15 январь, чоршанба куни оммавий ахборот воситалари учун «ЎзРTХБда биржа савдолари ва электрон тижоратнинг ривожланиш натижалари ва истиқболлари» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. 

2019 йилда ЎзРTХБнинг барча савдо платформаларида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 2018 йилга нисбатан 35,6 фоизга ўсиб, 43,1 триллион сўмни ташкил этди. Бунда тузилган битимларнинг ҳажмини 87 фоиздан кўпи биржа савдоларига, қолган қисми эса электрон тижорат савдо тизимлари, шу жумладан, кўргазма-ярмарка савдолари, электрон давлат харидлари, авторақам ва мобиль рақам онлайн аукционларига тўғри келган.

Ўтган йилда биринчи навбатда биржа савдоларида сотилаётган товарларнинг сони ва ҳажмининг кўпайиши эвазига тадбиркорлар томонидан юқори ликвидли ва монопол маҳсулотларидан эркин фойдаланиши имкониятлари янада кенгайтирилди. Натижада кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иштирокида тузилган шартномаларнинг ҳажми 2018 йилга нисбатан 31 фоизга ўсиб, деярли 21,0 триллион сўмни ташкил этди. Шу жумладан, тадбиркорлар биржа орқали 13,4 триллион сўмлик товар ресурсларини харид қилган ва 7,5 триллион сўмга тенг ўзлари ишлаб чиқарган товарларни сотган.

Ижобий ўзгаришлар биржанинг экспорт йўналишида ҳам қайд этилган. Хусусан, ўтган йилда биржа орқали экспортга сотилган товарларнинг умумий қиймати 130,8 миллион АҚШ долларини ташкил этди ва ушбу кўрсаткич 2018 йилга нисбатан 5,7 фоизга кўпдир. 2020 йилнинг 1 январидан юқори ликвидли ва монопол маҳсулотларнинг бир қисми фақат биржа савдолари орқали экспорт қилиниши мазкур кўрсаткичларни янада кўтарилишига хизмат қилади.

Товар-хомашё биржаси бош маклери Жасур Юнусов томонидан маълумот берилишича, 2019 йилда биржа савдоларида пахта толаси, цемент, ун, политэлен, ўсимлик ёғи, суюлтирилган газ энг харидоргир бўлган.