2019 йилда Ўзбекистон нечта давлат билан савдо қилди?

2019 йилда Ўзбекистон нечта давлат билан савдо қилди?

Фото: yandex.com

Аввал хабар қилганимиздек, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Ўзбекистон ташқи савдо фаолиятининг 2019 йил якунларини эълон қилди. Унга кўра, 2019 йил якунида Ўзбекистон Республикаси ташқи савдо айланмаси 42,2 млрд долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8,3 млрд долларга ўсди (ўсиш суръати – 26,2%).

МАВЗУГА ДОИР: Ўзбекистон 2019 йилда энг кўп нималарни экспорт қилди?

Маҳаллий товарлар ва хизматларнинг хорижий мамлакатларга экспорти 2018 йилга нисбатан 3,9 млрд долларга ёки 15%га ўсди ва 17,9 млрд долларни ташкил этди.

Республика импорт кўрсаткичи ҳисобот даврида 4,8 млрд долларга ўсиб, 24,3 млрд долларга етди, бу эса 2018 йилга нисбатан 25 %га кўпдир.

Ўзбекистон Республикасининг ташқи савдо ҳамкорлари сони ҳисобот даврида 178 тани ташкил этди.

МАВЗУГА ДОИР: 2019 йилда Ўзбекистон импорти 25 фоизга ўсди. Нималар сотиб олдик?

Айни пайтда Хитой (7,6 млрд доллар ёки 18,1%), Россия (6,6 млрд доллар ёки 15,7%), Қозоғистон (3,3 млрд доллар ёки 8%), Корея Республикаси (2,7 млрд доллар ёки 6,5%), Туркия (2,5 млрд доллар ёки 6%), Германия (980 млн доллар ёки 2,3%), Қирғизистон (829 млн доллар ёки 2%), Афғонистон (618 млн доллар ёки 1,5%) ва АҚШ (596 млн доллар ёки 1.4%) товар айланмаси бўйича етакчилар ҳисобланадилар.

2019 йил январ-декабр ойларида МДҲ мамлакатлари билан савдо ҳажми 12,2 млрд долларни ташкил этиб, бу ўтган йилга нисбатан 20%га кўпроқдир. Шу нуқтаи назардан Россия (МДҲ мамлакатлари билан умумий савдонинг 54%), Қозоғистон (27%), Қирғизистон (6,7%), Туркманистон (4,4%) асосий савдо шериклар ҳисобланади.

Шунингдек, қўшни давлатлар билан ташқи савдо ҳажми сезиларли даражада ўсиб, 5,8 млрд долларни ташкил этди (2018 йилга нисбатан 25%га ўсди), бунда экспорт қарийб 3,2 млрд долларни ва импорт 2,6 млрд долларни ташкил этди.

Ташқи иқтисодий фаолият бўйича 20та йирик ҳамкор давлатлар орасида 5та мамлакат — Қирғизистон, Афғонистон, Тожикистон, Эрон ва Франция билан ташқи савдо айланмасининг ижобий сальдоси кузатилмоқда.