Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






14 та музейнинг 3 мингдан зиёд нодир ва ноёб маданий бойликлари талон-тарож қилинган
14.11.2022 20:21,  
69

Жорий йилнинг 14 ноябрь куни Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлиси олдидан Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди.

Унда сенаторлар, Вазирлар Маҳкамаси вакиллари, экспертлар, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашининг ёшлар масалаларига масъул доимий Комиссия раислари, вазирлик ва идоралар масъуллари, Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Даставвал 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини "Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили"да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2022 йилнинг 9 ойи якуни бўйича бажарилиши юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи муҳокама қилинди.

Ҳукумат вакиллари томонидан давлат дастури ижроси юзасидан атрофлича маълумотлар берилди.

Сенаторлар давлат дастуридаги айрим вазифалар ижроси кечикаётганига эътибор қаратишди. Хусусан, тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн йўналишларида етук мутахассисларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, киношаҳарларни барпо этиш борасидаги ишларни янада жонлантириш лозимлиги алоҳида таъкидланди.

Мажлисда "Музей ашёлари ва коллекцияларини сақлаш ҳамда уларнинг хавфсизлигини таъминлаш чоралари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш тўғрисида"ги масала ҳам муҳокама этилди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда бугунги кунда фаолият олиб бораётган 48 та давлат музейи ва уларнинг 73 та филиалида қарийб 2,5 млн музей ашёлари ва коллекциялари сақланмоқда. Шунингдек, 6 та нодавлат музей фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, уларда жами 25 мингга яқин музей ашёлари ва коллекциялари мавжуд. Миллий музей фонди таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекциялари сони 1,3 миллионни ташкил этмоқда.

Муҳокама жараёнида сенаторлар томонидан музей ашёлари ва коллекцияларини сақлаш ҳамда уларнинг хавфсизлигини таъминлаш соҳасида айрим ҳал қилиниши лозим бўлган масалалар долзарблигича қолаётгани таъкидланди.

Хусусан, соҳани тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда номувофиқликлар мавжуд. 2008 йил 12 сентябрда қабул қилинган "Музейлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида Маданият вазирлиги музейларни бошқариш соҳасидаги ваколатли давлат органи сифатида қайд қилинган. Бироқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 апрелдаги ПФ–6199-сонли Фармони билан Маданият вазирлиги тизимидаги давлат музейлари, музей қўриқхоналари ва уй музейлари, моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлигига ўтказилган.

Шунингдек, музейлар фаолиятига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тарқоқ ҳолда бўлиб, уларнинг сони 100 дан ортиқни ташкил этмоқда.

Ҳукумат томонидан тасдиқланган Низомга кўра миллий музей фонди таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекцияларини ҳисобга олиш ва сақлаш тартиблари белгиланган, холос. Бироқ Миллий музей фонди таркибига киритилмаган 1,2 миллионга яқин музей ашёлари ва коллекцияларини ҳисобга олиш ва сақлашнинг аниқ тартиблари мавжуд эмас.

Шу каби муаммо ва камчиликлар музейлардан кўплаб ноёб экспонатлар ўғирланиши ёки қалбакисига алмаштириб қўйилишига олиб келмоқда.

Жумладан, республика бўйича 14 та музейнинг 3 мингдан зиёд нодир ва ноёб маданий бойликлари талон-тарож қилинган.

Умуман, 30 йилда маданий мерос объектларига етказилган зарар миқдори 4 трлн сўмдан ошган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, музей ашёлари ва коллекцияларини сақлаш ҳамда уларнинг хавфсизлигини таъминлаш борасида олиб борилган профилактик ишлар, кўрилган чоралар ҳамда кўзда тутилаётган режалар тўғрисида ёзма равишда асослантирилган тушунтириш бериш талаби қўйилган парламент сўровини ялпи мажлис муҳокамасига олиб чиқиш масаласи Қўмита аъзолари томонидан бир овоздан маъқулланди.

Мажлис якунида кун тартибидаги масалаларга доир Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан