Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Захарованинг фикрлари Ўзбекистоннинг ички ишларига аралашишни билдирадими?
16.05.2020 15:50,  
758

2020 йил 14 май куни Россия Ташқи ишлар вазирлиги сайтида Мария Захарова иштирокидаги брифинг чоғида Ўзбекистонда давлат тилида иш юритишни таъминламаганлик учун мансабдор шахсларга жавобгарлик белгиловчи қонун лойиҳаси бўйича муносабат сўралди. Мария Захарова эса гўёки Ўзбекистонда рус тилини кўпчилик ўзбеклар хоҳлаётгани, бу қонун лойиҳаси тарафдорлари эса камчиликни ташкил қилиши ҳақида гапирди.

Албатта, бу Россия ТИВ спикерида Ўзбекистон ичидаги статистика масаласида камчилик борлиги турган гап. Мен масалани бошқа томонини кўтармоқчиман: чет эл мамлакати ТИВ спикери бошқа давлатда содир бўлаётган ҳолатлар ёки қонун муҳокамаси бўйича фикр билдириши ўша икки давлат ўртасидаги халқаро ҳуқуқий қоидаларга зид келмайдими

Олдиндан айтай: бунда натижага қаралади. Агар натижа ўлароқ, Россия босими остида ушбу қонун парламент кун тартибидан олинса, унда Россия бизга халқаро ҳуқуқда тақиқланган босимни ўтказган ҳисобланади. Агар қонун қабул қилинса, бунда Россия томони ўз фикрини оддийгина билдирган ҳисобланади ва бу ҳолат 1991 йилдаги Олмаота битимига мувофиқ келади. Нега?

Биринчидан, БМТ Низомининг 2-модда 7-қисми давлатларнинг ички ишлари ҳисобланган масалаларда БМТнинг ташкилот сифатида аралашувини тақиқлайди (7 бобдаги ҳолат бундан мустасно).

Иккинчидан, давлатларнинг ўзаро тенглиги принципига мувофиқ, бошқа бир давлатнинг иккинчи бир давлатнинг ички ишларига аралашишига ҳам рухсат берилмайди (1970 йилдаги Дўстлик алоқаларига оид Декларация).

Учинчидан, 1991 йил 21 декабрда Олмаота шахрида тузилган "Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигини тузишга оид Битим"нинг Муқаддимасида ҳам давлатлар бир-бирларининг суверенитетини ҳурмат қилишлари, алоқаларни ўзаро тенглик ва ички ишларга аралашмаслик руҳида юритишларини эълон қилганлар.

Халқаро ҳуқуқдаги "давлат ички ичларига аралашув" муаммосида қуролли аралашув ёки мамлакат ичидаги мухолифатни қурол билан қўллаб-қувватлашнинг тақиқланиши халқаро суд амалиёти томонидан ҳам аниқ баён қилинган. Аммо, кейинги йилларда аралашув концепцияси ҳам ўзгаришларга дучор бўлиб, бир давлатнинг анъаналарига зид фильм ёки ҳабарларни сунъий йўлдош орқали узатиш ёки техника воситалари орқали маълум бир давлат ичидаги маълумотларни ўғирлаш кабилар ҳам ички ишга аралашув сифатида кўрилади, деган даъволар тобора кучайиб бормоқда. 

Муаммо шундаки, Россия томони 14 май куни фақатгина оғзаки равишда тилимизга оид қонун лойиҳасига изоҳ берган ва бунда ҳеч қандай қуролли ёки моддий аралашув (бойкот ёки санкция) кўзга ташланмайди. Шундай экан, Захарованинг заҳар каби сўзлари халқаро ҳуқуқ нормаларини бузиб, куч билан аралашувга тенг келишини айтиш анчагина қийин. Шундай бўлсада, қуролли куч билан аралашишдаги натижага ўхшаш аниқ натижа, мисол учун муҳокамадаги қонуннинг муҳокамадан олиб ташланиши ёинки унинг муҳокамасини орқага сурилиши каби ҳолатлар натижа ўлароқ, Россия томонининг Ўзбекистон Республикасига билвосита аралашуви деб қаралиши эҳтимолини юзага чиқаради. Шунинг учун ҳам, Ўзбекистон томони иккиланмай қонунни шаффоф-умумхалқ муҳокамаларидан ўтказган ҳолда тезлик билан қабул қилиши ва шу орқали ўзининг ҳақиқий суверен давлат эканлигини яна бир бор намойиш этиши зарур.

Лекин  шуни ҳам этироф этиш керакки, юқоридаги 1991 йилдаги Олмаота Битимининг 3-моддасига кўра, "аҳдлашувчи томонлар ўз ҳудудларида истиқомат қилувчи этник озчиликларнинг этник, маданий, тил ва диний ўзига хослигини ифода этиш, сақлаш ва ривожлантиришга ёрдам беришни истаган ҳолда, уларни ўзларининг ҳимоясига олишлари лозим". Бу Ўзбекистон Республикасининг халқаро ҳуқуқий мажбурияти ҳисобланади. Кўпчилик руслар истиқомат қилувчи давлат сифатида Россиянинг чет элдаги рус миллати ҳуқуқларини таъминланишига оид ташвишланиши табиий ҳолат бўлиб, Захарованинг шу модда нуқтаи назаридан изоҳ бериши ҳеч қандай муаммо туғдирмасада, Ўзбекистондаги статистика ҳолатларини манипулация қилишга оид ҳаракатини оқлаб қийин.

Шунингдек, Россия томонидан агар ушбу қонун қабул қилинишига таъсир ўтказувчи ҳар қандай чораларнинг жавоб тариқасида қабул қилиниши – Россиянинг Ўзбекистон давлати ички ишларига халқаро нормаларга зид равишда  аралашаётганлигини кўрсатиб беради. Умид қиламанки, Ўзбекистон томони бу ҳолатни жуда ҳам совуққонлик билан бошқаради ва 2004 йилда Стратегик Шерикка айланган бу икки иттифоқчи давлат ўртасида муаммо ортиқча чўзилмайди. 

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан