2016 йилгача бутун матбуот давлат раҳбарининг кўнгли учун хизмат қилган – Комил Алламжонов

2016 йилгача бутун матбуот давлат раҳбарининг кўнгли учун хизмат қилган – Комил Алламжонов

Бугун, 28 сентябрь куни Масс-медиани ривожлантириш жамғармаси ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори билан биргаликда Халқаро ахборотдан эркин умумфойдаланиш куни муносабати билан онлайн конференция ташкил этди.

Конференцияда Масс-медиани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов сўзга чиқиб, матбуотни бундан тўрт йил олдин кома ҳолатида эди, дея қайд этди:

– Ўзбекистонда ахборотдан эркин фойдаланиш ҳолати яқин-яқингача ҳам ачинарли аҳволда бўлган. 2016 йилга қадар Ўзбекистон матбуоти кома ҳолатига тушиб қолган эди. Ўлиб ўлмаган, яшаб яшаб кетмаган. Телевидениеда фақат бачкана мақтовлар, газеталарда эса фақат «жаннатдан хабарлар» ёритилар эди. Бу кулгилидир ҳозир, лекин афсуски, ҳолат айнан шундай эди. Давлат аҳолига керакли маълумотни эмас, балки ўзи тўғри деб билган маълумотларни узатиш билан шуғулланган. Бутун матбуот фақат битта инсонга, у ҳам бўлса ўша пайтдаги давлат раҳбарининг кўнгли учун хизмат қилган. Одамлар ташвишларию, уларнинг муаммолари деярли ёритилмаган. Сканворд, кроссворд, мунажжимлар башорати ёки сариқ матбуотдан бошқа деярли барча газеталар мажбурий обуна ҳисобига кун кўрган. Журналистлар дардини фақат аноним шаклда, бирон ижтимоий тармоқда қолдиришдан бошқа иложи бўлмаган.

Энди нима ўзгарди, ҳозир аҳвол қандай?

Биринчидан, ўтган тўрт йил мобайнида матбуот сезиларли даражада эркинлашди, журналистлар мамлакатнинг реал ижтимоий-сиёсий ҳаётидан олинган воқеаларни бемалол ёритадиган бўлди. Ҳатто ҳукуматни танқид қилувчи материалларни фаолроқ чоп эта бошлади. Вилоятлардаги журналистлар ҳам анча фаоллашдилар. Улар инсон ҳуқуқларининг бузилиши, коррупция ва мансабдор шахсларнинг бепарволиги ҳақида, яъни илгари тақиқ остида бўлган мавзулар ҳақида кўпроқ, жасорат билан ёзишни бошлади. Мамлакат ўзининг таниқли блогерларига эга бўлди. Бундан ташқари, блогерларнинг расмий доиралар тарафидан эътироф этилиши шундай поғонага кўтарилдики, айрим блогерларнинг аҳоли манфаати учун берган таклифлари президент ва ҳукумат қарорларида акс эта бошлади. Улар кўтарган мавзулар ва муаммолар таъсир кучи ошганидан давлат идоралари зудлик билан унга муносабат билдира бошлади.

Иккинчидан, ҳукуматни танқид қилгани учун илгари тақиқ остида бўлган кўплаб хорижий сайтлар блокдан олинди.

Учинчидан, журналистларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш учун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, кейинчалик эса Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ташкил этилди.

Ошкора тарзда журналистларнинг тарафини оладиган ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган ташкилотлар ҳам ҳозирда айнан шулар.

Тўртинчидан, республиканинг барча вазирлик ва идораларининг ўлик матбуот хизматлари қайта тирилтирилди, улар мавқейи оширилди ва фаолияти тикланди.

Бу қандай натижа берди? Натижада жамиятнинг ўзи ҳам янада фаоллашди. Фейсбук ва телеграмда долзарб масалалар очиқ ва фаол муҳокама қилинадиган мунозара платформалари вужудга келди. Бошқача айтганда, Ўзбекистонда ҳам фаол фуқаролик жамият шакллана бошлади, жамоатчилик назорати кучайиб, сўз эркинлиги анча ривожланди.

Ўзбекистон қора рўйхатдан чиқди ва «Чегара билмас мухбирлар» матбуот эркинлиги индексидаги мавқейи яхшиланди: 2017 йилдан 2020 йилгача бўлган даврда 13-ўринга кўтарилди.

Лекин муаммо йўқми? Албатта бор, журналист ёки блогерда қўрқув йўқми? Албатта бу ҳам бор, акс ҳолда натижа бундан ҳам яхши бўлиши мумкин эди.

Маълум доирадаги шахсларнинг цензураси, журналистлар ва блогерларнинг ўз-ўзини цензура қилиши, давлат ходимларининг таҳдидлари ёки босими. Табиийки, бундай омиллар ҳалигача бор ва биз уларга қарши курашяпмиз. Таклифлар беряпмиз, ишлаяпмиз, бир сўз билан айтганда тинмаяпмиз.

Шу кунларда президент топшириғига биноан яна бир муҳим ҳужжат, яъни оммавий ахборот воситалари фаолиятига тўсқинлик қилиш ва журналистларга босим ўтказганлик учун жавобгарлик кучайтиришга қаратилган қонун чиқиши керак, – дея таъкидлади Комил Алламжонов.