Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






15 октябрь – Халқаро қишлоқ аёллари куни
15.10.2022 12:13,  
29

“Эртадан уйга печка ёқсаммикан ёки бугун қилайми шу ишни? Темири қалин бўлган чўян (бизда шунақаси йўқ) печка топишим керак. Болаларим ҳали ёш, тез шамоллаб қолади. Хўжайиним молга емиш олиб келиши керак эди. Қачон қўйларни подадан айириб келадилар-у қачон емишга чиқиб келар экан”.

Ҳа, бу ташвишлар қишлоқ аёлининг кундалик ўй-хаёлларидан бир шингил холос. Қишлоқда яшаш анча машаққатли эканлигини жуда яхши биламиз. У ерда яшаш учун мустаҳкам ирода, шукроналик ҳисси ва албатта, машаққатли меҳнат жуда зарур. Қишлоқда истиқомат қилаётган аёл “эрим менга қачон гул олиб келар экан”, дея бош қотирмайди. Бу ҳақида ўйлашга унинг вақти ҳам етарли эмас.

У тонгни хамир қориб, сигир соғиш билан кутиб олади. Тоғорадан тошиб келаётган хамир билан бирга тонг қуёши узоқдаги тоғлар бошидан кўтарилади. Энди аёл сутни ўчоқдаги қизиб турган қозонга қайнатиш учун солиб, тандирга ўт ёқа бошлайди. Оловда қизарган юзлари каби ширмой нонларни тандирдан узар экан, қозондаги сутни ҳам косаларга солиб, болаларига нонушта таёрлашга тутинади. Энди болаларни мактабга кузатиб, идиш-товоқларни челакдаги гуруч ювилган сувга чайиб олса бўлди. Нега гуруч сувига дейсизми? Чунки гуруч суви ёғни яхши кетказади, ювиндига бир-икки бўлак қотган нон солинса, ит учун ҳам мазали  овқат бўлади.

Қуёш ўзининг эринчоқ нурлари билан ялтираб турибди. Аёл қўлидаги маккажўхори сўталарини қавариб кетган бармоқлари билан ситиб, товуқларини чақиряпти: “тў-тў-тў”. Энди эса товуқхонанинг тор ва кичкина эшигидан эмаклаб кириб, тухумларни этагига солиб чиқиши керак. Ундан кейин ариқ сувидан челагига тўлатиб, ўчоқда иситишни ва кирларни ювишни режалаштиряпти. Ариқдаги сув ёмғирлар ва ҳар хил ёғингарчиликлар натижасида йиғилади. Маълумки, ёмғир сувида ишқор кўплиги сабабли яхши кўпиради. Аёл кимёвий моддаларни яхши тушунмасада, ариқ суви кирларни яхши кетказишини, қорайган қозонни куллаб ювиш кераклигини, қаттиқ ўтиндан кўра тезак тезроқ чўғ олиб ёнишини жуда яхши билади. Унинг кундалик ҳаёти мана шу ташвишлар билан боғлиқ бўлганидан кейин билмасликнинг иложи ҳам йўқ.

Аёл кир ювар экан, ўзини койийди: “Бугун пахтага ҳам чиқа олмадим, ҳалиям тушликка овқат илиб, борсам бўларкан. Ҳарна, сезон пайтида ишлаб, пул топиб олсам, рўзғорга пича фойдам тегар эди”.

Эй аёл, сен қачон ўзинг ҳақингда ўйлайсан? Қачон сен ҳам муқаддас ва нозик яратиқ эканлигингни ҳис этасан? Сенинг жовдираган кўзларингда яна ўша улгуролмаган юмушларингнинг ҳавотири, болаларингнинг ташвиши пайдо бўлади. Сени севмасликнинг имкони йўқ, эй қишлоқ аёли.

 

ҚИШЛОҚ АЁЛИ

 

У балки пардозсиз яшаб ўтажак,

Балки тақмай ўтар тилло тақинчоқ.

Далада ўт юлиб, заққум ютажак,

Тандир – суҳбатдоши, сирдоши – ўчоқ.

 

Қиммат емакхона кўрмаган ҳатто,

Рўмоли шойимас, кўйлаги одми.

Тирикликнинг оғир ташвиши аро

Бор-йўғи шул дея билар ҳаётни.

 

Иссиқ сув жўмракдан оқмас ҳеч қачон,

Қумғонга ўт ёқиб, қалайди тезак.

Унинг бардошини қотирган замон,

Умридан норизо бўлмаса керак.

 

Оилада меҳмон – етишмовчилик,

Фаровон эмасдир рўзғори баъзан.

Онамсан, опамсан, минг ишга черик,

Ором нималигин билмай яшайсан.

 

Ҳа, у кино кўрмас киносаройда,

“Истиқлол”га тушмас бир бора ҳатто.

Кесакка тўқанаб юрса, шу фойда,

Боласин устини бутламоқ авло.

 

Минбарда керилиб ҳайқирган шоввоз,

Қандай бекитасан кемтикларингни?

Виждонинг уйғониб, бермасми овоз,

Ҳақиқат сасидан энтикмадингми?

 

Юртни тўкис, дея мадҳ этган онинг,

Улар ўтов қилар бийдай далада.

Ёлғондан оғринмас наҳотки жонинг,

Елкадош бўлмайсан, бермайсан далда.

 

Ўзим-чи... шу заққум ҳаётдан қочиб

Юрибман шаҳарда олифтанамо.

Ичимни кемирар нимадир янчиб,

У нима... билмайман, билмайман аммо....

 

Хуршид АБДУРАШИД

 Мақола муаллифи: Гулҳаё АНОРОВА

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан