Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






"Заковат" кўрсатуви ёпилдими?
5.01.2021 09:51,  
634

Сўнгги кунларда шу каби савол билан кўпчилик мурожаат қилмоқда, ижтимоий тармоқларда муҳокама бўлмоқда. «Заковат» клуби аъзоси сифатида айрим изоҳларни бериб ўтмоқчи эдим",- дея ёзмоқда "Заковат"нинг бир неча бор чемпиони Хушнудбек Худойбердиев.

«Заковат» кўрсатуви декабр ойида эфирдан олинди. 20 йиллик фаолияти давомида биринчи марта янги йил арафасида «Заковат» эфирга кетмади, Олий лига ўйинлари охирига етмай тўхтатилди, ким финалга чиққанию, ким чемпион бўлгани ҳам аниқланмай қолди. Ҳаттоки суратга олинган 2 та кўрсатув эфирга ҳам кетмади. Бунақаси шу пайтгача бирор марта бўлмаганди.

«Заковат» кўрсатувининг тўхтатилишига сабаб, у эфирга кетадиган хусусий канал кўрсатувни рейтинг ололмаяпти деган важ билан экранлардан олишга қарор қилди. Албатта хусусий канал нимани эфирга бериш ёки бермасликни ўзи ҳал қилади, бунга эътироз йўқ. Ким учундир илм ва маърифат қадрият, ким учундир эса бошқа қадриятлар бор, буниси ҳам тушунарли.

Аммо барибир жамиятда илмга бўлаётган муносабат мени хавотирга солади. Бугун аксарият инсонларни фақат қорин ғами ва ўйин-кулгу ўйлантиряпти холос. Бошқа нарса унча қизиқмас.

Телеканалларнинг эса фақат пул учун рейтинг кетидан қувиши, ўлдим-куйдим, савиясиз сериаллару, бачкана шоуларга ўч бўлиши ҳам жамиятдаги умумий ҳолатнинг акс-садосидир.

Ўзи бутун дунёда ҳам илмий контент катта рейтинг ололмайди, чунки илмнинг аудиторияси бирмунча кам бўлади. Мана, оддий мисол: шунчаки Youtube даги бирор олим билан интервюни неча киши кўрганию, бирорта артист билан интервюни неча киши кўрганини қарасангиз ҳам бўлади. Айниқса Ўзбекистон шароитида бу фарқ жуда сезилади.

Шу сабабли ҳам илмий, таълимга оид ва интеллектуал лойиҳалар ёки Ҳукумат, ёки месенат-ҳомийлар томонидан алоҳида қўллаб-қувватланади. Чунки илм бу миллат келажаги демакдир.

Энди нима бўлади?

 Энг аввало шуни таъкидламоқчимизки, «Заковат» ёпилгани йўқ. Фақат кўрсатув маълум муддат эфирдан олинди холос. Аммо клуб ҳали фаолиятини давом эттирмоқда.
Клуб ўз олдига бир қанча режаларни қўйган:

Биринчидан, ҳозирги вазиятда дод-вой, йиғи-сиғи қилмоқчи эмасмиз. Замон сенга боқмаса, сен замонга боқ. Бизни ТВда чиқаришни исташмаса, унда ўзимиз ТВ очамиз! Худо хоҳласа, Ўзбекистондаги биринчи интеллектуал интернет телевидениеси очмоқчимиз. Излаган имкон топар дейишади. Балки ушбу лойиҳамиз учун илмнинг қадрига етадиган сахий ҳомийлар ҳам топилиб қолар. Ушбу интернет телевидениесида фақат «Заковат» эмас, 20 га яқин интеллектуал лойиҳалар, ўйинлар бўлишини режа қиляпмиз. Барча дастурлар ЁуТубе орқали эфирга узатилади.

Иккинчидан, 06.11.2020 йилдаги ПҚ-4884-сонли Президент қарорида мактаб ўқувчиларининг интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш мақсадида «Заковат» интеллектуал ўйини бўйича «Вазир кубоги», «Ҳоким кубоги» тадбирларини ҳамда «заковат.тв» платформаси орқали мактаблар ўртасида интеллектуал мусобақаларни ташкил этиш вазифаси топширилган. Ҳозирда Халқ таълими вазирлиги билан мазкур банд ижроси юзасидан чоралар режалаштирилмоқда.

Учинчидан, Шавкат Мирзиёев Ёшлар Форумидаги нутқида олий ўқув юртлари ўртасида 2021 йилдан бошлаб Интеллектуал ўйинлар ҳафталигини ўтказиш ҳақида ташаббус кўрсатган эди. Ҳозирда тегишли ташкилотлар билан ана шундай интеллектуал ўйинларни ўтказиш масаласи муҳокама қилинмоқда.

Ва бу ишларнинг барчасида «Заковат» интеллектуал клуби асосий ижрочилардан бўлиши табиий.

Шундай экан, бизни ҳали олдинда катта режалар кутиб турибди. Машаққат ва синовлардан тўғри хулоса чиқариб, янгидан янги ғоялар устида ишлаймиз, танлаган йўлимизда давом этаварамиз.

«Заковат» ёпилгани йўқ, ҳали у мавжуд! Илм ҳеч қачон ўлмайди, қисқа муддатга беҳуш бўлиб қолиши мумкин холос.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан