2021 йилнинг 9 ойи давомида 7 нафар спортчида допинг аниқланди

2021 йилнинг 9 ойи давомида 7 нафар спортчида допинг аниқланди

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Миллий антидопинг агентлиги ахборот хизмати раҳбари Ҳумоюн Омонов маълум қилди.

Қайд этилишича, агентлик томонидан ўтган 9 ой давомида барча спорт турлари бўйича ўзбекистонлик спортчилардан 312 та допинг-синамалар олинди ва 4 та спортчи тақиқланган модда истеъмол қилганлиги аниқланди.

Бундан ташқари, 3та халқаро мусобақаларда ҳам допинг-синамаларни олиш Агентликка ишониб топширилди. Бунда 41 та спортчиларда текширувдан ўтказилиб, уларнинг  3 нафари тақиқланган модда истеъмол қилганлиги маълум бўлди.

Токио-2020 ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинлари давомида барча спортчилар қатори ўзбекистонлик спортчилардан ҳам допинг-синамалар олинди.

Ўзбекистонлик олимпия спотчиларидан жами 16 та допинг-синама олиниб, улардан 11 таси мусобақадан олдин ва 5 таси мусобақа даврига, яъни бевосита мусобақалар финалидан кейинга тўғри келди. 

Паралимпия спортчиларимиздан эса жами 39 та допинг-синама олинди, улардан 21 таси мусобақадан олдин ва 18 таси мусобақа даврига, яъни мусобақалар финалидан кейинга тўғри келди. Мусобақадан олдин олинган тезкор допинг-синамаларнинг барчасида тақиқланган моддалар аниқланмаганлиги боис спортчиларимиз баҳсларда иштирок этишди. 

Мусобақа совринли ўринларга сазовор бўлган жаҳон ҳамда олимпия ва паралимпия рекордларини ўрнатган спортчиларимиз допинг-текширувидан ўтишди. Одатда улар тезкор таҳлил қилинмаслиги боис натижалар белгиланган муддатларда эълон қилинади.