"Насаф" Самарқанддаги финал ўйинида 10 киши бўлиб "Пахтакор"дан устун келди

Ўзбекистон кубоги финал беллашуви бўлиб ўтди. 

Самарқанд шаҳридаги «Динамо» стадионида «Пахтакор» ва «Насаф» жамоалари ўртасида Ўзбекистон кубоги финали бўлиб ўтди. Унда қаршиликлар 2:1 ҳисобида ғалабага эришди. 

Биринчи таймнинг 28-дақиқасида Одил Ҳамробеков «Пахтакор»ни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Орадан кўп ўтмай, 34-дақиқада Ойбек Бозоров рақиб футболчисига нисбатан ишлатган қўполлиги учун қизил карточка олиб, майдонни эрта тарк этди. 

Бироқ қаршиликлар улкан ирода намойиш эта олишди. 38-дақиқада Баҳром Абдураҳимов рақиб ҳимоясидаги бўшлиқдан унумли фойдаланиб, ҳисобни тенглаштирди. 75-дақиқада эса Ғолиб Ғайбуллаев «аждарлар»га ғалаба келтирган голни рақиб дарвозасига жойлади. 

Шу тариқа, қаршиликлар ўз тарихида 2-марта Ўзбекистон кубоги чемпионига айланди. Шунингдек, Рўзиқул Бердиев шогирдлари келгуси мавсум Осиё Чемпионлар Лигаси плей-офф баҳсида иштирок этиш имкониятини ҳам қўлга киритишди.

Ўзбекистон кубоги. Финал
4 декабр, шанба
«Пахтакор» - «Насаф» 1:2 
Голлар: Ҳамробеков 28' — Абдураҳимов 38', Ғайбуллаев 75'

«Пахтакор»: Суюнов, Алижонов, Азмиддинов, Анзур Исмоилов, Сайфиев, Ҳамробеков, Собирхўжаев, Эркинов, Файзуллаев, Ҳамдамов, Темиров.

«Насаф»: Эргашев, Ғайбуллаев, Саидов, Абдураҳимов, Норчаев, Нуруллоев, Мозговой, Насруллаев, Турдиалиев, Бозоров, Эшмуродов.