2019-nCoV коронавируси қандай тарқаляпти?

2019-nCoV коронавируси қандай тарқаляпти?

© AFP

Нафас йўлларига зарар берадиган ва инсондан инсонга ўтиши мумкин бўлган Хитойдан тарқалаётган янги вирус аллақачон юзлаб кишиларга .. Янги вируснинг тарқалиш маркази Хитойнинг Хубэй провинциясидаги Ухан шаҳри бўлиб, у ерда 8,9 миллион киши истиқомат қилади.

2020 йил 22 январ, чоршанба куни Хитой минтақавий давлат телевиденияси маҳаллий ҳокимиятга таяниб тарқатган хабарда айтилишича, шу куни соат 12:00 га қадар Хубэй провинциясида ушбу вирус туфайли 17 киши ҳалок бўлган. 

Жамоат транспортининг тўхтатилиши

Чоршанба куни Хитой ҳукумати инфекция тарқалишининг олдини олиш учун Ухандаги жамоат транспорти фаолиятини вақтинча тўхтатишга қарор қилди.

Автобус, метро, паром ва йўлоовчиларни узоқ масофага ташиш билан шуғулланадиган транспорт турлари маҳаллий вақт билан 23 январ соат 10 дан бошлаб ишлашни тўхтатди. 

Шаҳар аҳолиси учун аэропорт ва темирйўл бекатлари ҳам ёпилди. 

Вирус илк бор аниқланган Ухан шаҳри 23 январ куни ташқи дунёдан узилди

 

Ухан – Пекин ёки Шанхайга солиштирганда анча кичик, аммо у бутун дунё билан транспорт ва иқтисодий алоқалар билан боғланган йирик шаҳар. Ухандан Лондон, Париж, Дубай ва бошқа кўплаб хорижий шаҳарларга тўғридан-тўғри ҳаво қатновлари мавжуд. 

Хитой ҳукумати мамлакат фуқароларига бир жойда гуруҳ бўлиб тўпланмаслик ва Уханга бормаслик, Уханда бўлганларга эса у ерни тарк этмасликни тавсия қилди. 

“Энг асосийси – Уханга борманг. У ерда бўлганларни эса шаҳардан чиқмасликка чақираман”, деган Хитой Соғлиқни сақлаш давлат қўмитаси раисининг ўринбосари Ли Бин. 

Вирус қаердан пайдо бўлди?

Ҳукуматнинг ҳисоблашича, денгиз маҳсулотлари, қушлар, илонлар, қуён ва бошқа жониворлар сотиладиган Ухан бозори янги вируснинг манбаи бўлган. Бу ерда аллақачон тирик қуш ва чорва молларини сотиш тақиқланди; шаҳарнинг йирик транспорт тармоқларида вентиляция тизимининг ишлаши кучайтирилди; Уханни тарк этаётганларга эса тана ҳароратини ўлчатиши шарт қилиб қўйилди. 

“Биз бу касалллик ёввойи ҳайвонларнинг ноқонуний савдоси билан шуғулланилган бозордан келганини биламиз. Эҳтимол, вируснинг ташувчиси бирон-бир ҳайвон бўлган, кейин у одамга ўтган”, деди Касалликларни назаорат қилиш ва олдини олиш маркази директори Гао Фу. 

Вирус манбаи Ухандаги Ҳуанан денгиз маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлари бозори деб тахмин қилиняпти 

 

Ҳозиргача вирус юқтирилган 630 та ҳолат аниқланган, касаллик аллақачон Хитойнинг бошқа провинцияларига ҳам тарқалган, шунингдек, АҚШ, Таиланд ва Жанубий Корея ҳудудларига ҳам кириб борган.

Мансабдорларнинг айтишича, 2019-nCoV деб аталган вирус асосан ҳаво-томчи йўли орқали ўтади. 

“Вируснинг одамдан одамга ўтиш йўлини аниқ билиш ҳали олдинда турган вазифа бўлса ҳам унинг мутацияга учраш (ривожланиб бориш) эҳтимоли бор. Шунингдек, келгусида эпидемияга айланиб кетиш хавфи ҳам бор”, деб қўшимча қилган Ли Бин.

