Хитой полицияси одам савдоси бўйича айбланиб озодликдан маҳрум этилган Сонг Жиангни 17 йил кейин дрон ёрдамида топишга муваффақ бўлди.
Ёнгшан шаҳри полицияси қочоқ маҳкум яширинган жой ҳақида маълумот келиб тушганини, шундан кейин ўрмонда қидирув бошланганини маълум қилди. Бироқ қуюқ ўрмонда қидирув ўтказиш қийинлашгач, дронлар ишга солинди.
Ўрмондаги бир ғорда одам яшаётганини аниқлаган полициячилар у ерда Сонг Жиангни қўлга туширди. Полициячиларнинг сўзларига кўра, анча вақтдан бери ювинмаган ва кийимларини ҳам ювмаган Жианг жароҳат кечирган ва мулоқот қилишга қийналяпти.
“Евроньюс”нинг хабар беришича, қочоқ маҳкум яна қамоқхонага жўнатилди.