Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






170 км бино ичидаги экошаҳарни ҳеч тасаввур қилганмисиз?
7.11.2022 12:21,  
92

Саудия Арабистонида қурилаётган The Line (Ушбу улкан иншоотнинг номи "Чизиқ" дея номланган) шаффоф кўзгули метрополиси замирида 2030 йилгача 380 минг иш ўрни яратилиши режалаштириляпти. 9 миллион аҳолини қамраб олиши мўлжалланаётган, қиймати қарийб 465,6 миллиард АҚШ долларига тенг лойиҳадаги футуристик шаҳар узунлиги 170 километр, кенглиги 200 метр ва баландлиги 500 метр бўлган шаффоф ойна жабҳасида жойлашади. Саудия Арабистонининг шимолий-ғарбий Табук вилоятида қуриладиган ақлли мегаполис Қизил денгиздан 170 километр ичкаригача чўл, тоғ ва водий ландшафтлари бўйлаб чўзилади.

Дунё бўйлаб инсониятнинг узоқ вақт мобайнидаги тартибсиз ҳаёти ва атроф-муҳитга эътиборсизлиги оқибатида ифлосланган ҳамда соғлом ҳаёт кечириш учун яроқсиз ҳолга келиб қолган шаҳарлар пайдо бўлди. Айни пайтда умумжаҳон тамаддунида инқилоб содир бўлмоқда. Атиги 34 квадрат километр майдонда бунёд этилаётган The Line мегашаҳри барқарор ривожланишнинг янги мезонларни амалга тадбиқ этмоқчи. У одамлар янада соғломроқ ва фаровон яшашлари учун лойиҳалаштирилмоқда. Лойиҳадаги шаҳар инфратузилмаси уч ўлчовли (3D) тартибидаги “гравитациясиз урбанизм” концепцияси асосида тузилган.

Аҳоли беш дақиқалик пиёда сайр қилиши давомида ўзининг барча кундалик эҳтиёжларига ечим топиши мумкин. Line инфратузилмаси 20 дақиқада шаҳарнинг охиригача саёҳат қилиш имконини беради. Энг муҳими автомобилларга эҳтиёж йўқ. Бу эса автомобиллар иштирокидаги бахтсиз ҳодисаларнинг мутлақо юз бермаслик кафолати билан бир қаторда, углерод чиқиндилари ҳажми нолга тенг экологик тоза шаҳар барпо этилишини билдиради. Сунъий интеллект технологияси асосида йўлга қўйилган хизматлар автоматик бўлиб, аҳолининг вақти ва кучини тежаши билан характерлидир. Лойиҳа дунёнинг етакчи архитекторлари томонидан ишлаб чиқилган.

Ақлли ечимлар самарадорлиги ва табиий шамоллатиш жараёни сабабли йил давомида мўътадил микроиқлим ҳосил қилинади. Унда энергия ва сув таъминоти 100 фоиз қайта тикланадиган манбалар ҳисобланади. Бундан ташқари, NEOM лойиҳаси аэропорт ва юк ташиш порти, саноат ҳудудлари, тадқиқот марказлари, спорт ва кўнгилочар масканлар ҳамда сайёҳлик йўналишларини ўз ичига олади. The Line кўплаб қулайликларга эга ноёб жамоа хўжалиги сифатида қад ростлаши кутиляпти. Унинг муҳим белгилари – атроф-муҳитга нисбатан адолатли муносабатда бўлиш ва тезкорликдир. Авваллари майса ҳам унмайдиган чўлу биёбонларда гавжум савдо марказларининг пайдо бўлиши инсоният ҳаётий фаолиятларининг гуллаб яшнашидан дарак беряпти.  

Шаҳар ҳаётининг инқилобий кўриниши The Line лойиҳаси 2025 йилгача тугалланиши керак эди. Мутахассислар ҳар бир резидент учун 55 минг АҚШ долларига тўғри келувчи, мураккаб вертикал транспорт тизимига эга ва анъанавий 125 қаватли осмонўпар бинога тенг тузилма кўпроқ вақт талаб қилиши мумкинлигини яширишмаяпти. “The Line – шубҳасиз дунёнинг янги мўъжизаси!” дея эътироф этилмоқда.


Муаллиф Санжар САИД,

 журналист, блогер ва жамоат фаоли.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан