сизга ёшликдан ўргатилган ҳамма нарсага зид келади. Сиз КГБ аслида нима қилаётганини кўрасиз: ташкилот совет халқини ҳимоя қилиши керак, лекин, аслида ундай эмас. КГБ уларга ва бутун дунёга қарши ишлайди. Менинг мақсадим коммунистик тизимга қўлимдан келганича кўпроқ зарар етказишдан иборат эди".

Бундан ўттиз йил олдин айтилган юқоридаги гаплар сизга яқин-атрофингизда юз бераётган воқеаларни эслатяптими?

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан