Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






100 миллион долларлик “Амирсой” тоғ-чанғи курорти очилди (фотогалерея)
21.12.2019 19:25,  
18462

Бугун, 21 декабрь куни Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида “Амирсой” тоғ-чанғи курортининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Қозоғистон Республикаси маданият ва спорт вазири Ақтўти Райимқулова ҳамда курортни қуришда иштирок этган хорижий компания вакиллари иштирок этди.

Азиз Абдуҳакимов “Амирсой” тоғ-чанғи курортининг давлат стандартларига мос келувчи мувофиқлик сертификатини тўлдириб, дам олиш масканини очиб берди.

“Амирсой” мажмуасининг ишга туширилиши билан юртимизда қиш мавсумида ҳам туристларни кўпроқ жалб этиш имкони яратилди. Ўйлайманки, бу маскан Франция ва Швейцариядаги тоғ-чанғи курортлари каби ҳудуднинг иқтисодий ривожланиши учун катта ҳисса қўшади. Биз нафақат Марказий Осиёда, балки дунё туризм державаси бўлмоқчимиз”, - деди Азиз Абдуҳакимов.

“Амирсой” мажмуасини ишга тушириш учун Италия, Германия, Австрия, Аргентина, Испания ва Дания каби давлатлардан етакчи лойиҳачи компаниялар жалб этилиб, тоғ-чанғи курорти мажмуаси замонавий жаҳон стандартлари асосида қуриб битказилди.

Тоғ-чанғи комплекси жойлашув жиҳатидан қулай ҳудудда ташкил этилган бўлиб, дам олиш масканининг фаолияти учун юқори сифатли асбоб-ускуналар, жиҳозлар келтирилиб ўрнатилган, бу эса, ўз навбатида, меҳмонлар хавфсизлигини таъминлаш ва уларга қулай шароит яратишга қаратилган. Ушбу лойиҳа соҳада катта тажрибага эга Aндорранинг “PGI Management” компанияси томонидан амалга оширилди.

“Амирсой” лойиҳаси бўйича 2018 йилдан буён 892 гектар майдонда кенг кўламли қурилиш ишлари олиб борилиб, у 580 ўринга мўлжалланган. Лойиҳа доирасида 300 янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган ҳамда унинг умумий қиймати 100,0 млн. АҚШ долларини ташкил қилади.

“Амирсой”ни қуриш ишларига энг илғор ва инновацион технологиялар жалб қилинган бўлиб, курорт лойиҳаси икки босқичда амалга оширилади. Биринчи босқич - 2019 йилнинг IV чорагида, иккинчи босқичи эса 2022 йилнинг III чорагида битказилиши режалаштирилган.

Шунингдек ҳудудда Австриянинг “Doppelmayr Seilbahnen GmbH” компанияси томонидан икки замонавий дор йўли қурилди, унинг узунлиги 2 193 м бўлиб, ўтказувчанлик қобилияти соатига 2 400 кишини ташкил этади.

Қишки дам олиш зонасида Aргентина, Испания ва Дания мутахассислари назорати остида турли мураккабликдаги 15 км узунликдаги тоғ-чанғи йўллари қурилди. Уларнинг 4 таси курортнинг энг юқори нуқтасидан бошланади ва энг узун трасса 3 550 метрни ташкил этади.

Сунъий қор ишлаб чиқариш тизими эса чанғи мавсумини ноябрдан апрель ойигача узайтиришга хизмат қилади.

Қишки спорт ўйинлари ишқибозлари, чанғичилар ва сноубордчилар учун ҳар қандай даражадаги йўллар мавжуд бўлиб, уларнинг тоғ-чанғи спорти билан шуғулланиши учун барча шароитлар яратилган.

Шу билан бирга, тоғ-чанғи курорти мажмуаси ҳудудида тюбинг, пиёда саёҳатлар, қорда юриш учун махсус турлар, чана ва квадроциклда учишларни ўз ичига олган кўнгилочар зона ва махсус болалар ўйин майдончаси учун алоҳида ҳудудлар ташкил этилган.

Айни вақтда лойиҳанинг биринчи босқичи якунланиб, “Амирсой” дам олиш масканининг кенг жамоатчилик учун очилишга тайёр ҳолатга келтирилган.

Лойиҳанинг “Ғарбий Aмирсой” деб номланган иккинчи босқичи эса 2022 йилнинг учинчи чорагида якунланиши ва ишга туширилиши режалаштирилмоқда.

Статистик маълумотларга кўра, Тошкент вилоятида 2019 йил якуни бўйича 1464,5 мингга яқин сайёҳ ташрифи кутилаётган бўлиб, жумладан, хорижий туристлар сони 205,1 минг кишига етиши кутилмоқда. 2020 йилда кутилаётган туристлар сони ўсиши ўтган йилга нисбатан 10,3 фоизга, жумладан хорижий туристлар сони 16,6 фоизга ўсиши кутилмоқда, улардан “Амирсой” сайёҳлик мажмуасини ишга тушириш ҳисобига ташриф буюрувчиларнинг сонини қўшимча жами 32,8 минг нафарга кўпайтириш назарда тутилган.

Тадбир доирасида Баҳриддин Чустий бошчилигидаги энг таниқли ошпазлар гуруҳидан тақдим этилган 1 тонналик “Катта палов” меҳмонларга тақдим этилди.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан