10 та олий таълим муассасаси контракт миқдорини ўзи мустақил белгилайди

10 та олий таълим муассасаси контракт миқдорини ўзи мустақил белгилайди

Ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтган олий таълим муассасаларига ўзини ўзи тўлиқ молиявий таъминлаш миқдоридан келиб чиқиб, тўлов-контракт асосида ўқитиш қийматини белгилаш ҳуқуқи берилди. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги хабар берди.

Ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтган ОТМлар ректорлари бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича белгиланган тўлов-контракт миқдори ҳақидаги маълумотларни бир ҳафта муддатда оммавий ахборот воситалари ва Интернет тармоғида эълон қилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 3 декабрда «Олий таълим муассасаларини босқичма-босқич ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказиш тўғрисида»ги 967-сонли қарорига мувофиқ, 2020 йил 1 январдан қуйидаги 10 та олий таълим муассасаси тажриба-синов тариқасида ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтган эди:

  1. - Самарқанд давлат чет тиллари институти
  2. - Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти
  3. - Тошкент давлат юридик университети
  4. - Тошкент давлат иқтисодиёт университети
  5. - Тошкент молия институти
  6. - Тошкент давлат шарқшунослик институти
  7. - Тошкент фармацевтика институти
  8. - Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети
  9. - Урганч давлат университети
  10. - Тошкент темир йўл муҳандислари институти

Мазкур ОТМларнинг илмий педагогик салоҳияти юқорилиги, молиявий фаолиятининг барқарорлиги, моддий-техника базаси етарли даражадалиги, таълим хизматлари бозорида мазкур мутахассисликларга талаб юқорилиги инобатга олинган.