2 000 дан ортиқ инсон вирус билан касалланган беморлар билан мулоқотда бўлган. Бундан ташқари, Уханда камида 15 нафар тиббиёт ходими беморлардан вирусни юқтириб олган. 

Юқумли касалликнинг тарқалиши

Ҳукумат вируснинг тарқалиш тезлиги ошишидан хавотирда. Чунки ой тақвимига биноан нишонланадиган янги йил байрами вақтида Хитой бўйлаб миллионлаб кишилар у ердан-бу ерга саёҳат қилади, минглаб хитойликлар хорижга чиқиб келади. 

Мутахассислар кўплаб зарарланиш ҳолатлари ҳалигача аниқланмай қоляпти, деган хавотирда. Лондон империал коллежи Юқумли касалликларнинг глобал тарқалишини таҳлил қилиш маркази ҳисоб-китобларига кўра вирусдан зарарланиш ҳолати 1 700 дан ошиши мумкин. 

Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти (ЖССТ) чоршанба куни дунёга янги эпидемия хавф солаётган бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди. 

Янги вирус ҳақида нималар маълум?

  • 2019-nCoV вируси – коронавируснинг бир тури, шу пайтгача унинг одамдан одамга ўтиш кузатилмаган эди
  • Коронавируслар – 38 турни ўз ичига олган вируслар оиласи, улардан фақат 6 таси (янгиси билан қўшиб ҳисоблаганда 7 таси) одам организмини зарарлантиради
  • Тадқиқотчиларнинг айтишича, вирус одамларга ҳайвонлардан ўтган, аммо одамдан одамга ўтиш қобилиятига ҳам эга
  • Ушбу вирус билан зарарланганлик аломатлари: юқори тана ҳарорати, йўтал, нафас олишнинг қийинлашиши
  • Одамларга ҳайвонларга яқинлашмаслик, қайнатилмаган ёхуд қовурилмаган гўшт ва тухум емаслик, шунингдек, шамоллаш ва грипп аломатлари бўлган беморлар билан алоқага киришмаслик маслаҳат берилади. 

Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти

Пайшанба куни Ухар халқаро аэропортининг маълумотлар экранида фақат битта асосий хабар берилди: "Парвоз бекор қилинди" 

 

Британиянинг хавотири

Британия ҳукумати 2019-nCoV вируси тарқалиб кетмаслиги учун Ухандан Лондоннинг Ҳитроу аэропортига келадиган учиб келадиган йўловчиларини кузатувдан ўтказишга ваъда берди.  

Англия Соғлиқни сақлаш бошқармаси (Public Health England) касалликнинг аҳоли учун таҳдидини “фавқулодда қуйи”дан “қуйи” даражасигача кўтарган.  

Ҳукуматдаги манбаларнинг айтишича, қуйидагича чоралар кўрилиши белгиланган:  

  • Ухандан келган ҳар бир парвоз йўловчиларини тиббий ходимлар кутиб олади
  • Парвоз вақтида, Лондонга етиб келишдан олдин самолёт экипажи йўловчиларга маълумотнома тарқатиб, ўзини бетоб ҳис қилганлар бу ҳақда хабар қилиши кераклигини уқтиради   
  • Ухандан келаётган самолётлар Ҳитроу аэропортининг алоҳида ажратилган тўртинчи ҳудудига қўнади. Чунки у ерда агар зарур бўлиб қолса, тиббий хизмат кўрсатиш осонроқ

Ухандан Ҳитроуга бир ҳафтада 3 та парвоз бор. 

Ҳунан минтақавий телеканалининг айрим бошловчилари ҳам тиббий ниқобда эфирга чиқди

 

Рақамлар

2020 йил 21 январ, сешанба куни Хитой ҳукумати ушбу вирус билан зарарланган олти кишининг ҳалок бўлганини билдирди. 

