103 рақамига қўнғироқ қилганида 10 сонияда жавоб бериш тизими жорий қилинди – Бош прокуратура

103 рақамига қўнғироқ қилганида 10 сонияда жавоб бериш тизими жорий қилинди – Бош прокуратура

Бугун АОКА ҳузуридаги штабда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддинов иштирокида брифинг ўтказилди. Брифингдан қуйидаги маълумотлар берилди:

- Тошкент шаҳрида қўнғироқларни қабул қилиш бўйича тез ёрдам марказий станциясида қўшимча 70 та «Колл-марказ»лар учун жой ташкил этилди;

Тошкент давлат иқтисодиёт университетида тиббий маслаҳат кўрсатиш бўйича 50 нафар кўнгилли шифокордан иборат «Колл-марказ» ўз ишини бошлади. Шу кунга қадар 36 мингдан зиёд мурожаат юзасидан тиббий маслаҳатлар берилган;

Прокуратура органлари томонидан узлуксиз равишда барча кўнгилли ишчиларга махсус кийимлар ва бепул кунлик озиқ овқат етказиб берилиши ташкиллаштирилган;

Тез тиббий ёрдам хизмати автомобиль паркини кенгайтириш ва шу билан аҳолининг тез тиббий ёрдам хизматига бўлган заруратини қондириш мақсадида қўшимча 50 та «Дамас», 12 та «Фотон» ва 27 та “Isuzu” махсус автомашиналари тез тиббий ёрдам марказий станциясига ажратилиши ҳамда давлат рақамлари олиб берилиши таъминланди;

Бундан ташқари, тез тиббий ёрдам хизматининг 103 рақамига қўнғироқ қилинганида диспетчер 10 сонияда жавоб бериши тизими жорий қилинди;

Бош прокуратура ташаббуси билан тез орада “Shifoхоna info” телеграм бот канали ташкил этилиб, ҳар бир касалхонага прокуратура ходими бириктирилиб, шаҳардаги касалхоналарда мавжуд бўш ўринлар (койка) ҳисоби юритилиши йўлга қўйилиши режалаштирилган;

Шунингдек, ҳозирги кунга қадар коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кураш, даволаш, дори-дармон ва тиббий жиҳоз ҳамда бошқалар учун ажратилган маблағларни сарфланишига доир 10 жиноят иши қўзғатилган;

Озиқ - овқат маҳсулотларини тайёрлаш ва етказиб бериш жараёнидаги суиистеъмолчиликлар юзасидан 87 та жиноят иши қўзғатилгани айтилди.