1-курс талабалари учун ўз вилоятларида «танишув дарслари» ташкил қилинади

1-курс талабалари учун ўз вилоятларида «танишув дарслари» ташкил қилинади

2020/2021-ўқув йилида бакалавриат таълим шаклида 1-курс талабалари ўқишни 12 октябрдан бошлашади. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бош бошқармаси бошлиғи Абдували Холиқов 29 август куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида хабар берди.

«Олий таълимда 2020/2021-ўқув йилини масофавий тарзда бошладик. Биринчи курс ўқувчилари учун ҳам ўқув йили масофавий тарзда бошланади. Биринчи курсга тавсия этилган талабаларнинг ҳужжатлари тўлиқ расмийлаштирилиб бўлинганидан кейин, 12 октябрдан бошлаб олий таълим муассасаларида 3 кундан 2 ҳафтагача танишув дарслари ташкил қилинади. Бу танишув дарслари карантин қоидаларига тўла амал қилинган ҳолатда аудиторияга 50 фоиздан ошмаган талабаларни киритиб, карантин талаблари асосида ташкил этилади», – деди Абдували Холиқов.

Маълум қилинишича, талабалар турар жойларига талабалар жойлаштирилмайди. Узоқ ҳудудлардан Тошкентдаги ОТМларга ўқишга кирган талабалар учун ўша ҳудуддаги ОТМнинг моддий техник-базасидан фойдаланган ҳолда ҳудуддаги ёшларни йиғиб, танишув дарслари ташкил этилади. Бунда узоқ ҳудудларга Тошкент шаҳридаги ОТМлар профессор-ўқитувчилари бориб, танишув дарсларини ташкил қилади. Танишув дарслари кунига 2 жуфтликдан ортиқ бўлмаган ҳолда, жуфтликлар орасида 10 дақиқалик танаффус бўлади.

«Бу дарсларда янги қабул қилинган талаба олий таълим муассасаси ва ундаги ўқитувчилар ва дарс жадваллари билан таништирилади. Бу ерда 1-курсга қабул қилинган талабаларнинг масофавий таълим олиш кўникмасини шакллантирамиз», – деди Абдували Холиқов.