Сўнгги икки суткада Хитойда бу вирус яна 139 кишига юққан. Уларнинг аксарияти вирус пайдо бўлган Ухан шаҳридан. Пекинда икки киши, Ҳонгконг билан чегарадош Шенчженда эса бир киши касаллангани аниқланган. Декбар ойидан бошлаб бу коронавирус билан зарарланганлар сони 630 дан ошган.    

Жанубий Кореяда бир киши, Таиландда икки киши, Японияда бир киши вирусдан зарарлангани маълум. 

 

Вирус қандай тарқаляпти?

Янги вирус пайдо бўлгани ҳақида илк хабар чиққанидан уч ҳафта ўтмай туриб Хитойда иккита йирик шаҳар ташқи дунёдан узилиб қолди:   

  • 31 декабр: Хитой Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилотини Уханда пневмонияга (зотилжам) ўхшаш янги ҳолат пайдо бўлгани ҳақида огоҳлантирди
  • 1 январ: Вирус келиб чиққан манба деб тахмин қилинган Ухандаги денгиз маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар сотиладиган бозор ёпилди
  • 9 январ: Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти ушбу вирус коронавируснинг янги тури эканлигини айтди
  • 11 январ: Вирус туфайли биринчи ўлим ҳолати тасдиқланди
  • 13 январ: Вирус Хитойдан ташқарига тарқалди, Таиландда у билан зарарланган биринчи бемор аниқланди
  • 20 январ: Вирус Пекин, Шенчжен ва Шанхайга етиб борди; Хитой расмийлари унинг инсондан инсонга ўтиши мумкинлигини тасдиқлади
  • 21 январ: АҚШ расмийлари Шимолий Америкада 2019-nCoV вируси илк бор қайд этилганини, Уханга бориб қайтган эркак бу вирусдан зарарланганини маълум қилди
  • 22 январ: Вирусдан ҳалок бўлганлар сони 17 нафарга етди, 630 дан ортиқ зарарланиш ҳолатлари тасдиқланди
  • 23 январ: Атрофдаги ҳудудлар билан қўшиб ҳисоблаганда 11 миллионлик аҳолига эга Уханда маҳаллий вақт билан соат 10:00 да шаҳар ичида ҳам, унинг ташқарисида ҳам транспорт ҳаракати тўхтатилди. Орадан бир неча соат ўтиб Хитой ҳукумати унга энг яқин шаҳар бўлган Хуанганда ҳам ярим тундан бошлаб айни тартиб кучга киришини эълон қилди.     
Ухан шаҳри яқинида Янцзи (жигарранг) ва Ҳан (мовий ранг) дарёлари қўшилади

 

Ухан ҳақида нима биламиз?

Маълумотларга кўра, Ухан дунёнинг йирик шаҳарлари рўйхатида 42-, Хитой бўйича эса 7-ўринда туради

БМТнинг ҳисоб-китобларида Уханда 9 миллиондан сал камроқ одам яшаши айтилган. Шаҳар ҳокимияти эса 11 миллион аҳолиси борлигини айтади. 

Шаҳарнинг ўлчами ва унинг иқтисодий ривожланганлиги нега ушбу вирус бошқа Осиё давлатларида ҳам тез тарқалаётгани ва ҳатто АҚШгача етиб борганига изоҳдир. 

2016 йилда Ухандаги Тянхе халқаро аэропорти 20 миллиондан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатган. Ундан бери йўловчилар оқими янада кўпайган. Ухандан Лондон, Париж, Дубай ва дунёнинг бошқа кўплаб шаҳарларига бевосита ҳаво қатновлари бор. 

Ухан Янцзи дарёсининг қирғоғида жойлашган. Шаҳар ўзининг юқори технологик ва анъанавий саноатига эга. Уханда кўплаб саноат ҳудудлари ва  52 та олий ўқув юрти бор. Бу ўқув юртларида 700 мингдан ортиқ талаба таҳсил олади. 

Fortune Global рўйхатига кирувчи дунёнинг энг йирик 500 компаниясидан 230 таси Ухан маҳаллий саноатига сармоя киритган.