15 майдан таксиларга оид тажриба бошланади. Ноқонуний таксичилар фаолияти қандай тартибга солинади?

15 майдан таксиларга оид тажриба бошланади. Ноқонуний таксичилар фаолияти қандай тартибга солинади?

Президент Шавкат Мирзиёев «Автомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолиятини тартибга солишни янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни имзолади, деб хабар бермоқда «Ўзбекистон 24» телеканалининг «Янгиликлар 24» дастури. Қолаверса, ҳужжат ЎзА томонидан ҳам эълон қилиниб, кейинроқ ўчириб ташланди (ҳужжат нусҳаси «Газета.uz»да мавжуд).

Тошкент Транспорт бошқармаси бошлиғи Анвар Жўраевнинг телеканалга берган интервьюсида айтишича, Ўзбекистонда ноқонуний таксилар сони 100 мингдан ошади. Унинг сўзларига кўра, президент қарори уларга лицензия олиш орқали фаолиятини қонунийлаштириш имконини беради.

Ҳозир Ўзбекистонда такси хизматларини 58 мингта енгил автомобилга эга 4300 та компания тақдим этмоқда. Шу билан бирга, автомобилларнинг ярмидан ортиғи (52%) жисмоний шахсларга тегишли.

Мамлакатдаги 1та таксига ўртача 591 киши тўғри келади, Навоий вилоятида — 142 киши, Тошкентда — 166 киши, Андижон ва Сурхондарё вилоятларида — 1500 кишидан, Сирдарё вилоятида — 3000 киши.

Ҳужжат билан 2021 йилнинг 15 майидан 2022 йилнинг 31 декабрига қадар якка тартибдаги тадбиркорларга ҳайдовчиникидан ташқари, тўрттадан ортиқ бўлмаган ўриндиққа эга автомобилларда йўловчи ташишга рухсат этилган. Бунга қадар такси хизматини кўрсатиш ҳуқуқи фақат юридик шахсларда мавжуд эди.

Якка тартибдаги тадбиркор таксичиларга бир қатор талаблар қўйилмоқда:

  • ҳайдовчиларнинг ёши — 21 ёшдан кам бўлмаган;
  • автомобилнинг эксплуатация муддати — 10 йил;
  • «Aккредитация маркази» ДУКда аккредитациядан ўтган техник хизмат кўрсатиш станцияларида — 6 ойда камида 1 маротаба транспорт воситасини техник кўрикдан ўтказиш шарт (юридик шахсларга қарашли таксилар учун ҳар куни);
  • «Uztrans» ягона интерактив ахборот тизимига уланган, кўп тармоқли поликлиникалар, хусусий тиббиёт муассасалари, тиббий кўрикдан ўтказиш шароити мавжуд бўлган автомобиль транспортида йўловчиларни ва юк ташиш фаолиятини амалга ошириш учун лицензияга эга бўлган корхоналарда ҳамда йўловчи ташувчиларга мижозларни излаш бўйича интерактив хизматларни кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан ташкил қилинган махсус текширув пунктларида — ойлик тиббий кўрикдан ўтиш шарт (юридик шахсларга қарашли таксилар учун ҳар куни);
  • ходимларни ишга ёллашга рухсат этилмайди;

Анвар Жўраевнинг таъкидлашича, жисмоний шахслар лицензия олиши учун юридик шахслар билан ижара шартномаси имзолаши шарт эмас — якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан мазкур талаб бекор қилинади.

Ҳайдовчи Тоҳир Сиддиқовнинг сўзларига кўра, олдинлари қонуний таксичиликни бошлаш учун 3−4 миллион сўмга яқин пул талаб қилинган. Ҳозирда эса харажатлар қуйидагича:

  • Якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиш — 245 минг сўм (бир марталик тўлов);
  • «Лицензия» ахборот тизими орқали лицензия варақасини олиш учун давлат божи — йилига БҲМнинг 1 баравари (245 минг сўм);
  • махсус фонар ва стикерларни олиш — 200 минг сўм;
  • қатъий белгиланган ойлик даромат солиғи — 150 минг сўм;
  • ойлик ижтимоий солиқ — 245 минг сўм;
  • автосуғурта — йилига 360 минг сўм.

