12 йилдан сўнг: Алишер Соиповнинг қотили ҳамон топилмади

12 йилдан сўнг: Алишер Соиповнинг қотили ҳамон топилмади

“BUYUK KELAJAK” Эксперт Кенгаши аъзоси, Фергана.Ру ахборот агентлиги таъсисчиси ва бош директори Даниил Кислов 2007 йили Ўш шаҳрида ўлдирилган журналист Алишер Соиповнинг қотилини топишда Ўзбекистон хавфсизлик хизматларидан ёрдам сўради.

Ҳамкасбимиз, “Фарғона” ахборот агентлигининг Қирғизистондаги мухбири Алишер Соипов 2007 йил 24 октябр куни кечқурун отиб кетилган эди. 26 ёшли журналистнинг Ўш шаҳрида ўлдирилиши ўзи ишлайдиган газета таҳририятига яқин жойдаги кўчанинг ўзида, сурбетларча ва намойишкорона тарзда амалга оширилганди. Бу жиноят ҳалигача очилмади, аммо 2019 йил август ойида иш бўйича тергов қайтадан бошланди.

Алишер 2007 йилда ҳар ҳафта ўзбек тилида нашр этиладиган “Сиёсат” газетасининг директори ва бош муҳаррири бўлиб, бу газетада Жанубий Қирғизистондаги воқеалар ҳақида хабар берилишидан ташқари қўшни Ўзбекистон сиёсатига ҳам танқидий назар ташланар эди.

Газетани чегаранинг нариги томонида – Ўзбекистоннинг Андижон ва Наманган вилоятларига олиб кетиб тарқатишар, чунки бу нашр чиққан кунидан бошлаб бир неча ой ичида бутун Фарғонага машҳур бўлиб улгарганди. Шу тарзда у бирданига икки давлат расмийлари учун ёқимсиз шахсга айланди. Ёш мухбир уларни нимаси билан ғазаблантирганди.

Унинг нашри Қирғизистон ва Ўзбекистон ОАВларида жой берилмайдиган аччиқ ҳақиқатларни ёритарди.

Ўша пайтда жанубдан чиққан Қирғиз президенти Курманбек Бакиевнинг қариндош-уруғлари мамлакат жанубидаги ўзбекларнинг ҳар қандай жамоавий ва бизнес фаоллигини бостирган, Алишер эса айнан шу ҳақда ёзарди. Қўшни мамлакат президенти Ислом Каримовнинг махсус хизмати ҳар қандай – диний ва дунёвий мухолифатни ёқтирмас, “Сиёсат” эса бу иккала гуруҳга ҳам минбар бўларди.

Қирғизистонда Алишерни доимий равишда чекистларнинг олдига чақириб, у билан “тушунтириш суҳбатлари” ўтказилган бўлса, Ўзбекистонда унга қарши расмий ва ҳукуматпараст ОАВларда нафрат каманияси ўтказиларди.

Бир неча ой давомида ҳозирда мавжуд бўлмаган gzt.uz, press-uz.info, c-asia.org, sngnews.ru, centrasia.ru каби сайтларда журналистни турли сўзлар билан ҳақорат қилишди, уни “террорчилар билан ҳамкорлик”, “АҚШ манфаатларига хизмат қилиш”, “Фарғона водийсидаги вазиятни издан чиқариш” ва “нотўғри ахборот тарқатиш”да айблашди.

Алишер ўлдирилишидан бир неча кун олдин Наманган телевидениясида махсус кўрсатув эфирга берилди. Кўрсатув иштирокчилари журналистни “ўзбек халқининг душмани” деб тавсифлади.

Алишернинг дўстлари ва ҳамкасблари уни қоралаш кампанияси ортида Каримовнинг Миллий Хавфсизлик Хизмати (МХХ) турганига аниқ ишонарди. Бу хизмат ходимлари барча мустақил журналистлар ҳақида батафсил маълумотлар тайёрлар, агентлар қўшни давлатлар чегараларини тўсиқсиз кесиб ўтиб, ноқулай одамлар ортидан кузатувлар олиб борар эди.

Бутун дунёга маълум Андижон воқеаларидан кейин МХХ томонидан босим ўзининг чўққисига етди: Тошкентдаги барча Ғарб ахборот агентликлари чиқариб юборилди, маҳаллий ОАВ бичилди, тўлиқ цензура ўрнатилди. Мутлақ жимлик манзарасида Алишернинг мақолалари кечириб бўлмас қўполлик оҳангида янграр, охир-оқибат бунинг учун тўлов қилиши тайин эди.

Алишернинг ўзи ҳам буни тушунар, лекин мардларча фаолиятида давом этарди. Ҳатто махсус хизматлар унинг ҳар қадамини кузатиб, телефон қўнғироқларини эшитиб, шахсий электрон почтасига киришга ҳаракат қилиб юрганини билганида ҳам тўхтамади.

Ҳуқуқ ҳимоячилари ўша йилларда Ўзбекистон МХХ худди ўз уйида юргандек Қирғизистон жанубида хўжайинлик қилганини тасдиқлайдиган кўплаб далилларни илгари суради. Алишер Соиповнинг ўлдирилишида “ўзбек изи” борлиги ҳақидаги тахмин илк кунларданоқ мавжуд эди: ҳатто Қирғизистон ИИВ гумондорларнинг расмини тарқатиб, уларнинг “Қирғизистон фуқаролари эмас”лигига урғу берган.

Бу иш бўйича қайтадан тергов қўзғатилиши бекитилган сирлар эртами, кечми юзага чиқишига умид бағишлайди. Агар ўшлик терговчилар қатъият ва ҳалоллик билан ҳаракат қилса, бу ишда Ўзбекистонга, Каримов даврига олиб борадиган калаванинг учини топиши муқаррар.

Мен қирғизистонлик ва ўзбекистонлик терговчиларга эслатишни истардим: бир вақтлар ўта кучли бўлган МХХ ҳозирда расман йўқ қилинди, амалда мағлубиятга учради, унинг кўплаб ходимлари, жумладан, собиқ генераллари ҳам судланиб, қақоққа ҳукм қилинди.

Шунинг учун МХХнинг меросхўри бўлган Давлат Хавфсизлик Хизмати жамиятнинг ишончига кириш учун хизмат қилиб, унинг учун таҳдиди манбаига эмас, ҳуқуқлари ҳимоячисига айланади, деб қатъий умид қиламан. Бунинг учун ушбу идора собиқ режимнинг оғир жиноятларини, хусусан, Алишер Соипов қотиллигини алоҳида текшириши лозим.

Бугун Ўзбекистонда бу ишни қилишнинг айни вақти.

Даниил Кислов