Бунда давлат хизматларини кўрсатганлик учун йиғим ундирилмайди.

2021 йил 1 сентябрдан якка тартибдаги тадбиркор таксичилар фақатгина мамлакатдаги 20 га яқин агрегаторлар (MyTaxi, «Яндекс.Такси», Тaxi Millennium ва бошқалар) орқали ишлайди.

Агрегаторлик хизматини кўрсатувчиларидан Ўзбекистон солиқ резиденти мақомига эга бўлиши, мижозларни излаш бўйича махсус дастурларни Давлат солиқ қўмитасининг электрон ахборот базаси ҳамда Uztrans ягона интерактив ахборот тизимига интеграциялаш, ўз хизматларини фақатгина юридик шахсларга тегишли йўналишсиз таксиларга ёки якка тартибдаги ташувчи сифатида йўловчи ташишни амалга оширишга лицензия варақасига эга бўлган шахсларга кўрсатиши талаб этилади.

Агрегаторлар бу талабларга риоя қилмаса, Ўзбекистон ҳудудида уларнинг хизматидан интернет орқали фойдаланиш махсус ваколатли орган томонидан чеклаб қўйилади.

Юридик шахсларга тегишли йўналишсиз таксилар қатор енгилликларга эга бўлади:

  • йўловчиларни олиш ва тушириш мақсадида «Тўхташ тақиқланган» йўл белгиси амал қилиш ҳудудида, шу жумладан, аэропорт ва вокзалларга туташ ҳудудларда тўхташ;
  • маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тасарруфида бўлган аэропортлар, темир йўл вокзаллари, автовокзаллар, қурилиш моллари, деҳқон ва буюм бозорлари ҳамда савдо мажмуаларининг пуллик тўхташ жойларига йўловчиларни олиш ва тушириш учун бепул кириш;
  • йўналишли транспорт воситалари учун ажратилган махсус ҳаракатланиш йўлаги бўйлаб ҳаракатланишга рухсат этилади.

Йўловчи ташишда фойдаланилаётган автотранспорт воситаларининг ранги ва махсус серияли давлат рақами белгиси бўйича ўрнатилган амалдаги талаблар 2023 йил 1 январга қадар тўхтатиб турилади. Қолаверса, йўналишсиз таксилар учун таксометр, радиоалоқа воситаси ва назорат-касса машинасини ўрнатиш талаблари бекор қилинади.

Юридик шахсларга тегишли йўналишсиз такси ва якка тартибдаги ташувчилар учун қуйидаги талаблар жорий этилади:

  • автомобилнинг томига TAXI белгили тўқ сариқ рангли фонар ўрнатиш;
  • тўловни амалга ошириш, шунингдек, босиб ўтилган йўлни электрон тарзда қайд этиш имконини берувчи махсус иловаларга эга мосламалар (уяли алоқа воситалари, планшетлар) бўлиши;
  • транспортнинг приборлар панелида автомобиль транспортининг давлат рақами, якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтказилгани тўғрисидаги ҳужжат (ёки ушбу фаолият турини амалга ошириш учун лицензия/лицензия варақаси) ва ҳайдовчининг телефон рақами кўрсатилган маълумотлар табличкаси мавжуд бўлиши.

Шу билан бирга, юридик шахсларга қарашли йўналишсиз таксилар учун мазкур бандда назарда тутилган талабларга қўшимча равишда автомобиль транспортининг ён томонларига Транспорт вазирлиги томонидан тасдиқланган схема бўйича композицияни акс эттириш талаби белгиланмоқда.

Вазирлар Маҳкамасига уч ойлик муддатда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига «Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида"ги қонуннинг якка тартибдаги ташувчиларга нисбатан ҳам татбиқ этилишини назарда тутувчи қонун лойиҳасини киритиш вазифаси юклатилган.